Ўзбекистон | 15:14 / 21.11.2022
10763
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг БРМ қарзлари нималарга сарфланди?

Ўзбекистон ўтган йили илк марта барқарор ривожланиш мақсадлари облигацияларини чиқарганди. Молия вазирлиги вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, тушган маблағ мактаблар, боғчалар, шифохоналар, ичимлик суви тармоқлари ва метро қурилишига, болаларни эмлашга сарфланган. Келажакдаги барча облигациялар БРМ ёки яшил облигациялар тамойилларига боғланган ҳолда чиқарилиши режа қилинмоқда.

Тошкентдаги ерусти метроси қисман ташқи қарз ҳисобига қурилди.

2021 йил 12 июлда биринчи марта Ўзбекистон Республикасининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” (БРМ)га эришишга йўналтирилган 2,5 трлн сўм миқдорида миллий валютадаги халқаро суверен облигациялари халқаро молия бозорига жойлаштирилган.

БРМ облигациялари ўзи нима, ундан ўзбекистонликларга нима фойда? Шу каби саволлар юзасидан Молия вазирлиги Давлат қарз департаментининг Ташқи молия бозорларидан қарз жалб қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Комилов Kun.uz'га гапириб берди.

— Облигация нима?

— Облигация – бу ҳукумат ёки компания томонидан чиқариладиган қарз қимматли қоғози ҳисобланади. Облигация эгасига, яъни уни сотиб олган инвесторга облигацияни чиқарган эмитент (облигация чиқарувчи) томонидан белгиланган вақт давомида белгиланган миқдорда ўзгармас фоиз тўлови амалга ошириб борилади ва муддати тугаши билан асосий қарз ҳам облигация эгасига қайтарилади.

Оддий тилда тушунтирсам, бундай қимматли қоғознинг харидори қимматли қоғоз чиқарувчининг кредиторига айланади, яъни қарз берувчисига. Ҳудди банк кредити каби, кредиторга маълум миқдорда йиллик фоиз тўлови тўлаб борилади. Кредитдан фарқли жиҳати шундаки, асосий қарз облигация муддати тугаганида харидорга қайтариб берилади.

Еврооблигациялар ёки евробондлар деб эмитент учун хорижий бўлган валютада чиқариладиган облигацияларга айтилади. Мисол учун, Ўзбекистоннинг АҚШ долларида халқаро молия бозорларига жойлаштирган облигациялари еврооблигациялар деб аталади. Миллий валютада халқаро молия бозорларига жойлаштирган облигацияларимиз эса суверен халқаро облигациялари ҳисобланади.

БРМ облигациялари маблағлари ҳисобидан Фарғона вилояти Сўх туманида қурилган боғча / Фото: Молия вазирлиги

— Ўзбекистон облигация чиқарди деганда нимани тушунсак бўлади?

— Ўзбекистон облигация чиқарди ва халқаро молия бозорига жойлаштирди дегани оддий қилиб айтганда бу – Ўзбекистон инвесторлардан маълум йиллик фоиз тўловини тўлаб бориш ва асосий қарзни белгиланган муддат охирида қайтариш шарти билан қарз маблағини жалб қилди дегани.

Бизнинг мисолимизда, 2021 йилда 2,5 трлн сўм миқдорида 3 йил муддатга йиллик 14,0 фоиз билан облигация чиқардик, яъни халқаро инвесторлардан 3 йил давомида ҳар йили фақатгина 350 млрд сўм миқдорида фоиз тўловини тўлаб бориш, 2,5 трлн сўм миқдоридаги асосий қарзни эса 3 йил ўтгач қайтариб тўлаб бериш шарти билан қарз олдик.

Албатта, халқаро инвесторлар олдида ушбу қарз маблағларини фақатгина белгиланган мақсадлар учун сарфлаш мажбуриятини ҳам ўз зиммамизга олганмиз.

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида қурилган боғча / Фото: Молия вазирлиги

— БРМ облигациялари қандай соҳаларга йўналтирилди?

— БРМ облигацияларига тўхталсак, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган 2030 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича кун тартибига 17та мақсад киритилган бўлиб, улар асосан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий даражасини оширишга қаратилган.

Мисол учун, қашшоқликни камайтириш, турмуш даражасини ошириш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, гендер тенглигини қўллаб-қувватлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, муносиб иш ўринларини яратиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инфратузилма барқарорлигини ошириш.

Ўзбекистон ҳам БМТнинг мақсадларига мос келадиган 16та миллий БРМни ўз ичига олувчи Барқарорлик моделини ишлаб чиқди. Бу – Ўзбекистон ҳукумати БРМга эришишга қатъий интилаётганидан далолат беради. Бироқ, бу мақсадларга эришиш нафақат қатъийлик ва кучли иродани талаб қилади, балки катта миқдордаги инвестиция маблағлари ҳам зарурдир. БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра, мамлакатнинг миллий БРМга эришиши учун йилига 4,6–6 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестициялар зарур.

Шу сабабли, зарур бўлган маблағларни жалб қилиш учун Молия вазирлиги томонидан халқаро инвесторларни жалб қилиш ва миллий БРМга эришиш имконини берувчи тематик облигациялар чиқариш амалиётлари йўлга қўйилди.

Натижада, 2021 йилда Ўзбекистоннинг БРМ Облигациялари дастури ишлаб чиқилди.

Ушбу дастур халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, БРМ облигацияларидан келиб тушган маблағларнинг тақсимланиши, сарфланиши ва улар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг мониторинг қилиш механизмларини белгилаб беради.

Облигациялардан тушган маблағларнинг соҳалар кесимида тақсимланиши. Молия вазирлиги маълумотлари

— Облигациялардан тушган маблағлар қандай сарфланди?

— БРМ облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағлар Ўзбекистоннинг БРМ Облигациялари дастурига мувофиқ миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича республика бюджети харажатларини қоплашга сарфланди.

Лойиҳалар соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва ирригация ҳамда жамоат транспорти каби йўналишларни қамраб олади.

Маблағларнинг ҳудудлар кесимида йўналтирилиши / Инфографика: Молия вазирлиги

Танлаб олинган лойиҳаларнинг натижадорлиги

Республика бўйлаб:

  • 12 та янги болалар боғчаси қурилди ва 23 та мавжуд болалар боғчаси реконструкция қилинди;
  • 2 та янги мактаб қурилди ва 31 та мавжуд мактаб реконструкция қилинди;
  • 7 та янги касалхона қурилди ва 29 та мавжуд касалхона таъмирланди;
  • 0-16 ёшдаги болалар учун 10 турдаги 19 770 423 доза вакциналар харид қилинди;
  • 14 та лойиҳа доирасида 82,8 км узунликдаги каналлар таъмирланди;
  • 222 км узунликдаги ичимлик суви ва канализация қувурлари қурилди ва реконструкция қилинди;
  • 33,1 км узунликда янги ерусти ва ерости метро линияларини қуришга қисман йўналтирилди.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида реконструкция қилинган кўп тармоқли шифохона
Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида реконструкция қилинган мактаб / Фото: Молия вазирлиги

Облигациялардан тушган маблағларнинг бир қисми Тошкент шаҳридаги янги ерусти айлана метросини ва ерости – Сергели ва Юнусобод линияларида янги бекатларни қуриш бўйича республика бюджети харажатларини қоплашга йўналтирилган.

Жумладан, қиймати салкам 4 трлн сўм бўлган Тошкент шаҳридаги янги ерусти айлана метросини қурилиши учун республика бюджетидан ажратилган харажатларнинг 922 млрд сўм миқдори 2,5 трлн сўмлик облигацияларимиз ҳисобидан қоплаб берилди.

— Нега 2022 йилда облигациялар чиқарилмади?

— 2022 йилда юзага келган геосиёсий ҳолат туфайли халқаро молия бозорларидаги барқарорлик бузилиши натижасида фоиз ставкалари кўтарилиб кетди. Масалан, бизнинг АҚШ долларида жойлаштирган суверен облигацияларимизнинг даромадлилиги иккиламчи бозорда 9,5% фоизгача кўтарилиб кетди. Бу бизнинг олдинги йилларда жойлаштириб бўлган облигацияларимизнинг фоиз тўловларига таъсир қилмайди, чунки улар ўзгармас (fixed), аммо 2022 йилги бозор ҳолатида янги облигацияларни 9,5% атрофида жойлаштирган бўлар эдик. Солиштириш учун, 2021 йилда чиқарилган суверен облигацияларимизнинг фоиз ставкалари эса йиллик 3,7–3,9 фоизни ташкил этади.

Биз облигацияларни асосан республика бюджети тақчиллигини қоплаш учун чиқарамиз ва 2022 йилда ҳам йилнинг 2 чорагида чиқариш режалаштирилган эди. Аммо, биз бундай бозор ҳолатида суверен облигацияларни чиқармасликка қарор қилдик ва унинг ўрнига ички бозор учун облигацияларимизни, яъни давлат ғазначилик облигацияларимиз ҳажмини 2 баробарга ошириш ҳамда халқаро молия ташкилотларидан имтиёзли кредитлар олиш орқали бюджет тақчиллигини қоплаш бўйича йил бошида режалаштирилган маблағларни жалб қилишга эришдик.

Облигация чиқариш бўйича келаси йилги режалар ҳақида гапирадиган бўлсак, Молия вазирлиги келажакдаги барча облигацияларни БРМ ёки яшил облигациялар тамойилларига боғланган ҳолда чиқаришни олдига мақсад қилиб олган.

Аммо, агар халқаро молия бозорлари ҳолати ҳозиргидек қолса, унда 2023 йилда ҳам суверен халқаро облигациялар чиқармаймиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

  • Молия вазирлигининг БРМ облигациялари бўйича Маблағларнинг тақсимланиши ва улар ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг Ўзбекистон БРМга таъсири юзасидан ҳисоботи

Мавзуга оид