Жаҳон | 20:18 / 02.04.2019
27212
3 дақиқада ўқилади

БМТ сайёра аҳолиси сонини маълум қилди 

Сайёрамиз аҳолиси сони 2019 йилда 7,7 млрд кишини ташкил қилмоқда, 2050 йил охирига келиб эса 9,7 млрд кишига етади. Бу ҳақда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида бошланган Аҳоли ва тараққиёт комиссиясининг 52-сессиясида маълум қилинди.    

Хусусан, дунё аҳолиси сони жорий аср охирида 11 млрд кишигача етади.

БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммаднинг маълум қилишича, охирги 25 йилда ўта ночор шароитда яшовчи одамлар сони анча қисқарган, оналар ўлими кўлами 40 фоизга пасайган, одамлар умр кўриши давомийлиги анча ошган.

“1994 йилдан 2019 йилгача даврда 5 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 54 фоизга қисқарган. Дунёда умр кўриш давомийлиги 1994 йилдаги 64,9 ёшдан 2019 йилда 72,3 ёшгача ошган ва 2030 йилгача яна икки йилга узаяди. Бутун дунёда аҳоли фаровонлиги даражаси анча ўсган”, дейилган БМТ ҳисоботида. 

Муҳаммаднинг таъкидлашича, жорий демографик тенденциялар – аҳолининг жадал кўпайиши ва мобиллиги, кекса ёшлилар улушининг ошиши ва урбанизация жиддий экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга олиб келмоқда, бироқ шу билан бирга янги имкониятлар очмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, аҳоли сони ўсиши ва иқтисодий ўсиш ишлаб чиқариш ва истеъмол кўламининг ошишига олиб келди, бу эса ўз навбатида атроф-муҳит учун оғир оқибатларга айланмоқда.

Ҳисоботда аҳоли сони ўсиши унинг қариши, туғиш даражаси пасайиши ҳамда жадал урбанизация билан бирга кечмоқда. Ҳозирда дунёда ўртача туғиш даражаси бир аёлга 2,5 болани ташкил қилаётган бўлса, 2030 йилда 2,4 болани ташкил қилади. 

65 ёш ва ундан катта одамлар улуши умумий аҳоли сонида ошиб бормоқда. Ҳозирда Европада уларнинг улуши умумий аҳоли сонининг 19 фоизини, Шимолий Америкада эса 16 фоизини ташкил қилмоқда ва 2050 йилга келиб бу кўрсаткичлар мос равишда 28 ва 23 фоизгача ўсади.  

Ҳисоботда маълум қилинишича, дунё аҳолисининг 56 фоизга яқини шаҳарларда яшайди. Келажакда аҳоли ўсиши шаҳар аҳолиси ўсиши ҳисобига юз беради. 2030 йилда шаҳарлар аҳолиси умумий аҳолининг 60 фоизини, 2050 йилда 68 фоизини ташкил қилади. 

Ўзбекистонга келсак, республикамизнинг доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 октябрь ҳолатига 33085,2 минг кишини ташкил этган.

Мавзуга оид