Назарбоев ягона эмас! Муддатидан олдин истеъфога чиққан президентлар
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг президентлик муддати тугамай туриб ўз ваколатларини топшириши нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё бўйича ҳам кутилмаган воқеа бўлди. Назарбоев собиқ иттифоқ давридан буён узлуксиз давлат раҳбари бўлиб келаётган МДҲ доирасидаги сўнгги президент эди.
Аммо дунё сиёсати тарихида ваколатидан муддатидан олдин воз кечган давлат раҳбарлари талайгина қайд этилган. Биз янги тарих доирасидаги бир нечтасини санаб ўтамиз.
Борис Ельцин. Россия. 1999 йил, 31 декабрь
Фаолиятининг сўнгги йилларида Ельцин латифалар ва карикатуралар қаҳрамонига айланиб қолган, ёши, соғлиги, ақлий салоҳияти жиҳатдан давлат бошқарувини эплай олмаётганди. Ўша пайтларда ўтказилган сўровномалар натижаси агар шу кунларда президент сайловлари ўтказилса, Ельцин 2-3 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаслигини кўрсатган. Президент чуқур иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган давлатда ҳеч бўлмаса қаҳатчилик бўлмаслиги учун қисқа муддатда бир неча нафар бош вазирни алмаштирди. Улардан охиргиси ким бўлганлигини яхши биласиз, албатта.
Борис Ельцин 1999 йилнинг 31 декабрида, ҳамма янги йилни кутаётган бир пайтда ваколатидан воз кечиш учун ўзида куч топа олди ва бу кейинчалик унинг ҳаётидаги энг тўғри қарор дея баҳоланди.
Россия 2000 йилни, янги эрани нафақат янги ислоҳотлар, балки куч-қувватга тўла янги раҳбар – Владимир Путин билан кутиб олди. Тез орада бўлиб ўтган сайловларда Путин ғалаба қозонди ва президент сўзидан кейинги “в.б.” қўшимчасидан қутулди.
Жейкоб Зума. ЖАР. 2018 йил 14 февраль
Африка қитъасининг энг ривожланган давлатларидан бири бўлган ЖАР президентининг ҳам ўша пайтда камида бир йиллик муддати бор эди. Аммо коррупция билан боғлиқ можарога аралашиб қолган президент ўз ваколатини муддатидан олдин топширишга қарор қилди.
Ҳукмрон партия бўлган “Африка миллий конгресси”нинг босимига дош бера олмаган Жейкоб Зума тўғридан-тўғри эфирда “мен туфайли партияда зиддият бўлмаслиги ва қон тўкилмаслиги учун ўз ваколатимдан воз кечмоқдаман”- дея баёнот берган.
Жоржо Наполитано. Италия. 2015 йил 14 январь
Фаолияти давомида давлатнинг асосий бошқарувчиси бўлган беш нафар бош вазирни алмаштиришга улгурган Жоржо Наполитано жаҳон тарихидаги энг ёши улуғ давлат раҳбарларидан бири эди. 1925 йилда туғилган Наполитано 2006 йилдан бошлаб 2015 йилга қадар Италия президенти лавозимида ўтирди. Гарчи бу лавозим давлат бошқарувида асосий бўлмаса-да, Наполитанонинг жаҳон сиёсатида обрўси баланд эди. Шунга қарамай, 90 ёшни қоралаб қолган Жоржо Наполитано ўз ваколатидан муддатидан олдин воз кечишга қарор қилди ва сиёсат фахрийларидан бирига айланди.
Кристиан Вульф. Германия. 2012 йил 17 февраль
“Мен фуқаролар ишончини йўқотдим. Шу сабабли ўзимни бундан буён президентлик лавозимни эгаллашга нолойиқ ҳисоблайман. Ўз вақтида хатолар қилганимни тан оламан, аммо бирор марта қонунни бузмаганман. Мен ва оилам ОАВда бизга қарши тарқалган хабарлардан чуқур изтиробдамиз. Истеъфога чиқаман ва ўринбосаримга йўл очаман”– деган эди Кристиан Вульф тўғридан-тўғри эфирда.
Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган Германия президенти бундан хабар топган мухбирлар босимига чидай олмади. Уни ҳатто астойдил ҳимоя қилган канцлер Ангела Меркелнинг қўллаб қувватлаши ҳам қутқариб қола олмади.
Вульфнинг айби кўпчилик давлатлар учун кулгили туюлади: Қуйи Саксонияда ишлаб юрган пайтларида у ўзининг тадбиркор дўсти томонидан тақдим этилган жуда қулай кредитдан фойдаланиб уй қургани ва Audi автомобилини бир неча соатга ижарага олганида жуда кам ҳақ тўлагани маълум бўлган. Бундан ташқари Вульф президентлигидан олдин (!) хотини билан саёҳат қилиб юрганида меҳмонхонада тунаши учун бир тадбиркор томонидан пул тўлангани ошкор бўлиб қолган.
Орасио Картес. Парагвай. 2018 йил 28 май
Гарчи бир неча ойлик ваколатидан воз кечган бўлса-да, Орасио Картес ҳам бу рўйхатга кира олди. Унинг бундай йўл тутишига ўзига хос сабаб бор эди. Гап шундаки, Парагвай президентларининг ваколатлари тугаганидан кейин улар сенаторлик лавозимини умрбод эгаллашади. Аммо бу лавозим сенатда овоз бериш ҳуқуқини бермайди. Орасио Картес эса сенаторлик ўрнини тўлақонли эгаллаш учун президентлик ваколатидан муддатидан олдин воз кечди ва сенат учун курашга киришди.
Кўриниб турибдики, муддатидан олдин истеъфо турли раҳбарлар томонидан турли давлатларда амалга оширилган. Аммо Нурсултон Назарбоевнинг истеъфоси бирор можаросиз, ҳокимият бошқарувида ютқазиш хавфи бўлмаган ҳолда, шунингдек ҳали салоҳиятини йўқотмаган бир пайтда юз бергани билан аҳамиятга молик.
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид
16:30 / 13.12.2024
Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев ҳаётига оид маълумотлар махфийлаштирилади
14:19 / 28.11.2024
Эркинжон Турдимов ишдан кетди
17:20 / 11.09.2024
Теодор Рузвелтдан Жо Байденгача – АҚШнинг энг ёш ва энг кекса президентлари ҳақида
18:42 / 30.08.2024