Спорт | 12:42 / 24.01.2019
20470
2 дақиқада ўқилади

Нурмагомедов Макгрегор билан жангда нималарни ҳис қилгани ҳақида гапирди

Фото: Getty Images

UFC’нинг енгил вазндаги россиялик чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ирландиялик спортчи Конор Макгрегор билан жангда нималарни ҳис қилгани ҳақида гапириб берди.

Нурмагомедов рақибини бўғиш услуби билан мағлубиятга учратди. Жанг олдидан спортчилар бир неча бор можарога бориб, бир-бирларини ҳақорат қилишди. Жангдан сўнг россиялик октагондан ташқарида муштлашув келтириб чиқарди.

«Унинг юзига ҳар гал урганимда хурсанд бўлдим. Сен ҳақингда кўплаб номақбул гапларни айтган одамни дўппослаш ёқимли. Мен ҳар бир зарбадан завқландим. Мен унга: «Кел, гаплашиб оламиз», дедим. У эса иккинчи ёки учинчи раунддан кейин шундай деди: «Бу шунчаки бизнес». У мени тинчлантиришга ҳаракат қилди. «Бу спарринг эмас - биз давом этамиз», - дея жавоб қайтардим мен. Эҳтимол, у менинг инглизча гапирганимни тушунмади.

Жангдан кейин назоратни бироз йўқотиб қўйдим. Жангдан олдин отам менга шундай деганди: «Тинчлан, уни эшитма. Фақат ўз ишингни қил». Отам жангдан кейин мени хатти-ҳаракатларим учун жазолашни истаганида, унга шундай дедим: «Биз жангдан кейин нима қилишим кераклиги ҳақида гаплашмадик. Биз фақат жанг пайтидаги ҳолат ҳақида сўзлашдик. Нима юз бергани эса ҳаммага маълум», - деди Нурмагомедов 15 MOF’га.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макгрегор Нурмагомедов билан Россияда жанг ўтказишга тайёрлигини эълон қилганди.

Мавзуга оид