Иқтисодиёт | 20:58 / 15.03.2019
25508
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирига яна бир янги ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг Ҳудудлар молияси масалалари бўйича янги ўринбосари тайинланди.

Президент қарори билан ушбу лавозимни Ёрқин Эргашевич Турсунов эгаллаган.

Ёрқин Турсунов 1965 йилда Самарқанд вилоятинг Хатирчи туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий. 1990 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини бакалаврини тамомлаган. Мутахассислиги молиячи. 

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими аҳолини ижтимоий ҳимоялашни молиялаштириш бўйича назоратчи инспектори, бюджет инспекцияси I тоифали иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. 

1993- 2002 йилларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими мудири ўринбосари – бюджет инспекцияси бошлиғи, кейинчалик бўлим мудири, 2002-2006 йилларда Навоий вилояти ҳокимияти молия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. 

У 2006-2012 ва 2016-2018 йилларда ҳам Молия вазири ўринбосари бўлган, 2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Ижтимоий ва молиявий таъминот хизмати бошлиғи сифатида ишлаган.

Ҳозирги кунга қадар Ёрқин Турсунов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан аввалроқ Одилбек Рустамович Исоқов   Молия вазирининг Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Мавзуга оид