Жаҳон | 20:14 / 11.04.2019
7383
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Ассанжга 5 йиллик қамоқ жазоси хафв солмоқда

Фото: Victoria Jones / PA / AP

АҚШ адлия вазирлиги WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШ ҳукуматининг махфий компьютер тизимини бузиб кириш мақсадида собиқ разведкачи Челси Мэннинг билан тил бириктиришда айбламоқда. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди. 

Айблов хулосасида Ассанж Мэннингга Пентагондаги компьютерларнинг паролини бузиб, уларга киришда ёрдам бергани айтилган.

The Guardian нашрининг ёзишича, шу сабабли Ассанжга 5 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда. АҚШ адлия вазирлигининг таъкидлашича, Ассанж Мэннинг билан ёзишиб турганда уни кўпроқ махфий маълумот беришга ундаган.

11 апрелда Ассанж Британия полицияси томонидан Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида ҳибсга олинди. Ассанжга 7 йил паноҳгоҳ тақдим қилган Эквадор унинг ҳимоясини таъминлашдан бош тортган.

2012 йилда Ассанж Швецияга экстрадиция қилинишидан хавотирланган. У бу давлатда зўравонликда айбланган. Бироқ унга қарши тергов 2017 йилда тўхтатилган. Ассанж АҚШга экстрадиция қилинишидан ва у ерда унга махфий ҳужжатларни эълон қилгани учун ўлим жазоси берилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

2013 йилда ҳарбий Брэдли Мэннинг давлат сирларини ошкор қилгани ва жосуслик учун 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У WikiLeaks’га 700 мингга яқин махфий ҳужжат, жумладан америкалик ҳарбийлар томонидан Ироқ аҳолисининг ўлдирилиши видеоёзувини берган. Кейинроқ собиқ ҳарбий жинсини ўзгартириб, исмини аёллар исми Челсига ўзгартирган. 2017 йилда ўшандаги президент Барак Обама Мэннингнинг қамоқ муддатини қисқартирган ва у озодликка чиқа олган.

Мавзуга оид