Спорт | 12:20 / 07.03.2019
26512
9 дақиқада ўқилади

Сульшер-тайм! «ПСЖ» ва Буффон учун яна бир даҳшатли оқшом

Фото: Etsuo Hara/Getty Images

«ПСЖ» Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши жавоб учрашувида ютқазди (1:3). Ўйин тақдирини қўшимча дақиқалардаги баҳсли пенальти ҳал қилди.

«ПСЖ» (Франция) - «Манчестер Юнайтед» (Англия) - 1:3 (1:2)
Голлар: Лукаку, 2 (0:1). Бернат, 12 (1:1). Лукаку, 30 (1:2). Рэшфорд, 90+4 - пенальтидан (1:3).
«ПСЖ» (Франция): Буффон, Керер (Менье, 70), Тиагу Силва, Кимпембе, Бернат, Дани Алвес (Кавани, 90+5), Верратти, Маркиньюс, Дракслер (Паредес, 70), Ди Мария, Мбаппе.
«Манчестер Юнайтед» (Англия): де Хеа, Линделёф, Смоллинг, Байи (Далот, 36), Шоу, Янг (М.Гринвуд, 87), Фред, Мактоминэй, Перейра (Чонг, 80), Лукаку, Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Ди Мария, 34. Паредес, 75. Шоу, 90+9.
Ҳакам: Скомина (Словения).
6 март. Париж. «Парк де Пренс» стадиони, 47,441.
Биринчи ўйин: 2:0.

«Юнайтед» учун намуна
Манчестердаги биринчи ўйиндан кейин Англия нашрлари турли статистикаларни эслаб қолишди. «МЮ» 2011 йил ЕЧЛ финалида ўйнаганидан бери бу турнир плей-оффларида фақат битта ўйинда ғалаба қозонган - ҳали Дэвид Мойес бош мураббий бўлган даврда «Олимпиакос» мағлуб этилган. Шундан буён «Реал», «Бавария», «Севилья» ва «Олимпиакос» (биринчи ўйинда) «қизил иблислар»ни ЕЧЛ плей-оффларида мағлуб этган.

«ПСЖ» ҳам биринчи ўйинда ғалаба қозонган бўлсада, жавоб ўйинида ҳам устунликдан фойдаланиши талаб этиларди. Лекин ЕЧЛда кейинги вақтларда биринчи ўйиндаги натижа ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги кўп кузатилмоқда. Биринчи ўйинда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа кейинги ўйинда 1:6 ҳисобида мағлуб бўлганига гувоҳ бўлганимизга кўп бўлмади. Ўтган мавсумда эса «Барселона» «Рома»га қарши биринчи ўйиндаги 4:1 ҳисобидаги устунликни сафардаги 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан бой берди. Кейин римликлар яримфиналда «Ливерпуль»га қарши биринчи ўйиндаги 2:5 ҳисобидаги мағлубиятдан ҳам чиқиб кетишларига бир бахя қолди - Римдаги жавоб ўйинида битта гол етишмаганди - 4:2. Ўтган мавсумда чоракфиналдаги яна бир қарама-қаршиликда мўъжиза юз бериши мумкин эди, Туринда «Ювентус»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган «Реал» Мадриддаги жавоб учрашувида охирги дақиқаларгача учинчи голни ўтказмаслик учун тиришганди.

Ўша ўйинда Буффон ўйин охирида қизил карточка олган, можаро келиб чиққанди. У ўша ўйинда охирги марта «Ювентус» либосида ЕЧЛ ўйинини ўтказганди. Аммо италиялик дарвозабон учун Чемпионлар лигаси якунланмади - у энди «ПСЖ»нинг еврокубоклардаги асосий дарвозабони. Чоршанба оқшомида Буффон энг асосий шахслардан бири эди. Аммо бу оқшом унинг учун қўрқинчли якунланди.

Парижни таъқиб қилувчи ўтмиш шарпалари
Оле Гуннар Сульшер ўйиндан олдин «Ювентус»нинг жасоратини ҳам, «Барселона»нинг тарихий ғалабасини ҳам («ПСЖ» устидан жавоб ўйинидаги 6:1 ҳисобидаги ғалаба) эслаб ўтди. «ПСЖ»нинг жароҳатлари тез вақт ичида битмаслиги аниқ. Парижликлар қачондир Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишганида ҳам улар «Камп Ноу»даги даҳшатли оқшомни эсларидан чиқара олишмайди. Энди бундай даҳшатли оқшом иккита бўлди.

Французлар клуби ҳисобни ҳисобга олган ҳолда ўйинни анча босиқлик билан, ҳимояда бошламоқчи эди. Аммо Рэшфорднинг босими остида қолган ёш ҳимоячи Керер ортга тўп узатишда хатоликка йўл қўйди ва Тиагу Силвадан чаққонроқ ҳаракат қилган Лукаку тўпга эга чиқиб, ҳисобни очди.

Томас Тухель майдон четида туриб тирноқларини ғажий бошлади, бу вақтда ҳали ўйиннинг 2-дақиқаси эди. У балки бу вақтда икки йил олдин Барселонада кечган ўйинни эслагандир. Ўшанда ҳам Суарес ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ ҳисобни очганди.

Тўғри, ўшанда биринчи бўлим давомида қўрқоқларча ҳимояда ўйнашда давом этган «ПСЖ» ўша хатодан хулоса чиқариб, дарҳол ҳисобни тенглаштирди. Мбаппе нариги қанотдаги Бернатни қулай вазиятга чиқарди ва ҳисоб тенглашди.

Аммо икки йил олдин ҳам Кавани жавоб голи урганида енгил тин олишганди.

«Телбавор» якун
«МЮ» Сульшер бошқарувида жиддий ўзгарганига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Энди автобус йўқ, лекин баъзида ҳимояланишга тўғри келади. Айниқса, асосий футболчилар жароҳат олган ёки дисквалификация қилинган бўлса. Алексис Санчес, Неманья Матич, Хуан Мата, Жесси Лингард, Андер Эррера, Антони Марсиял, Фил Жонс, Маттео Дармиан ва Антонио Валенсия жароҳат туфайли Парижга келишмади, ўтган ўйинда қизил карточка олган Поль Погба эса ўйинни трибунада Патрис Эвра ҳамроҳлигида алам билан кузатди. Унинг ўрнига майдон марказида Мактоминэй, Андрес Перейра ва Фред югуришди, Сульшер кадрлар муаммоси туфайли трансформер-схемани қўллашга мажбур бўлди: ўйинга 4-4-2 схемаси танланганди, аммо «ПСЖ» ҳужумга ўтганида яримҳимоячилар, хусусан Янг ҳимоячига айланарди. Майдонда «МЮ»нинг ашаддий мухлисларидан бошқалар танимайдиган 19 ёшли Чонг ва 17 ёшли Гринвуд каби футболчилар ўйнашди.

Парижликлар эса кам ҳужум қилишмади. Танаффусга қадар Бернет дубль муаллифига айланиши, Ди Мария эса собиқ жамоасига яна бир гол уриши мумкин эди. 30-дақиқага келиб тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи бўйича «МЮ» 18 фоизга 82 фоиз нисбатида бой бераётганди, бу вақт ичида жамоа футболчилари жами 49та аниқ пас беришганди, холос. Аммо меҳмонлар ўйинда ғолиб бўлишди, биринчи голни Керер тақдим этган бўлса, иккинчи голни Буффон совға қилди. Шу куни Париж буюк дарвозабоннинг навбатдаги буюк хатосига гувоҳ бўлди - Парижда ёмғир ёғиб турган, ўз-ўзидан тўп ҳўл эди. Аммо тажрибали посбон Рэшфорднинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган тўпини уриб юбормасдан ушлаб олишга ҳаракат қилди, лекин қўлидан чиқариб юборди ва тезда етиб келган Лукаку афсонавий дарвозабонни жазолаб, иккинчи бор дарвозани ишғол қилди.

Иккинчи бўлимда «МЮ» ўжарроқ ўйнай бошлади, «ПСЖ» футболчилари эса яна кўплаб вазиятларни йўққа чиқаришди, Мбаппенинг ёлғиз ўзи ҳеч нарса қилолмади, трибунада зўрға ўтирган Неймар истаса ҳам майдонга туша олмасди, у яна мавсумнинг муҳим қисмида жароҳат олиб, жамоасига панд берди.

Манчестерликларга учинчи голни эса Кимпембе ва VAR биргаликда тақдим этишди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда «МЮ»нинг ёздаги омадсиз харидларидан бири дея баҳоланган Диего Далотнинг зарбаси жарима майдонидаги Кимпембега тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди, аммо меҳмонлар тўп ҳимоячининг қўлига текканини иддао қила бошлашли, ўйин ҳаками Дамир Скомина видеотакрорга мурожаат қилди. Бу вазиятда Кимпембе қўлини имкон қадар тўпдан олиб қочишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин, аммо техника бунга ишонмайди.

Бу сафар Буффон ҳакамга ҳеч қандай эътироз қилмади, у дарвозада жим турди ва ҳакам қарорини кутди. Якунда ҳакам миллионлаб евролар ва одамлар тақдирини ҳал қилган пенальтини белгилади, Буффон зарба йўналишини топди, аммо Рэшфорднинг зарбаси кучли эди. Ўз фаолиятида бирор марта ЕЧЛда ғолиб бўлолмаган Буффон яна орзуга етолмади, унда 3 финал ва бирорта ғалаба йўқ.

Ички чемпионатдаги 10та чемпионликни ЕЧЛдаги битта ғолибликка қурбон қилишга рози бўлган «ПСЖ» турнирдан яна эрта чиқиб кетди.

«МЮ» яна ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда мўъжиза содир этди.

Футбол тарихига кирадиган ўйинлардан бири. Фантастик ўйин. Сульшер-тайм! Норвегиялик мураббий устози Алекс Фергюсон қайд этган натижани такрорлади.

У ҳам буюк, энди бунга шубҳа йўқ.

Мавзуга оид