Спорт | 08:37 / 07.03.2019
19001
11 дақиқада ўқилади

ЎФА ва ПФЛ расмийлари Суперлига клубларининг ортиши, Бабаяннинг қайтиши ва бошқалар ҳақида

6 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолатига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари, хусусан, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров, директор ўринбосари Диёр Имомхўжаев, ЎФА ҳакамлар ва назоратчилар департаменти директори Маъмур Саидқосимов, Футболни ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткир Жалилов, Тренерлар таълими департаменти раҳбари Шавкат Имамов иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон футболи атрофидаги баҳсли масалалар кўтарилди. Жумладан, Суперлига регламентидаги ўзгаришлар, ЎФА ва ПФЛ ҳамда клублар ва терма жамоалар ўртасидаги муносабатлар, ҳакамлик савияси, янги ташкил этилган вилоят футбол академиялари каби мавзулардаги саволларга мутасаддилар жавоби тингланди. Kun.uz мухбири матбуот анжуманида расмийлар томонидан янграган айрим иқтибосларни келтириб ўтди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Омон Ғофуров:

 «Бу йил лицензиялаш талабини жуда ҳам кучайтирдик. Клублар ўз академияси ва инфратузилмасидаги шароитларни яхшилаши, маркетинг борасида ишлашига каттароқ аҳамият бердик. Ўйлаймизки, бу ўз самарасини беради ва мана шу 3-4 йил мобайнида бизнинг клубларимиз ҳам ўзини ўзи боқадиган, давлатга қарам бўлмайдиган жамоалар бўлади. Инфратузилмасини ҳам халқаро андозаларга тўғрилайдиган бўлади».

Ўткир Жалилов:

«Биз ўз йўлимизни танлаймиз. Бу йўл ўрганишлар ва бошқа халқаро академиялар фаолиятининг натижасидир. Биз фаолиятини йўлга қўйган вилоят футбол академиялари халқаро стандартларга жавоб беради. Улардаги тайёрлов дастурлари, босқичма-босқич бир гуруҳдан иккинчисига ўтиб бориш кабиларнинг барчаси халқаро талабларга мувофиқ. Аммо буларни ўз моделимизга мослаб амалга оширдик».

Ўткир Жалилов:

«Оммавий ва профессионал футболни аралаштириш керак эмас. Бизда бу нарса аралашиб кетган. Оммавий футбол – базавий босқич. Халқаро даражада улар бўлинган, биз ҳам ҳозир уларни бир-биридан ажратяпмиз. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда академияларнинг талаблари фарқ қилиши керак. Халқаро даражада шундай».

Диёр Имомхўжаев:

«Бизнинг футболчилар 17-18 ёшгача Европа жамоалари билан деярли тенг футбол намойиш этишади. Ундан кейин европаликлар ўсишни бошлайди, бизникилар эса йўқ. Қилишимиз керак бўлган энг катта иш – футболчиларнинг ёшини кичрайтиришга қарши курашиш. ЎФА бу йўлда бошқа органлар билан ҳам албатта ҳамкорлик қилади. Иккинчиси, халқаро тажриба – ўша «Аякс», ўша «Барселона» ўрганилганда битта нарса кўрилдики, бола 11 ёшгача шунчаки футболдан завқланиб ўйнаши керак. Сен ҳужумда, сен ҳимояда ўйнайсан, сен бунақа қиласан, деган гап бўлиши керак эмас 11 ёшгача. Бу ёшгача бола футболдан безиб қолмаслиги керак.

Ўша «Барселона», «Аякс» системасида 11 ёшдан бошлаб футболчида тактик кўникмалар шаклланишни бошлайди. Ўша нарса ўзбек футболига олиб кириляпти. Академияда бундан буёғига 11 ёшдан 17 ёшгача бўлади. «Насаф»да, «Бунёдкор»да 13 ёшдан академияга қабул қилинган бўлса, республика академияларида 11 ёшдан қабул қилинади. Шу пайтгача барча академиялар ўз ҳолича ишлаган бўлса, ҳозир ОФК ва ФИФА талабидан келиб чиқиб, алоҳида юклама бериляпти».

Ўткир Жалилов:

«Болалар футболида мураббийнинг бир оклад маоши 1 млн 50 минг – учта гуруҳ билан ишлаши керак, бу дегани камида 56 бола бўлиши керак гуруҳида. Германия тажрибасини кўриб чиқсангиз, уларда ҳар бир мураббий 10 нафар бола билан ишлайди. Бу эса самарали бўлади. Бизда эса битта тренер 52 бола билан ишлаб келган. Чунки ойлик маош ставкасини олиши керак».

Омон Ғофуров:

«Суперлига жамоаларининг сони оширилиши? ЎзПФЛ спорт принципларини ҳурмат қилади. Лекин ПФЛ – мусобақани ўтказувчи ташкилот. Бутун дунёда шундай. Яъни Профессионал футбол лигаси мусобақаларни ташкиллаштиради, назорат қилади ва ўтказади. Жамоалар сони ёки қайсидир клубнинг ўйнаш-ўйнамаслигини ЎФА ҳал қилади. Биз ЎФАни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтамизки, балки улар вилоятларда футболни ривожлантириш мақсадида Суперлига иштирокчилари сонини 12тадан 14тага оширишди».

Омон Ғофуров:

«Январь-февраль ойлари бошландими, бизда ҳам бошланади: ҳали кимнидир стадиони талабга жавоб бермайди, ҳали нимадир қилинмаган, ҳали маблағи аниқланмаган, қайси спонсор пул беради... Январь-февраль-март ойларида ПФЛда шунақа бир оғир ойлар бўладики, кечаси соат 12-1гача, ПФЛга келсангиз, бемалол кўришингиз мумкин, иш қизғин бўлади. Клубларнинг ҳатто формалари ҳам тайёр эмас. Куни кеча фотосессияни тугатамиз дегандик, лекин баъзи клубларни формаси ҳам йўқ ҳали, эндигина буюртма беришган... Бу йил лицензия талаби бўйича ишларни октябрда тугатамиз, натижада кейинги йил ҳамма жамоалар мавсум бошига тайёр бўлишади».

Маъмур Саидқосимов:

«Аввало, ҳакамлик – тўғри, ҳамма жойда касал нарса. Футболда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Лекин ҳакамдан айб топишади. Футболчи ўйнаётган вақтда дарвозага гол ура олмаса, ундан ҳеч ким айб топмайди-ку. Инсон омили. Биз ҳакамларни тайёрлаб боришга ҳаракат қиляпмиз, ёшларга имконият беряпмиз. Жисмоний тарбия университети билан меморандум имзоланди: 3-4-курс талабалари орасидан ҳакамларни танлаб олиб, уларга икки йил машғулот ўтиб, тайёрлаб борамиз.

2018 йилнинг бошидан ўзгариш қилдик. Олдин Мураббийлар ва ҳакамлар мактаби бор эди. Ўша ерда ҳакамликка ўқиш учун вилоятлардан келиб, 4 млн пул тўлашарди. Унда ҳам оддий оиланинг боласи кела олмасди. Таниш-билиши бор ёки ҳакам бўлган одамнинг боласи келиб ўқиётганди. Ўқиш учун Тошкентда яшаб, яна 2-3 млн пул кетказиб, жами 6-7 млн атрофида пул сарфлашаётганди. Кейин бу боланинг фикрида нима бўларди? Сарфлаган пулини, ота-онасининг пулини, қайтариб олиб бориб бериши керак – ҳар хил нарсани бошлашади. Шунинг учун ҳозир Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан тасдиқлаб, ҳакамларни танлаб олиш мезонларини қилдик. Буни текин йўл билан, инструкторларимиз вилоятларга бориб, 2-3 кунлик семинарлар ўтказишяпти ва шу орқали болаларни танлаб оляпмиз. Унинг футбол ўйнаган-ўйнамаганининг фарқи йўқ. Ўйин қоидаларини билса, жисмоний тайёргарлиги бўлса, танлаб оляпмиз. 2018 йилда 1994 йилда туғилган беш нафар ҳакамни Суперлигага бемалол қўйиб юбордик, ҳакамлик қилишди. Менимча, ёмон ўтказишмади.

Ҳакамларнинг хато қилиши бутун дунёда бор нарса. Эрматов айтиб ўтди, Жаҳон чемпионатида VAR тизимидан фойдаланилганда ҳам, 64та ўйиндан 40тага яқинида ҳакамлар томонидан хатога йўл қўйилган. БААдаги Осиё кубоги ўйинларида беш нафар ҳакам ишлаган бўлса ҳам, у ерда ҳам хатолар бўлган. Бу бутун дунёда бор нарса. ЎФА ва ПФЛ билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, бунга орган ходимлари ҳам аралашишган. Атайин кимгадир ён босгани аниқланган одам билан хайрлашамиз».

Маъмур Саидқосимов:

«Лицензиялаш масаласида ўз фикримни айтсам, ПФЛдагилар ҳам қийналиб кетишди. ОАВ вакилларига айтган бўлардимки, биринчи навбатда футбол клубларига савол бериш керак. Мавсум тугагач, дўконни ёпгандек стадионни ёпиб, кетворишади эртага келиб қиларман деб. ПФЛдагилар эса талаб қилишяпти. ПФЛ, ЎФАдан талаб қилиняпти, лекин клублардан ҳеч ким, журналистлар ҳам талаб қилмаяпти. Нимага сен ўз вазифангни вақтида бажармаяпсан, деган нарсани клубларга айтишмаяпти. Агарда иккита томондан ҳам талаб қиладиган бўлсак, албатта, футбол зўр бўлади. Бу – менинг шахсий фикрим.

Бир йилдан бери шунинг ичида юриб, кўряпманки, ЎФА ҳам, ПФЛ ҳам қийналяпти. Лекин футбол ўйнайман деган клублар олдин ўзига: «Мен нима иш қилдим?» деб савол беришмаяпти.

Диёр Имомхўжаев:

«Биз учун идеали – 12 жамоалик тизим. Ҳозир бизда мана шундай принцип бор, аммо ЎФАнинг принципи бироз бошқачароқ. Шунинг учун Суперлигада энди 14та жамоа ўйнайди.

Бабаянга келсак, уни ким ишга олди? Нега савол «Локомотив»га қаратилмаяпти? Федерация дисквалификация ҳақида эълон қилиб, икки ҳафтадан кейин уни бекор қилган. Бу ҳақда нега бир йил сукут сақланди? Бабаяннинг ўзи айтди-ку, эълон қилмаслик сўралган, деб. Демак, саволни «Локомотив»га ёки Бабаянга бериш керак. ЎФАда Бабаяннинг қинғирликлари бўйича факт йўқ. У жиноятчи эмас экан, нега ишлай олмаслиги керак?

Портал орқали Бабаяннинг устидан ҳаддан зиёд кўп – ўн мингдан зиёд шикоят тушганидан кейин унинг устидан иш очилган. ЎФА уни вақтинчалик футболдан четлатган. Энди у ерда «бутун умр» деган битта нотўғри нарса кетиб қолган. Иш олиб бориладиган томон ҳам, федерациянинг тепасида турган энг катта томон ҳам, хуллас, у нарсани қайтаришган икки ҳафта ўтиб. Оддий нарса бу. Яъни федерациянинг ҳозирги принципи, менимча, ҳамма учун тушунарли бўлиши керак. Федерациянинг ҳозирги кундаги раҳбариятини қувонтирган хабар бўлмади бу. Лекин Бабаянга шу жойда ишламайсан, дейилиши учун ҳам қанақадир факт олиб келиш керак-ку. Ўша факт топилмаган. Агар топилганида, Бабаяннинг иши билан балки бошқа орган шуғулланиши мумкин эди.

Тўғри, Бабаян ҳақида кўпчиликда негатив фикр бор. Лекин олди-ку кимдир. Демак, у керак экан. Демак, ниманидир биларкан; демак, ниманидир ривожлантира оларкан; демак, олдин ишлаган иши тўғри экан».

Маълумот учун, Kun.uz тез орада «Локомотив» бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов билан интервьюни тақдим этади. Унда «Локо» расмийси клубга алоқадор турли мавзулар қаторида Самвел Бабаяннинг тайинлови борасида ҳам изоҳ берган.

Мавзуга оид