Жаҳон | 19:35 / 28.02.2019
26059
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий авиацияси ўртасидаги ҳаво жанги тафсилотлари маълум қилинди 

Фото: Adnan Abidi / Reuters

27 февралда Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий авиацияси ўртасида юз берган ҳаво жангида умумий ҳисобда 32 та ҳарбий самолёт иштирок этган. Бу ҳақда NDTV телеканали маълум қилди.

Телеканал манбалари маълумотларига кўра, Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари жангда жами 8 та қирувчи самолёт – 4 та Су-30МКИ, 2 та модернизация қилинган Dassault Mirage 2000 ва 2 та МиГ-21’ни қўллаган. Жанг вақтида МиГ’лардан бири уриб туширилган. Бу Ҳиндистон томонидан расман тан олинган.

Покистон эса ҳавога 24 та самолёт, жумладан 8 та F-16, 4 та Dassault Mirage III ва 4 та JF-17 Thunder самолётини кўтарган. Қолган 8 та самолёт гуруҳга ҳамроҳлик қилиб, фаол ҳаракатлар амалга оширмаган.

Маълум қилинишича, Покистон самолётлари Кашмирдаги туташув чизиғи бўйлаб жойлашган ҳарбий объектлар яқинидаги ҳудудни бомбардимон қилгандан кейин ҳинд учувчилари томонидан таъқиб қилинган. Ҳиндистон авиация бўлими командири Абхинандан Вартхаман Р-73 ракетаси билан F-16’га ҳужум қилган, бироқ унинг МиГ-21 самолёти AIM-120 AMRAAM ракетаси томонидан зарбага учраган. Вартхаман катапулта қилган, бироқ покистонликлар томонидан қўлга олинган. Покистон уни қайтаришга ваъда берди.

Нью-Деҳлида, тафсилотларга берилмай, ҳинд авиацияси рақиб томон самолётларидан бирини уриб туширганини маълум қилган. Ҳинд матбуотида ҳам уриб туширилган самолёт F-16 бўлгани маълум қилинган, бироқ Покистонда 27 февралда бу самолётлар ҳаво кўтарилмагани айтилиб, бу маълумот рад этилди.

Ушбу ҳаво жанги Ҳиндистон кучлари 14 февралда Жамму ва Кашмир штатида амалга оширилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олган “Жайиши-Муҳаммад” гуруҳи лагерига зарба бергандан кейин юз берган. Теракт оқибатида 45 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид