Спорт | 13:55 / 23.10.2024
16365
20 дақиқада ўқилади

«Реал»да яна камбэк, «ПСЖ» оғир вазиятда. Кун ўйинлари

Сешанба оқшомида Чемпионлар лигасида 3-тур учрашувлари ўтказилди. Умумий жадвалда кутилмаган жамоа пешқадамлик қилмоқда.

Фото: Getty Images

«Реал» голлар шоуси уюштирди

«Реал» — «Боруссия» Д 5:2
Голлар:
Рюдигер (60), Винисиус (62, 86, 90+3), Васкес (83) — Мален (30), Гиттенс (34). 
«Реал» – Куртуа, Менди, Рюдигер, Милитао, Васкес, Модрич (Камавинга, 71), Валверде, Беллингҳэм (Гулер, 90), Винисиус, Мбаппе (Себаллос, 90), Родриго (Чуамени, 85). 
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Зюле, Рюэрсон (Жан, 76), Нмеча (Байер, 76), Забитцер, Гиттенс (Антон, 55), Брандт, Мален (Гросс, 64), Гирасси.
Огоҳлантириш: Винисиус (87). 

Чемпионлар лигасининг охирги финали ремейки — бу турдаги энг асосий афишалардан бири эди. Қолаверса, бундан ташқари, «Реал» ва «Боруссия» ўртасида асосий еврокубоклардаги ўзига хос муносабатлар тарихи бор. Масалан, 2013 йилги яримфинални ёдга олиш мумкин, ўшанда, Роберт Левандовски покер қайд этиб, жамоасига 4:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этган, жавоб учрашувидаги 2:0 ҳисоби бланкосга финалга чиқиш учун етарли бўлмаганди. Ёки дортмундликларнинг ҳозирги бош мураббийи Нури Шаҳин тахминан ўша вақтларда айнан сариқ-қоралар сафидан бориб, қаймоқранглиларнинг асосий таркибига кира олмаганди.

Охирги вақтларда «Реал» Чемпионлар лигасида немис клубларига қарши қийналмоқда. Ўтган мавсумда «Лейпциг» ва «Боруссия» жиддий рақобат кўрсатганди, бу мавсумда Мадридда «Штутгарт» базўр таслим этилди. Энди «Боруссия»га қарши навбатдаги учрашув кутаётганди ва ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб сенсацон кўриниш олди.

Меҳмонлар ўйиннинг кўпроқ қисмида тўпга эгалик қилишди, мезбонлар кўпроқ зарба беришди – барчаси кутилганидек. Аммо кейин «Боруссия» тўрт дақиқа ичида иккита гол урди. Аввалига баланд бўйли Серу Гирасси Антонио Рюдигерга корпус қўйди ва тўпни Дониэлл Маленга етказиб берди. Нидерландиялик ҳужумчи тўпга илк тегинишдаёқ яқин бурчакни аниқ нишонга олди.

Ва меҳмонлар дарҳол иккинчи голни уришди. Бу сафар ҳужум майдон марказидан эмас, ўнг қанот орқали амалга оширилди. Мален чизиқ бўйлаб ҳаракатланди ва дарвоза томонга пас берди. Олис устун олдида турган Жейми Байно-Гиттенс эса тўпни дарвоза тўрига жойлади, Лукас Васкес уни ёпишга улгурмади. Уч кун муқаддам у «Селта»нинг «Реал»га гол урган футболчисига ҳам ета олмаганди. Шундай паллаларда оғир жароҳат туфайли мавсум охиригача сафдан чиққан Дани Карваҳалнинг йўқлиги билинмоқда.

Шундан кейин «Реал» кучли ҳужумлар уюштирди ва «Боруссия»ни фақат мўъжиза қутқариб қолди. Аввалига Родригонинг бир неча метрдан йўллаган зарбаси тўсинга тегди, кўп ўтмай бу ҳолат Жуд Беллингҳем билан такрорланди. Шу билан бирга, «Боруссия»нинг яна бир ҳужуми гол билан якунланишига бир бахя қолди, аммо дарвозабон тўсин остига бораётган тўпни қайтарди.

«Реал» иккинчи бўлимга ҳаддан ташқари юқори иштиёқ билан тушди. Мезбонлар рақибни бутунлай бўғиб ташлаб, ҳужум кетидан ҳужум уюштиришди. Винисиус ва Федерико Валверде навбатма-навбат дарвоза томон зарбалар йўллашди, аммо ҳар сафар уларга озгина етмай қоларди. 

Иккинчи бўлим бошида, ҳали ҳисоб 2:0 эканида Нури Шаҳин ҳужумда фаол бўлган Гиттенс ўрнига Антонни учинчи марказий ҳимоячи сифатида туширди, аммо бу фойда бермади. Килиан Мбаппе қанотда ўз услубида олдинга ташланди ва зарба бериш позициясига чиқиб борган Рюдигерни голли пас билан таъминлади.

«Реал» бу билан тўхтамади ва босим уюштиришда давом этди. Винисиус ўйин охирларида ҳам дриблинг ишлатишда давом этди. Мбаппеда ҳам бир неча яхши вазият юзага келди, «Боруссия» эса иккинчи бўлимда рақиб дарвозаси томон яқинлаша олмади. «Реал» прессинга эвазига тўпни тезда қайтариб олаверди. «Боруссия»да иккинчи бўлимда Максимилиан Байерда яхши вазият бўлди, аммо Тибо Куртуа унинг зарбасини қайтарди. Айнан шу вазиятдан кейинги ҳужумда Лукас Васкес ғалаба голини урди. Винисиус эса ўйин охирида яна икки гол уриб, ҳет-трикни расмийлаштирди ва «Олтин тўп»га ҳақли эканини намойиш этди.

Парижнинг даҳшатли туши

«ПСЖ» — «ПСВ» 1:1
Голлар:
Ҳакими (55) — Ланг (34). 
«ПСЖ» – Доннарумма, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Фабиан Руис (Витиня, 59), Невеш, Заир-Эмери, Ли Кан Ин (Асенсио, 68), Барколя, Дембеле.
«ПСВ» – Бенитес, Дамс, Боскали, Фламинго, Мауро Жуниор, Сайбари, Тиллман, Ланг (Дриауех, 65), Тил, Бакайоко, де Йонг.
Огоҳлантиришлар: Мендеш (40), Мауро Жуниор (45+2), Дамс (77), Ледесма (90+1), Бабади (90+2), де Йонг (90+3), Бенитес (90+6). 

Ёшарган «ПСЖ» ички чемпионатда қанчалик осон ўйнаётган бўлса, ЕЧЛда шунчалик қийин бўлмоқда. Нидерландияликларга қарши кечган учрашув танаффусигача парижликларнинг бу турнирда голга айланмаган зарбалари сони 89 тага етди, француз суперклуби ўз тарихида илк бор 400 дақиқадан иборат голсиз серия ўтказди. Ҳолбуки жамоа ёмон ўйнамаяпти ва кўплаб голли вазиятларга эга бўлмоқда. Бу ўйинда ҳам Нуну Мендешнинг диагонал узатмасидан кейин Дембеле дарвозабон ҳудудида ёлғиз қолганди, аммо у тепган тўп тўсинга тегди.

ПСВ учун битта яхши ҳужум етарли бўлди, бу ҳужум агрессив прессинг орқали бошланди. Тўп Жоау Невешдан олиб қўйилгач, қанотдан марказга кўчган Ланг Доннаруммадан илдамроқ ҳаракат қилиб, унинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди. Ўз навбатида, ўйин давомида бир неча бор жамоасини қутқарган Бенитес ҳам аламли гол ўтказиб юборди. Ҳакими жарима майдони ташқарисидан зарба йўллади (бу парижликларнинг олдинги голидан буён 95-зарбаси эди) ва тўп меҳмонлар дарвозабонининг оёқлари орасидан тўрга бориб тушди.

Бир неча дақиқа ўтиб «ПСЖ» яна бир гол ўтказиб юбориши мумкин эди, аммо Гус Тил яккама-якка вазиятни йўққа чиқарди. У эпизодни ўзи ҳал қилиши лозим эди, аммо шеригига пас беришни афзал кўрди, ҳужум орқадан етиб келган ҳимоячи тўпни майдон ташқарисига чиқариб юбориши билан якунланди. Ўйин охирида Бенитес Маркиноснинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбасини қайтариб, ўз айбини ювди. 107 зарба ва 1 гол — бундай фойдали иш коэффициенти билан ЕЧЛда ғалаба қозониб бўлмайди. Луис Энрике асосий еврокубокдаги ўйинларининг фақат 40 фоиз қисмида ғалаба қозонган ва айни вақтда у «ПСЖ»нинг Қатар миллиардлари даврида еврокубок ўйинларида энг ёмон натижа кўрсатаётган мураббийи.

Жамоа турнирни «Жирона»га қарши қийин ўйин билан бошлаган, қўшимча дақиқаларда урилган автогол минимал ҳисобдаги ғалабани тақдим этганди. Кейинги турда эса «Арсенал» парижликларга ҳеч қандай имкон қолдирмади. 3-турдаги дуранг ҳисоб жамоанинг умумий жадвалдаги ҳолатини ёмонлаштирди, кейинги турларда «Бавария» (сафар), «Атлетико» (уй), «Манчестер Сити» (уй), «Штутгарт» (сафар) ва «Залсбург» (сафар) каби жамоаларга қарши ўйинлар кутмоқда.

Венгер давридаги каби

«Арсенал» — «Шахтёр» 1:0
Гол:
Мартинелли (29). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Троссар (77). 
«Арсенал» – Райя, Калафиори (Люис-Скелли, 72), Габриэл, Салиба, Уайт (Мерино, 46), Мартинелли, Райс, Парти, Жезус (Стерлинг, 68), Ҳавертц, Троссар (Жоржинио, 88).
«Шахтёр» – Ризник, Педро Энрике, Матвиенко, Бондар, Конопля, Крискив, Бондаренко (Гомес, 87), Эгиналдо (Траоре, 84), Судаков, Зубков (Педринио, 64), Сикан (де Маседо, 64).
Огоҳлантиришлар: Уайт (34), Мартинелли (84), Педринио (90+6). 

«Арсенал» биринчи бўлимда ҳисобни қулай кўринишга келтириб қўйиш учун етарлича вазиятлар яратди. Кўп ҳолларда аниқлик етишмади, хусусан, бурчакдан узатилган тўпга биринчи бўлиб улгурган Калафиорининг зарбаси хато кетди. Аммо айнан италиялик ҳимоячи голли ҳужумни бошлаб берди. Унинг якунида Габриэл Мартинеллининг зарбасидан кейин тўп устундан қайтди, аммо «Шахтёр» дарвозабонига тегиб, рикошет орқали дарвозага бориб тушди. Иккинчи бўлимда Троссар пеналтини ура олмади ва бу якунда қимматга тушиши ҳам мумкин эди, қўшимча дақиқаларда Райя бурчакка бораётган тўпни қайтариб, «канонирлар» учун ғалабани сақлаб қолди. «Арсенал» ЕЧЛда қаторасига уч ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда, бунақаси Арсен Венгер бошқарувидаги 2007 йилдан буён кузатилмаганди.

Перин сеҳргар эмас

«Ювентус» — «Штутгарт» 0:1
Гол:
Туре (90+2). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Мийо (86). 
«Ювентус» – Перин, Кабал, Данило, Калулу, Савона (Камбиязо, 55), Тюрам (Руҳи, 90), Фажоли, Маккенни (Локателли, 55), Йилдиз, Влаҳович (Ажич, 68), Консейсау (Веа, 55).
«Штутгарт» – Нюбел, Миттелштедт (Часе, 90+7), Шабо, Руо, Вагноман, Штиллер, Каразор, Мийо, Левелинг, Ундав (Ридер, 74), Демирович (Туре, 62).
Огоҳлантиришлар: Демирович (51), Руо (54), Данило (81).
Четлатиш: Данило (84). 

Туриндаги ўйиннинг анча вақтигача асосий қаҳрамон VAR бўлиб турди. Иккинчи бўлим бошида техника Ундавнинг голини бекор қилишга ёрдам берди, ҳужумчи қўли билан ўйнаганди. Ўйин охирида эса бош арбитр мониторга таклиф қилинди ва у «Ювентус» сардори Данилуга иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, мезбонлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Бу дақиқаларда туринлик мухлислар аввалига бошини ушлаб қолишди, кейин эса қувончдан ҳайқиришди. Перин Мийонинг бурчакка йўналтирилган зарбасини қайтариб, жамоанинг асосий еврокубокда пеналти қайтарган учинчи дарвозабонига айланди (бунгача Буффон ва Шченсни). Аммо унинг қаҳрамонлигини ҳимоячилар йўққа чиқаришди, қўшимча дақиқаларда Туре дарвозага бир неча масофадан туриб ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан зарба берди. Моҳиятан буни сенсация дейиш мумкин, аммо «Штутгарт» барча кўрсаткичлар бўйича рақибдан яхшироқ кўринди ва ғалабага ҳақли эди.

Бурчакдан урилган гол

«Милан» — «Брюгге» 3:1
Голлар:
Пулишич (34), Рейндерс (61, 71) — Саббе (51). 
«Милан» – Менян, Тео, Томори, Габбия (Тиав, 83), Эмерсон, Рейндерс, Фофана (Муса, 75), Лофтус-Чик (Окафор, 60), Пулишич, Леау (Чуквуэзе, 60), Мората (Камарда, 75).
«Брюгге» – Миньоле, де Кейпер, Мехеле, Ордоньес, Сейс (Саббе, 46), Нвадике, Ванакен, Яшари (Нилсен, 83), Цолис (Олсен, 70), Талби (Ветлесен, 46), Ютгла (Скурас, 70).
Огоҳлантиришлар: Сейс (20), Яшари (23), Леау (50), Мората (59), Габбия (71), Скурас (73), Камарда (88).
Четлатиш: Нвадике (40).

«Милан»нинг бу турнирдаги илк ғалабаси сари йўлни, ўз ўзидан, «россонерилар»нинг бу мавсумдаги энг яхши футболчиси Пулишич очиб берди. Америкалик яримҳимоячи — А серияда 2024 йилдаги энг яхши футболчи бўлмоқда, у 9 бор ассистентлик қилган, 15-голини эса бурчакдан туриб дарвозага йўллаш орқали урди!

Кейин эса мудофаадаги хато ва «Брюгге» захира футболчиси Саббе урган голдан кейин мезбонлар яна барчасини бошдан бошлашига тўғри келди, аммо 40-дақиқада бир киши кам бўлиб қолгач, белгияликлар қийналиб қолишди.

Иккинчи бўлимда Паулу Фонсека амалга оширган алмаштиришлар иш берди, лекин португалиялик мутахассис Рафаэл Леауни майдондан олганида, мухлислар ҳуштакбозлик қилишганди. Ушбу форвард ўрнига Чуквуэзе майдонга чиқди, аммо амалда унинг чап қанотдаги позициясига Окафор ўтди. Ва Леау ҳали захира ўриндиғига етиб бормасидан қанот бўйлаб югурган швейцариялик ушбу футболчи Рейндерсга голли узатма берди, яна ўн дақиқа ўтиб нидерландиялик яримҳимоячи дублни расмийлаштирди.

Ўйиндаги яна бир эътиборли воқеа Камарданинг майдонга чиқиши бўлди, у 16 ёш-у 226 кунлигида Чемпионлар лигасида ўйнаган энг ёш италияликка айланди. Бунгача миллий рекорд Мойзе Кинга тегишли эди. Ўсмирнинг голи бу воқеа максимал даражада чиройли бўлишини таъминлаган бўларди, аммо у голни барвақт нишонлашга киришиб кетди, VAR эса офсайд туфайли унинг голини бекор қилди. Натижада форвард протоколда фақат футболкасини ечгани учун сариқ карточка олган ҳолда қайд этилди.

«Астон Вилла»да юз фоизлик кўрсаткич

«Астон Вилла» — «Болоня» 2:0
Голлар:
Макгинн (55), Дуран (64). 
«Астон Вилла» – Мартинес, Матсен, Торрес, Карлос, Конса, Тилеманс (Камара, 78), Онана (Баркли, 46), Макгинн (Филожин-Байдейс, 66), Бэйли (Рэмзи, 65), Рожерс, Дуран (Уоткинс, 65).
«Болоня» – Скорупски, Ликояннис, Лукуми, Бекема, Пош, Фаббиан, Фройлер, Урбански (Моро, 66), Ндойе (Илинг-Жуниор, 77), Даллинга (Кастро, 66), Орсолини (Одгор, 46).
Огоҳлантиришлар: Орсолини (19), Пош (45), Ликояннис (47), Баркли (49), Фройлер (53).

«Астон Вилла» ўйинни қийин бошлади, шу туфайли Эмилиано Мартинес зерикиб қолмади. Аммо аргентиналик посбон аста-секин эстафетани «Болоня»даги амплуадоши Скорупскига ўтказди. У бир неча бор қаҳрамонлик кўрсатди ва рақиб футболчиларини асабийлашишга мажбур қилди, аммо полшалик дарвозабон максимал даражадаги аламли гол ўтказиб юборди. Тўп Макгиннинг узатмасидан кейин ҳаммадан ўтиб дарвоза тўрига бориб тушди.

Сардор ортидан одатда жокер ролида тушадиган, бу сафар Олли Уоткинс ўрнига асосий ҳужумчи сифатида ҳаракат қилган Дуран ҳам гол урди. Колумбиялик футболчи Роджерснинг узатмасидан кейин қийин вазиятда турганига қарамай, тўпни дарвоза тўрига йўналтирди ва ўрнини рақобатчисига бўшатиб беришдан олдин мавсумда иккинчи бор бошланғич таркибда тушиб урган голини нишонлади. Унаи Эмери ўз танлови ва турнирдаги старт билан фахрланиши мумкин. Бирмингҳэмликлар учта ўйинда ҳам ғалаба қозониб, ўз дарвозасидан бирор марта гол ўтказиб юбормади ва ҳозирча умумий жадвалда пешқадам бўлиб олди. Турнирнинг олдинги форматида гуруҳ босқичида фақат 2012 йилда «Малага» ва 2016 йилда «Лестер» дастлабки уч ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди.

Вайссиз Вайсс ва австрияликлар муваффақиятсизлиги

«Жирона» — «Слован» 2:0
Голлар:
Гутиеррес (42), Хуанпе (73).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Стуани (88). 
«Жирона» – Гассанига, Крейчи, Хуанпе, Франсес, Гутиеррес, Мартинес, Эррера, Мартин (Миовски, 24), ван де Бек (Давид Лопес, 83), Данжума, Стуани.
«Слован» – Такач, Виммер, Кашия, Байрич, Толич (Сёке, 84), Барсегян, Блэкмэн, Саввидис (Гайдош, 84), Игнатенко (Марцелли, 78), Шарани, Стрелец (Метсоко, 84).
Огоҳлантиришлар: Толич (15), Франсес (45), Игнатенко (69), Барсегян (71).

Ўтган турдан кейин Владимир Вайсс жамоасидаги муҳим футболчисини йўқотди — унинг ўғли, кичик Владимир Вайс — футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилди. «Слован»нинг 34 ёшли сардори «Манчестер Сити»дан учралган йирик мағлубиятдан кейин шундай қарорга келди. Ва усиз братиславаликлар ЕЧЛдаги бошқа бир дебютант, турнирда фақат ҳимоячилари гол ураётган жамоага ютқазди. «Реал» тарбияланувчиси Гутеррес учун бу асосий еврокубокдаги илк муваффақияти бўлди. «Жирона»нинг турнирдаги илк ғалабасига Хуанпе ҳам ҳисса қўшди. 33 ёшли ҳимоячи жарима зарбасидан кейин рикошет орқали иккинчи голни урди.

«Штурм» — «Спортинг» 0:2
Голлар:
Сантуш (23), Дёкереш (53). 
«Штурм» – Схерпен, Лавале (Ҳирлендер, 90), Гайрҳофер (Жонстон, 59), Айву, Газибегович, Жатта (Звонарек, 59), Бевинг, Чуквуани, Хорват (Ярдимжи, 70), Ялкуйе (Шопп, 90), Бирет.
«Спортинг» – Исраэл, Инасиу, Дебаст (Сен-Жюст, 70), Эшгайю (Рейс, 56), Араухо (Гонсалвеш, 70), Тринкау, Сантуш (Кенда, 84), Браганса (Морита, 70), Юлманд, Катаму, Дёкереш.
Огоҳлантириш: Ялкуйе (39), Ярдимжи (90+4). 

Август ойида Австрия футболи бирданига икки жамоаси ЕЧЛнинг асосий босқичига чиққанини тарихий ҳодиса сифатида байрам қилганди, аммо мамлакатнинг етакчи клублари нуфузли турнирда муваффақиятсиз иштирок этмоқда. Сўнгги йиллардаги гегемон «Залцбург» инқироз ҳолатида, «Штурм» ҳам қаторасига уч ўйинда ютқазди. Ҳолбуки ўтган мавсум чемпиони топ-клубларга қарши ўйнамади, лекин жамоа фонида «Спортинг» шундай клуб бўлиб кўринмоқда. 2:0 — лиссабонликларнинг рақибни аягани бўлди, савиядаги фарқни меҳмонлар тўпурари Дёкереш яққол кўрсатиб қўйди. Биринчи голга узатма берган швециялик ҳужумчи иккинчи бўлим бошида ҳимоячилар ва дарвозабонни болаларча алдаб ўтиб, бўш дарвозани ишғол қилди. «Шерлар» ўз тарихида илк бор ЕЧЛнинг асосий босқичида уч ўйиндан иборат мағлубият серия қайд этмоқда.

«Монако» сербларга истаганча гол урди

«Монако» — «Црвена Звезда» 5:1
Голлар:
Минамино (20, 70), Эмболо (45+4), Синго (54), Аклиуш (90+6) — Ндиайе (27, пеналти).
«Монако» – Маецки, Кайо Энрике (Диатта, 77), Керер, Синго, Вандерсон, Закариё (Матазо, 87), Камара (Магасса, 77), Бен-Сегир (Головин, 46), Минамино, Аклиуш, Эмболо (Иленикена, 77).
«Црвена Звезда» – Илич, Олайинка, Мвумпа (Илич, 60), Жига, Спайич, Сол Ён У, Крунич (Родич, 60), Элшник, Максимович (Катаи, 74), Дуарте (Далсиу, 7), Ндиайе (Канга, 75).
Огоҳлантиришлар: Керер (26), Максимович (45+2).

Монакода ҳам голлар шоуси кузатилди. Дастлабки ярим соатда серблар интригани сақлаб қолишга уринишди ва ҳатто пеналти эвазига ҳисобни тенглаштиришди, аммо бўлим охирида гол ўтказиб юборишди, 54-дақиқада эса навбатдаги ҳужумга дош бера олишмади: узоқ чўзилган ҳужумдан кейин тўп ҳимоячи Уилфрид Сингога етиб келди ва жарима майдони ташқарисидан узоқ тўққизликни аниқ нишонга олди. 70-дақиқада Такуми Минамино дубл қайд этди ва ўйин масаласи муддатидан олдин ҳал бўлди. Якуний ҳисоб қўшимча дақиқаларда Магнес Аклиуш томонидан ўрнатилди.

Кун статистикаси

Ҳозирча асосий босқичдаги 10 та ўйинда жамоалардан бири рақиби устидан тўрт ёки ундан кўпроқ гол фарқи билан устун келди. Олдинги мавсум гуруҳ босқичи охирига қадар бундай ўйинлар сони ҳам шунча бўлганди.
«Монако» 20 йилдан буён илк бор ЕЧЛда 5 та гол урди. Монегаскликлардан охирги бор 2004 йил декабрида «Депортиво» шунча гол ўтказганди.
20 ёш-у 75 кун — «Боруссия» ҳужумчиси Гиттенс «Сантяго Бернабеу»да «Реал»га гол урган энг ёш англиялик бўлди.
«ПСЖ» турнир гуруҳ босқичида «Парк де Пренс»да кечган қаторасига 27 ўйинда гол урди.
«Реал» ҳужумчиси Винисиус Жуниор 2021/22 йиллар мавсумидан бошлаб ЕЧЛда 35 (20+15) самарали балл ишлади. Асосий еврокубокда бу оралиқда унга етадигани йўқ.

Умумий жадвалдаги вазият:

Мавзуга оид