Ўзбекистон | 20:12 / 20.03.2019
8170
2 дақиқада ўқилади

Эрон, ЖАР ва Ҳонгконг фуқаролари учун виза режими соддалаштирилди

19 мартдан эътиборан Эрон, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ва Ҳонгконг фуқаролари Ўзбекистонга кириш учун электрон виза олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидан кўчмас мулк харид қилган Эрон, ЖАР ва Ҳонгконг фуқаролари мамлакат ҳудудида яшаш ҳуқуқини қўлга киритади. Kun.uz мухбири ишончли манбага асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон ҳукумати фуқаролари электрон кириш  визаси олиш имконига эга мамлакатлар рўйхатини кенгайтирган эди. 

Халқаро муносабатлар ривожи, мамлакат туризм соҳаси ривожига ижобий таъсир кўрсатувчи инвестицион иқлимни яхшилаш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Фармони билан 2019 йилнинг 19 мартидан ушбу мамлакатлар рўйхатига шунингдек Эрон Ислом Республикаси, Жанубий Африка Республикаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ҳонгконг махсус маъмурий минтақаси ҳам киритилди. 

Айни шу Фармон билан Эрон, ЖАР ва Ҳонгконг фуқаролари Ўзбекистонда кўчмас мулк харид қилиш шарти билан мамлакатда яшаш ҳуқуқига эга бўлишади. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида яшашни истаган хориж фуқаролари ҳудудлар кесимида қуйидаги қийматдаги кўчмас мулк объектини харид қилишлари керак бўлади: 

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида: 400 минг доллардан;

Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида: 200 минг доллардан;

Бошқа вилоятларда: 100 минг доллардан бошлаб.

Шу муносабат билан яқин вақт ичида Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар оқими янада кўпайиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид