Light | 13:46 / 28.01.2019
15913
7 дақиқада ўқилади

Ишда бахтли бўлишнинг 15 та синалган усули

Кўпроқ табассум қилинг, дўст топинг ва ҳордиқ ҳақида унутманг.

Фото: Лайфхакер

1. Бажараётган ишингизнинг моҳиятини тушунинг

1983 йилда Стив Жобс Apple’нинг бўлажак бош директори Жон Скаллини ўзининг PepsiCo компаниясидаги ишини ташлашга ишонтириш учун бор-йўғи битта савол берди: «Ҳаётингизнинг қолган қисмини лимонад сотиш билан ўтказишни истайсизми ёки ҳаётни ўзгартиришни хоҳлайсизми?». Нима учун бу савол шу қадар самарали? У тасаввурни уйғотган ва кишига аҳамиятли иш билан шуғулланиш умидини берган.

Уортон бизнес мактаби профессори Адам Грант қуйидаги фикрда: бажараётган ишлари нафақат ўзлари, балки бошқалар учун ҳам аҳамиятли эканини биладиган ходимлар ўзларини анча бахтли ҳис этишади ва унумли ишлайдилар.

2. Офис уясини яратинг

Кўпчилик ҳафтасига 40 соатдан кўпроқ вақтни ишхонада ўтказишади. Шундай экан, ўз иш жойингизни қулай, шинам ва ёқимли тарзда ташкил қилинг. Албатта, хонада кўнглингизга маъқул бўлган плакатларни осиш ва деворни бошқа рангга бўяй олмасангиз керак. Бироқ ёқимли майда-буюмлар билан тўлдириш мумкин.

3. Ишхонада дўст топинг

Раҳбарлар истеъдодли ва масъулиятли ходимларни нафақат ишга олишлари керак, шу билан бирга ташкилотдаги яхши микроиқлимни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратишлари керак. Одамларда бир-бири билан мулоқот қилиш имконияти мавжуд бўлиши лозим.

Ишхонада дўстларга эга ходимлар фаолиятларини қизиқарли, фойдали ва ёқимли вақт ўтказиш сифатида қабул қилишади. Бундан ташқари, ҳамкасблари томонидан қўллаб-қувватлашни ҳис этишади, бу эса ўз навбатида ташкилотга бўлган содиқликни ҳам оширади.

4. Табассум қилинг

Табассумдан ҳам оддийроқ нарса борми? Кайфиятни ундан бошқа яна нима тезда кўтара олади? Табассум қилинг! Айтганча, унутманг, табассум юқумли. Тез орада нафақат сиз, балки ҳамкасбларингиз ҳам табассум қилиш эҳтимоли жуда катта.

5. Шахсий муаммоларни уйда қолдиринг

Зўриқиш кучларни «еб битиради». Бу ҳаётингизнинг барча соҳалари, айниқса касбий фаолиятга салбий таъсир кўрсатади. Ҳар дақиқада соатга қараб кун ҳеч қачон тугамайди деган фикрга келасиз. Доимий равишда чалғийсиз ва охир-оқибат ҳеч қандай фойдали иш қилмайсиз.

Иш вақтида шахсий муаммоларингиз ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилинг. Ана ўшанда фақат ғолиб бўласиз: ўзингизни оғир фикрлар билан азоблаб, ҳеч нарсага эришмайсиз.

6. Келажакка қараб интилинг

Бизнес бўйича китоблар муаллифи, стратегик маркетинг бўйича мутахассис Жеффри Жеймснинг фикрича, ишимиз келажакда натижа беришини билсак, қарорларни ўйлаб қабул қиламиз ва яхши натижаларга эришамиз. Яъни узоқ муддатли режа ва мақсадларимиз доим бўлиши керак.

Фото: Лайфхакер

7. Раҳмат айтинг

Турли тадқиқот натижалари бизга миннатдорчилик билдиришганида ўз-ўзимизга берадиган баҳомиз кўтарилиши, ўзимизни мамнун ҳис этишимизни исботлаган. Бу эса ўз навбатида бошқа ижобий ҳисларни олиб келади.

Агар бирор компания ёки муайян инсоннинг буюртмасини муваффақиятли бажарган бўлсангиз, ундан миннатдорчилик хати ёзиб беришини сўранг.

8. Танаффус қилинг

Ҳар куни олдингизда кўплаб ҳал этилиши керак бўлган вазифалар туради. Ишга киришиб кетиб, ҳордиқ ҳақида унутиш ҳайратланарли ҳолат эмас.

Ўзингиз учун қисқа дам олиш танаффусларини  ташкил қилинг. Ҳеч бўлмаганда бир неча дақиқа хотиржам ўтиринг, енгил нафас олинг ва кейинги вазифага киришинг.

«Ишдаги ҳақиқий бахт» китобининг муаллифи Шерон Зальцберг қуйидаги фикрни айтади:

Ишдаги вазифаларни танаффуссиз амалга оширганда ўзимизнинг барча касбий маҳоратимизни намойиш этиш, масалани ҳал этишга ижодий ва ҳазил билан ёндашиш анча қийин кечади.

Шерон Зальцберг, китоблар муаллифи

Агар танаффуслар ташкил этмасак, бошқаларга нисбатан жаҳлдор бўлиб қоламиз ёки бизга нисбатан танқидларни тўғри қабул қила олмаймиз. Шундай экан, кичик ҳордиқ – ишдаги зўриқишни камайтириш усулларидан бири.

9. Тўғри овқатланинг ва етарли миқдорда сув ичинг

Йўқ, келаси сафар тушликдаги танаффусда ширинликлар билан овқатланиш керак эмас. Фойдали ва тўйимли таомларни истеъмол қилинг. Етарли миқдорда сув ичишни унутманг. Агар тўқ бўлсак ва чанқоқни ҳис этмасак – қувватимиз етарли, ўз ишларимизни самарали бажаришга қодир бўламиз.

10. Иш столингизда тартибни сақланг

Атрофдаги тартибсизлик фикрлардаги тартибсизликка ҳам ҳисса қўшади. Шусиз ҳам ишда асабийлашасиз, шунинг учун уни чуқурлаштирмаган маъқул. Ана шунда эътибор билан ишлай оласиз.

11. Кўп вазифалилик режимига «йўқ» денг

Кўп вазифалилик – самарали эмас. Стэнфорд университети психология профессори Клиффорд Насс бундай режим кўпроқ вақт олишини таъкидламоқда. Диққатни жамлаш ва бор ижодий салоҳиятимизни намойиш этиш мураккаб кечади.

Бир вақтнинг ўзида бир неча ишни бажариш билан мақтаниш ўрнига яхшиси битта вазифага диққатни жамланг ва уни сифатли бажаринг. Кун учун ишлар рўйхатини тузинг, устуворликларни белгиланг ва «иккита қуённинг ортидан югурманг».

12. Одамларни борича қабул қилинг

Бошқаларнинг характерини ўзгартира олмаймиз. Мулойим бўлиш ва майда-чуйда нарсаларга асабийлашмасликка ҳаракат қилинг. Ҳамкасблар билан яхши муносабатларни қўллаб-қувватланг.

Айбдор бўлсангиз, уни бошқага ағдаришга ҳаракат қилманг. Агар кимдир жиғингизга тегса, тинчланиш, 10 гача санаш ва ана шундан кейингина ўша одамга бирор нарса айтишга ҳаракат қилинг.

Фото: Лайфхакер

13. Фақат ўтириш ҳолатидаги иш кунларидан халос бўлинг

Саккиз соатлик иш кунини худди стулга ёпишиб қолгандек ўтказманг. Зинадан пастга тепага чиқиб тушинг ёки офис атрофида бир неча марта айланиб чиқинг. Ҳатто 10 дақиқалик жисмоний машғулотларни бажаришингиз ва унга ҳамкасбларни ҳам таклиф қилишингиз мумкин.

Компьютер монитори олдида ўтказилган иш кунлари саломатлик билан боғлиқ муаммоларни кафолатлайди: ортиқча вазн, кўриш қобилиятининг ёмонлашуви, юрак касалликлари.

14. Ўзингизни рағбатлантиринг

Муҳим бандни муваффақиятли якунлаган ёки аъло натижаларга эришган бўлсангиз, ўзингизни рағбатлантиринг. Ресторанда овқатланинг, анчадан бери орзу қилган янги гаджетингиз ёки севимли ширинлигингизни харид қилинг.

15. Мақсад ва муваффақиятларингиз ҳақида фикр юритинг

Нима учун қатъият билан ишлайсиз, қайси мақсад сизни олға бошлайди? Бу саволга жавоб беринг ва уни сақланг. Ишдаги муваффақият ва ютуқларингизни ҳам ёзиб боришга ҳаракат қилинг.

Мураккаб лойиҳа билан ишлашда туртки зарур бўлганида ўз қайдларингизга мурожаат қилинг. Улар нима учун енгилмаслик кераклигини ёдингизга солади.

Мавзуга оид