Ўзбекистон | 22:34 / 27.01.2019
104173
3 дақиқада ўқилади

Онлайн аукционда 01 571 SAV авторақами сотилмаган — ЎзРТХБ

2019 йилнинг 25 январида турли ижтимой тармоқлар ва интернет ресурсларида 01 571 SAV авторақами 220,4 млн сўмга «Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси» АЖнинг онлайн аукциони — avtoraqam.uzex.uz’да сотилганлиги тўғрисида хабар тарқатилган эди.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2017 й. 683-сонли «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 01 571 SAV авторақами оширилган тўлов ставкалари бўйича бериладиган I, IA, III, IIIA типидаги автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг (РЎДРБ) рўйхатига киритилмаганлиги сабабли тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга зид», деб хабар бермоқда «ЎзРТХБ» АЖ матбуот хизмати.

«Шу билан бирга, юқоридаги қарорга кўра жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича берилиши мумкин. Бунинг учун транспорт воситаларининг эгалари доимий прописка қилинган жойидаги ҳудудий ДЙҲХ органларига ариза билан мурожаат қилишлари керак», — дейилади биржа матбуот хизмати хабарида.

«Харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш ставкалари энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида белгиланган.

«ЎзРТХБ» АЖ ОАВ вакиллари ва блогерларни тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўрайди», дейилади хабар сўнгида.

Ижтимоий тармоқларда ушбу авторақамга оид шов-шув кўтарилишига ундаги 571 рақамлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг милодий йил ҳисобида туғилган йилини билдириши, SAV эса «саллоллоҳу алайҳи васаллам» сўзларининг қисқартмаси сифатида талқин қилиниши сабаб бўлди.

Илгарироқ, «ЎзРТХБ» АЖ онлайн аукционида «чиройли» авторақамларнинг сотилиши бюджетга 121,7 млрд сўм даромад келтиргани хабар қилинган эди.

Умуман, онлайн аукцион фаолият кўрсатаётгандан буён энг қиммат сотилган авторақам Самарқанд вилоятига тегишли бўлиб турибди. 30 777 ААА авторақами 301 миллион 654 минг 338 сўмга сотилган эди.​

Мавзуга оид