Жаҳон | 16:24 / 05.02.2019
43402
6 дақиқада ўқилади

XXI асрда пайдо бўлган давлатлар

Урушларга якун ясалиб, дипломатия ишга тушиши кутилган йигирма биринчи асрга келиб ҳам давлатлар ва миллатлар орасида ҳудудий зиддиятлар давом этмоқда ҳамда янги-янги давлатлар пайдо бўлиши ҳамон кузатилмоқда. Гарчи, уларнинг кўпчилиги БМТ ва етакчи давлатлар томонидан тан олинмаган бўлса-да, тан олиниб, давлатлар рўйхатига янги қўшилганлари ҳам талайгина.

Шарқий Тимор (2002)

Португалиянинг собиқ колонияси бўлган Шарқий Тимор (расмий номи Тимор-Лешти) 1975 йилга келибгина мустақилликка эришди. Аммо озодлик нашидасини суриш кўпга бормади. Орадан 9 кун ўтиб, 1975 йилнинг 7 декабрида бу ҳудуд АҚШ ва Австралия қўллаб-қувватлаган Индонезия томонидан оккупация қилинди ва бу давлатнинг 27-музофотига айлантирилди. Қаршиликлар шафқатсиз бостирилди, курашлар натижасида Шарқий Тиморнинг 600 минг аҳолисидан 200 мингдан ортиғи қирғин қилинди.

1999 йилга келибгина БМТ босими остида Шарқий Тиморда мустақиллик бўйича референдум ўтказилиши белгиланди ва ҳудуд аҳолисининг 78,5 фоизи Шарқий Тимор мустақиллиги учун овоз берди. Лекин шунга қарамай ҳудудда сиёсий бўҳронлар давом этди ва 2002 йилнинг 20 майига келибгина Шарқий Тимор мустақил давлат мақомини олди.

 

Қизиғи, Шарқий Тимор гербидаги рамзлардан бири Калашников автоматидир.

Черногория (2006)

Бу социалистик Югославия ҳудудидан келиб чиққан охирги мустақил давлат бўлиб, 2006 йилнинг 3 июнига қадар Сербия билан конфедерация иттифоқида бўлган. Черногориянинг ажралиб чиқишига серблар табиийки қарши бўлишган. Чунки бундай бўлиниш натижасида Сербия Адриатика денгизига эркин чиқиш имкониятидан маҳрум бўларди. Шунга қарамай, Евроиттифоқ 2006 йилнинг 21 майида референдум ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Фақат бир шарт билан – ҳудуд аҳолисининг 55 фоизи референдумда қатнашиши лозим. Лекин кўрсаткичлар анча ошиб кетди: аҳолининг 86 фоизи овоз берди ва уларнинг 55,4 фоизи мустақилликни ёқлаб чиқди. Аслида бунгача ҳам Черногория ўз валютаси ва Сербия билан божхона чегарасига эга бўлиб улгурган, мустақиллик референдуми фақат расмиятчиликка айланиб қолганди.

Косово Республикаси (2008)

Косово давлатчилиги кўплаб тортишувларга сабаб бўлган ва ҳамон бўлмоқда. Шунга қарамай, Косовони мустақил давлат сифатида БМТнинг кўплаб аъзолари тан олган. Сербия конституциясига кўра, Косово Сербиянинг мухторияти деб кўрсатилган, аммо амалда мустақилликка қадар ҳам Косово расмий Белград томонидан назорат қилинмасди.

Аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи этник албанлар бўлган Косово 2008 йилнинг февралида ўлканинг мустақиллиги ташаббуси билан чиқди ва бу табиийки ҳудуддаги сербларнинг норозилигига сабаб бўлди. 2010 йилнинг 22 июлида Ҳаага халқаро суди Косовонинг ажралиб чиқишини қонунга мувофиқ деб топди. Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ каби йирик давлатлар Косово мустақиллигини тан олган бўлса, Россия, Испания, Аргентина ва Хитой каби давлатлар акс йўл тутишди.

Қизиғи, мутлақ кўпчилик давлатлар томонидан тан олинмаган Абхазия Косово мустақиллигини тан олишга тайёрлигини билдирган. Фақат бунинг учун бир шарт бажарилиши – Косово томонидан ҳам Абхазия мустақиллиги тан олиниши лозим.

Кюрасао ва Синт-Мартен (2010)

Кюрасао ва Синт-Мартен 2010 йилнинг 10 октябрига қадар Нидерландия Антиль оролларига тегишли бўлган. Лекин махсус келишувларга кўра, Нидерландия тасарруфида кенг мухторият остидаги ўз-ўзини бошқарувчи давлатларга айланишди. Бу фақат ташқи сиёсат ва мудофаа масалаларигагина  Нидерландия аралашувини англатади.

Кюрасао Антиль оролларининг энг йириги бўлиб, 155 минг нафар аҳолига эга ва либерал қонунлари ҳамда оффшор ҳудудлари билан ном қозонган. Асосан, нефть саноати ва туризмдан даромад қилади. Синт-Мартен эса 40 минг аҳолига эга ва Кариб денгизининг энг оммабоп курортларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳудуди жуда кичиклигидан (34 км²) маҳаллий аэропортга қўнувчи самолётлар пляжлардаги дам олувчилар устидан учиб ўтади.

Жанубий Судан (2011)

Жанубий Судан мустақиллик учун 20 йилдан ортиқ курашди. Бу шафқатсиз урушлар натижасида 2 миллиондан ортиқ киши нобуд бўлди, 4 миллион нафари ижтимоий инқирозлар натижасида ҳудудни тарк этди.

АҚШ ва Буюк Британия Жанубий Суданнинг мустақиллиги учун кўп саъй-ҳаракатлар қилишди ва ниҳоят референдум ўтказилиши белгиланди. Судан президенти нафақат референдумга қарши чиқмади, балки сайловлар натижаси ижобий бўлса, Жанубий Суданни тан олиш билан бирга ривожланиши учун кўмаклашишини ҳам билдирди.

2011 йилнинг 9-15 январь кунларида бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, сайловчиларнинг 98,83 фоизи мустақиллик учун овоз берди ва шу йилнинг 9 июлида жаҳон харитасида яна бир янги давлат пайдо бўлди.

Аммо озодлик ва мустақиллик кутилган бахтни келтирмади. Қашшоқлик, нотенглик, сиёсий ва диний келишмовчиликлар натижасида Жанубий Суданнинг ўзи зиддиятлар гирдобига тушиб қолди.

2018 йилга келиб, дунёда 195та мустақил давлат (Ватикан ва БМТ аъзолари) мавжуд. БМТ Ватикан мустақиллигини тан олган бўлса-да, бу давлат ташкилот таркибига кирмаган. Дунёдаги мамлакатлар сони давлатлар сонидан анча кўп ва 252тани ташкил қилади. Чунки, мамлакат тушунчаси давлат тушунчасига нисбатан анча кенг.   

Булар қуйидагилардир:

195 та мустақил давлат:

— 193 давлат – БМТ аъзоси;

— 2 кузатувчи:

  • Ватикан;
  • Фаластин;

Ноаниқ мақомга эга давлатлар:

— 7 давлат БМТга кирган, лекин БМТ таркибига кирувчи бир ёки бир неча давлатлар томонидан тан олинган:

  • Абхазия Республикаси;
  • Озод Кашмир
  • Хитой Республикаси;
  • Косово Республикаси;
  • Сахара Араб Демократик Республикаси;
  • Шимолий Кипр Турк республикаси;
  • Жанубий Осетия Республикаси;

— БМТ таркибига кирмаган, БМТ таркибига кирган бирор давлат томонидан тан олинмаган, лекин қисман тан олинган давлатлар томонидан тан олинган 4 давлат:

  • Донецк Халқ Республикаси;
  • Луганск Халқ Республикаси;
  • Тоғли-Қорабоғ Республикаси;
  • Приднестровье Молдавия Республикаси;

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид