Жамият | 09:30 / 27.01.2019
32006
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда эскича фикрлаш нима дегани? — Экспертлар фикри

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида ҳанузгача кўплаб амалдорлар эскича фикрлаётгани ва Ўзбекистонда муаяйн ислоҳотлар амалга оширилишини исташмаслиги ҳақида кўп таъкидлаб ўтган.

«Ислоҳотлар албатта эскича яшаш, эскича ишлашга ўрганиб қолган айрим мансабдорларга ёқмайди. Буниям очиқ айтишимиз керак. Чунки ўзгариш, янгиланиш уларнинг тинчи ва оромини, ҳузур-ҳаловатини бузади. Лекин ҳаёт давом этар экан, ҳаёт талаби бўлган ислоҳотлар ҳам изчил давом этиши муқаррар. Бу ҳақиқатни ва талабни барча даражадаги раҳбарлар чуқур англаб олишлари зарур», — деган эди президент 2018 йилнинг 7 декабрида.

Умуман олганда, президент ҳақ. Эътибор беринг, атрофда шов-шув кўп, лекин ўзгаришлар кам. Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган экспертлар ва мутахассисларга мурожаат қилдик.

Улар «эскича фикрлаш» борасидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Сайёра Хўжаева, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Маслаҳат Кенгаши аъзоси:

— Фожиа шундаки, амалдорларга эскича, яъни ўзгаришларсиз ишлаш жуда қулай. Ахир ўзгариш ва илиқлашув — бу ортодоксларни (мустаҳкам эътиқодлилар – таҳр.) чўчитувчи янгилик. Бундай ҳолат ёш танламайди, у катта ёшдаги авлод учун ҳам, ёш авлоднинг айрим қисми учун бир хил таъсир кучига эга.

Ахир ҳар қандай янгилик — мавҳум нарса ва у чўчитади.

Фақатгина юрагида ўти бор ва ўз ватанини севувчиларгина ҳар қандай сюрпризлардан чўчимасдан жангга киришишга, олдинга интилишга қодир. Мазкур сатрлар муаллифи ҳам ана шундайлардан бири. Бундайлар деразаларни очиб, ичкарига тоза ҳаво киритиб, ўз уйини тозалайдиган инсон сингаридир.

Президент атрофидагилардан айримлар унга панд бериб қўяётгани жуда таассуфли... Улар президентга панд бера туриб, ажойиб мамлакатимизга нисбатан салбий муносабат шакллантиришаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Ахир президент — бу ватаннинг юзи. Инглизларда қиролни мулозимлар шакллантиради, деган гап бор. Давлат раҳбари ёнидаги мулозимларга Худо инсоф беришини сўрайман.

Юлий Юсупов, Иқтисодий юксалишга кўмаклашиш маркази директори:

Мен эскича фикрлаш деганда қуйидагиларни тушунаман:

·       очиқ-ойдин кўриниб турган муаммоларни кўрмаслик, «лекин бош узра осмонимиз мусаффо-ку?» каби уйлаб топилган важ-корсонлар билан улардан қочиш;

·       сабаб-оқибат боғлиқлигини илғай олмаслик, сабабларга эмас, намоён бўлиш шаклларига қарши курашиш;

·       ўзгаришлардан чўчиш, «бошга битган бало бўлмаса эди» қабилида мушоҳада юритиш;

·       «Ярамас Ғарб нега энди бизга бирор фойдали нарса таклиф этар экан, ахир улар мудом бизни хароб қилишни ўйлашади-ку?», «Эркинлик берсак, бу эркинликдан фақат бойваччалар ва империалистлар, халқ душманлари фойдаланишади — ҳамма нарсани сотиб олишади, талон-торож қилишади, хусусийлаштиришади. Яхшиси ҳеч нарса қилмаган маъқул…», «Чегараларни очсак, бу ярамас империалистлар келиб ҳамма нарсани сотиб олишади ва барча бойликларимизни олиб кетишади. Хорижлик баронларнинг қўлида хизматчи бўлгунча, яхшиси фақирона ҳаёт кечирган афзал», каби турли пропагандалар томонидан сингдирилган қўрқинчли стереотиплар орқали фикрлар ва яшаш;

·       инфантилизм, яъни «мени ўша бахтли келажакка олиб боринглар, лекин мен ҳеч нарса қилмасдан ўша бахтни дарҳол ва тўлиқ қўлга киритай. Ўшанда ҳам мен нақадар бахтли инсон бўлганимни танқидий нуқтаи назардан баҳолаб кўраман», каби фикрлаш.

Азиза Умарова, Smartgov Consulting ижрочи директори:

— Ҳа, шубҳасиз, ижобий силжишлар бор. Янги форматдаги инсонлар ҳам пайдо бўлди. Лекин тилга олиб ўтилган эскича фикрлаш турли инсонларда турлича дозаларда ҳамон мавжудлиги билан боғлиқ мураккабликлар ҳам бор.

Назаримда, эскича фикрлашда учта шартли белги бўлади.

Биринчиси — имитация, яъни жамиятдаги туб муаммоларни тан олишдан бош тортиш, бунинг ўрнига юзаки сабаблар ва унинг оқибатларига диққатни жамлаш. Яъни, вақт кардинал чоралар кўриш ва фундаментал ўзгаришларни талаб этиб турган бир пайтда, инсон шунчаки буқаламун каби вазиятга мослашиб, имитация жараёнларини давом эттириши ва мавжуд ҳолатни (статус-кво) янада мустаҳкамлашга уринишидир. «Ўзгартирмасдан ўзгартириш?». Менимча, бу шундай номланса керак. Энг камбағал ва ночор қатламга қаранг — ёлғиз қариялар, етимлар, ногиронлиги бор инсонлар — уларнинг ҳаётида кўп нарса ўзгаргани йўқ. Эски раҳбарият даврида ижтимоий ҳимояга пул йўқ дейишарди. Ҳозирги риторика ҳам шунақа янграмоқда. Давлат бюджети тақсимланиши — бошқарув парадигмаси учун яхши лакмус қоғози.

Иккинчиси — ўзи, оиласи ва мамлакат учун режалаштиришнинг узоқ горизонтига эга бўлмаган муваққат амалдорларнинг менталитетидир. Булгаковга кўра, «вайроналик ҳожатхоналарда эмас, каллаларда». Муваққат амалдорларнинг ўзини тутиш модели жамият учун бирор нарсани кўпайтириш эмас, имкон қадар кўпроқ юлиб қолишга диққат қаратган. Бутун бир мамлакат тақдирлари категориялар уcтида кенгроқ ўйлаш фурсати келмадими? Ўн йиллар учун. Кейинги авлодлар учун. 2040 йилда қаерда бўламиз? 2050 йилда-чи? Мамлакатимизни қандай тасаввур этамиз? Бутун Марказий Осиё минтақасини-чи? Бу — ҳар куни ўзимизга беришимиз лозим бўлган визионерлик саволларининг даражаси. «Шу ерда ва ҳозироқ» деб, фурсатни пойлаб катта моянани қўлга киритиб, хорижда ҳашаматли кўчмас мулк харид қилиб, фарзандларни ўша ёққа жўнатиб юбориб, ўзи ҳам пенсия ёшига етгач секин чиқиб кетиш, каби ўйламаслик керак.

Учинчи белги — жамият манфаатини тор доира манфаатидан юқори қўйишга тайёр эмаслик. Шунчаки, президент минбарлардан туриб тилга олаётган ишларни бажариш. Элита эзгу мақсадлар атрофида бирлаша олмаслиги. Ҳолбуки, бу ҳолда жамият манфаатлари жуда конкретлашган. Бу шаҳар ва қишлоқлардаги уйларда ёруғлик ва иссиқлик; ёруғ ва иссиқ мактаб синфида сифатли таълимга эга бўлиш; ҳар қадамда масалаларни таниш-билиш ёки пора эвазига ҳал қилиш заруриятидан халос бўлиш; бу давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш; бу қонуннинг шубҳасиз устуворлиги. Оддий фуқароларнинг ҳаётидаги ҳар қандай ўзгаришлар коррупцияга ҳамда структуравий ислоҳотларни турли даражада жимгина, бироқ сабот билан саботаж қилаётганларга қарши изчил чоралар кўришни тақозо этади.

Мен барчага бундай эскича фикрлашдан онгли равишда чекинишини тилайман. Шу йўл билан биз эски яраларни тезроқ даволаб, халқ, миллат, давлат сифатида фаол ривожланиш фазасига ўтамиз.

Расул Кушербаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Эскича фикрловчи инсонлар барчасини шунчаки хўжакўрсинга бажаришади. 2017 йилнинг 12 июлида Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида шундай деган эди: «мумкинми» деган сўзни унутинг, шаблонларни тарк этинг». Таассуфки, кўпчиликда ҳанузгача ҳадик бор: агар мен бу ишни қилсам ёки анави нарсани гапирсам, раҳбарим нима деркан? Айнан шунинг учун айрим жойларда ҳанузгача мансабдорларнинг зўравонлиги ва таҳқирловчи феъл-атвори сақланиб қолмоқда. Бу демократик келажак сари одимлаётган Ўзбекистон учун хос бўлмаслиги керак. Президент эскича фикрлаш ҳақида гапирганида бу феодалларча бошқарув ва фикрлашдан воз кечиш кераклиги тушунилган эди. Инсонлар демократик жамият фуқаролари сифатида фикрлашлари керак.

Нигора Оқилова, Nestle Uzbekistan компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар ва корпоратив коммуникациялар бўйича менежери:

— Эскича фикрлаш — дунёнинг қолган қисми билан биргаликда ўзгаришларга тайёр эмаслик, дегани. Мамлакатнинг фақатгина қолоқликка сабаб бўлувчи ёпиқлигини сақлашга уриниш. Бу қўрқиш, эриниш, ўзига ишонмаслик. Ўз устида ишлаш хоҳиши йўқлиги, масъулиятни гарданига олишни, биргаликда ривожланишни истамаслик.

Умид Ғафуров, блогер:

— Ҳозирги замон реалликларини англамаслик. Янгилик ва ўзгаришлардан қўрқиш.

Гулсара Шарипова, маркетолог:

— Эскича фикрлаш — аллақачон амалда бўлмаган регламент бўйича ишлаш. У гўёки жанг аллақачон тугаб бўлган бўлса-да, жанг майдонида қолиб кетган аскарга ўхшайди.

Давлат хизматчиси (исми ва иш жойини эълон қилмасликни сўради):

— Муаммони кўриш, лекин унга эътибор бермаслик. Давлат идораларида соат тунги 12гача қоладиган инсонлар ишлашади, деб ўйлайсизми? Йўқ. Шовқин кўп, самара кам. Бинобарин, бу инсонлар ҳам эскича фикрлашади.

Молиячи (у ҳам исми ва иш жойини эълон қилмасликни сўради):

— Қонунлар ва бир талай ҳужжатлар қабул қилиш. Ҳаммаси қоғозда, ҳаётда эса ҳеч нарса ўзгармайди. Бу текширувлар, солиқчилар, ҳокимликлар безор қилиб бўлишди. Уни қил, буни қил. Текширишади, қўнғироқ қилишади. Қандай бўлса, шундайлигича қолган. Эҳтимол, «юқори» ўзгаргандир, лекин вилоят ва туманларда эски амалдорларнинг барчаси ўз ўрнида. Эскича ишлашда давом этишмоқда.

Биз давлатнинг бошқа хизматчилари фикри билан ҳам танишмоқчи эдик, лекин улар раҳбариятдан рухсат сўраши кераклиги, иш жойларида ортиқча муаммога дучор бўлишни хоҳлашмаётганини айтишди. Гарчи биз уларнинг шахсий фикрини сўрасак-да, айримлари ҳатто ҳар қандай шарҳ бериш уларга тақиқланганини билдиришди. Тасаввур қилинг, одамлар нимадир дейишга ҳам қўрқишмоқда.

Вазият мана шундай. Ўз навбатида, Kun.uz ўз фикрини билдиришдан чўчимаган барча эксперт ва мутахассисларга миннатдорчилигини билдириб қолади.

Улуғбек Акбаров тайёрлади

Мавзуга оид