Жаҳон | 07:27 / 08.04.2019
13060
2 дақиқада ўқилади

АҚШ маршал Ҳафтардан Триполига юришни тўхтатишни талаб қилди

Фото: AP Photo/Andrew Harnik

АҚШ маршал Ҳалифа Ҳафтар армияси бўлинмаларидан Ливия пойтахти Триполига юришни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео айтиб ўтди.

“АҚШ Триполи яқинидаги жанговар ҳаракатлардан хавотирда. Биз Ҳалифа Ҳафтар кучларининг ҳужумига қарши эканлигимизни равшан тушунтирдик ва Ливия пойтахтига қарши бу ҳарбий операцияларни дарҳол тўхтатишга чақирамиз. Кучлар аввалги позицияларига қайтиши лозим”, деб айтилган Помпеонинг ёзма баёнотида.

Давлат котибининг айтишича, “Триполига бир томонлама ҳужум оддий фуқаролар ҳаётига хавф солади ва ливияликлар учун яхшироқ келажакка истиқболларга путур етказади”. 

Помпеонинг таъкидлашича, АҚШ ихтилофнинг ҳарбий ечими йўқлигига ишончи комил. “Шу сабабли АҚШ халқаро майдондаги шериклари билан Ливия етакчиларига БМТ бош котибининг махсус вакили воситачилигида сиёсий музокараларга қайтишлари учун босим ўтказишни давом эттирмоқда. Сиёсий ечим – мамлакатни бирлаштириш учун ягона йўлдир”, деб ўз сўзларини якунлаган АҚШ давлат котиби. 

Мавзуга оид