Жаҳон | 12:50 / 26.02.2019
24235
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон самолётлари Кашмирдаги лагерларга ҳужум қилди

Фото: Zee Business

Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Кашмирдаги жангарилар лагерларига зарбалар берди. Times of India нашри хабарига кўра, 12та Mirage 2000 русумли қирувчи самолётлар Балакоте, Музаффаробод ва Чакотидаги лагерлар бўйлаб ҳужум уюштирган.

Манба маълумотига кўра, Покистон ва Ҳиндистон чегарасидаги ҳудудларга ўрнашган жангарилар катта йўқотишларга учраган.

Қайд этилишича, Ҳиндистон Мудофаа вазири бу ҳужум ҳақида мамлакат бош вазири Нарендра Модига ҳисобот етказган.

Ўз навбатида, Покистон қуролли кучлари вакили генерал Асиф Ғафур расмий Делини мамлакат ҳаво ҳудуди чегараларини бузиб ўтишда айблаган.

Генералнинг айтишича, «ҳиндларнинг самолётлари Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан муносиб қарши олингач, зудлик билан ҳаво ҳудудини тарк этган».

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Кашмирда ҳарбий колонна ўтаётган йўлда уюштирилган теракт оқибатида 44 нафар ҳиндистонлик ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳодисадан кейин Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари янада совуқлашди.

Ҳиндистон томони Покистон ҳукумати ушбу терактга алоқадорлигини маълум қилди, Покистон Ҳиндистондаги элчисини чақириб олди.

Мавзуга оид