Ногиронлиги бўлган 12 ёшли бола энг яқин дўсти ёрдамида олти йилдан бери мактабга қатнаб ўқимоқда
Хитойдаги икки дўст ҳикояси "Яхши дўст бошингга кулфат тушганда билинади", деган мақолга ҳаётий мисолдир.
Хитойда яшовчи ногиронлиги бўлган бола ўзининг энг яқин дўсти ва синфдоши туфайли олти йил давомида мактабдаги ўқув машғулотларида иштирок этиш имконига эга бўлмоқда. 12 ёшли Сюй Биньян қуёшли кунда ҳам, ёмғирли кунда ҳам дўсти Чжан Цзени мактабга кўтариб келади. Сюй, шунингдек, дўстига синфлар ўртасида ҳаракатланишга ва тушлик қилишга ҳам кўмаклашади.
Xinhua агентлиги Хитойнинг жануби-ғарбидаги Сичуань провинцияси Мэйшань шаҳридаги икки ўқувчи ўртасидаги ажойиб дўстлик ҳикояси билан бўлишди.
Чжанга нисбатан бўйдор ва кучлироқ Сюй ОАВ вакиллари билан суҳбатда дўстига суянчиқ бўлиш унинг ўзига ёқишини айтган. Сюйнинг айтишича, Чжанни кўтариш у қадар қийин эмас.
"Менинг вазним 40 килограммдан ортиқроқ, Чжаннинг вазни эса бор-йўғи 25 килограмм, шунинг учун уни бемалол кўтариш мумкин", - дейди Сюй.
Чжан эса, ўз навбатида, дўстининг бундай ёрдамини муносиб равишда қайтара олмаслигидан хижолат.
"Сюй Биньян менинг энг яхши дўстим. У ҳар куни мен билан бирга ўқийди, суҳбатлашади ва ўйнайди. Доим менга ғамхўрлик қилаётгани учун ундан жуда миннатдорман", - дейди Чжан.
Бугунга келиб Сюй ва Чжан - олтинчи синф ўқувчилари. Чжан 4 ёшлигида унда камдан-кам учровчи мушаклар касаллигини аниқлашган. Бедаво касаллик туфайли Чжан оёқлари мушакларини назорат қила олмай қолган. Шу боис у мустақил равишда ҳаракатлана олмайди.
Дўсти Сюй унга ўз ёрдамини таклиф қилганидан кейин у бошқа болалар сингари мактабга қатнаш имконига эга бўлди.
Маҳаллий нашрлар билан бўлган суҳбатда Сюй муҳтожларга ёрдам беришни ўз бурчи деб билишини айтган.
"Мен дўстимдан жисмонан каттароқман. Унга мен ёрдам бермасам, ҳеч ким ёрдам бермас эди", - дейди у.
Шундай бўлса-да, биргаликда ҳаракатланиш улар учун ҳар доим ҳам осон кечмайди. Масалан, болаларнинг бир синф хонасидан 70 метр нарида жойлашган ҳожатхонагача бориши учун одатда уч дақиқа кетади.
Зинапояли жойларда эса Сюй Чжанни елкасида кўтариб ўтади.
Сюй, шунингдек, дўстига уйга берилган вазифаларни бажаришга ҳам кўмаклашади. Бундай дўстлик, шубҳасиз, содиқлик, сабр-қаноат ва қатъийликни талаб қилади.
Уч йил давомида Чжанга Сюйдан ташқари яна бир ўқувчи дўсти ёрдам берган. Бироқ учинчи синфда у бу мактабдан кетган.
Манбада таъкидланишича, Сюй кўп йиллардан буён эзгу ишларни бажаришда давом этган ва ҳеч қачон ўқитувчилари ёки синфдошларига шикоят қилмаган. У ўзини меҳнаткаш, ёрдамга шай ва тарбияли ўқувчи сифатида намоён қилган.
Анча вақтгача ҳатто Сюйнинг онаси ҳам ўғлининг дўстига кўмак бериши ҳақида билмаган. Аёлнинг айтишича, унинг камтар ўғли оила даврасида бундай ишлари билан мақтанмаган, унинг ўзи ҳам бу ҳақида ўғлининг синфдошларидан эшитган.
Сюйнинг келажакдаги энг катта орзуси - улғайгач, атрофдаги муҳтожларга ёрдам беришда давом этиш ва жамият учун фойдали иш қилиш.
Мавзуга оид
15:03 / 10.12.2024
Хитой коронавирус Уҳан лабораториясида яратилганини рад этди
15:02 / 10.12.2024
Олимлар экологик тоза қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини топди
20:48 / 09.12.2024
Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин биринчи марта Си Жинпинг билан суҳбатлашди
20:07 / 03.12.2024