Спорт | 18:34 / 15.04.2019
15184
11 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Мойзе Кин. Аллегри яшираётган жавоҳир, «Ювентус»нинг айёрлиги ва футболчининг кумирлари ҳақида

Фото: AFP/Getty Images

Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи ўйинлари яқинлашиб, “Ювентус” Криштиану Роналдудан эҳтиёткорлик билан фойдалана бошлаган ва А Серия ўйинларида аралаш таркибларни тушираётган бир пайтда Мойзе Кин чақнади. Уни италиялик ёки туринлик мухлислар жуда яхши танийдилар, аммо биз учун 19 ёшли ҳужумчи сюрприз бўлди.

Албатта, ўзи майдонга тушган ҳар бир ўйинда майдонни голсиз тарк этмай, Роналдусиз ҳам “Ювентус”ни чемпионлик томон қадам ташлаб боришига бу қадар ҳисса қўшишини клубда ҳам кутмаган бўлишса керак. Энди Аллегрига бу жавоҳирни яшириб юриш осон бўлмайди. Эътиборингизга sports.ru сайтида эълон қилинган мақолани ҳавола қиламиз. Бу ерда Мойзе Кин ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин. 

У 2000 йилнинг 28 февралида Италияда, Верчелли процивинциясида дунёга келган. Мойзе Кин аслида “Ювентус”да эмас, “Интер”да пайдо бўлиши мумкин эди.

Яқинда Мойзенинг отаси Биру Жан Кин Италия радиоларидан бирига берган интервьюсида ўғли болалигида “нерадзурри”га мухлис бўлгани, ўйинларни қолдирмай томоша қилиб, клуб либосини олиб беришни илтимос қилгани, келажакда “Интер”да ўйнаш орзуси бўлгани ҳақида айтиб берди. Аммо туринликлар мухлиси бўлган ота ўғлини “Ювентус” академиясига етаклаб келади. 

Бундай ҳикояларнинг кўпи ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Киннинг отаси шунақароқ, тинмасдан оммага жар солиб, Италия фуқаролигини олишга уринади ва шу билан биргаликда иммигрантлар сонини камайтириш ҳақида бонг уради. Бир пайтлар Биру оиласини пулсиз ташлаб кетган, алимент тўламаган, фақат Мойзе Киндан келажакда катта футболчи чиқиши аниқ бўлиб борган пайтларда яна пайдо бўлди. Энди эса, жаноб Биру “Ювентус”дан фермасида ишлатиш учун трактор сўрайдими-ей, ўғлини етти йилдан бери кўра олмаётганидан шикоят қиладими-ей...

Мойзе бу борада кўп асабийлашади ва тан олишга тўғри келганида, барчаси учун фақат онасидан миннатдор эканини яширмайди. Онаси дам олиш кунларисиз меҳнат қилишига тўғри келар, ўғилларини машғулотларга ўзи олиб борар ва керак бўлганда улар билан футбол ҳам ўйнарди. Баъзида беш ёшли Мойзени ташлаб кетиш учун жой топилмас, шунинг учун акаси Жованни (12-13 ёшларда) уни ўзи билан бирга “Асти” академиясига, ўз машғулотларига олиб кетишига тўғри келарди. У ерда Мойзе катталар билан футбол ўйнашни жуда хоҳлар, аммо доимо рад жавобини оларди. Шундай бўлса-да, уни юпатиш учун тўп бериб қўйишар, беш ёшли Мойзе ўша пайтларданоқ соатлаб турли финтлар ва зарбаларни ўрганишни бошлаганди. 

“Мойзега тўпни бериб қўйилса бўлди, ўзини бахтли ҳис қиларди, - ҳикоя қилади онаси Изабель хоним. - У кун бўйи тўп тепар, машғулотлардан келиб ҳам дриблингларни машқ қиларди. Менга бошим билан тўпни қайтаришимни илтимос қиларди, айтганини қилмагунимча тинч қўймасди”.

Мойзега айниқса, футболга катта тезликда кириб келган Обафеми Мартинс жуда ёқарди. Нигериялик ушбу футболчининг камчиликлари кўп бўлган, аммо унинг ўта юқори темпи барча камчиликларини “ювиб юборарди”.  Обафемининг тезланиши енгил атлетикачилар даражасида эди ва ҳар қандай иккинчи тўпларга ҳаммадан тез етиб оларди. “Интер” баъзи пайтларда, ўйинни соддалаштирарди - Мартинсни рақибнинг сўнгги ҳимоячиси билан бирга жойлаштирар ва энди, тўпни олдинга тепиб юбориш кифоя, Обафеми бу тўпни эгаллаб оларди.

2006 йилда Обафеми “Ньюкасл”га ўтди ва энди Марио Балотелли Киннинг навбатдаги кумирига айланди. 18 ёшли Марио ранг-баранг ўйнай олиши-ю, даҳшатли жисмоний формаси билан ҳаммани оғзини очиб қўйганди. Гўё бир неча йилдан кейин, уни умуман тўхтатиб бўлмайдигандек туюларди. Шу билан бирга, у техник томондан ҳам жуда яхши шаклланган, умуман, агар ҳақиқий италиялик қора танли футболчини тасаввур қилиш керак бўлса, Балотелли мос тушарди.

Шу тариқа, ёш Кин учун икки нафар футболчи модели пайдо бўлди ва бугунги Мойзенинг ўйинида мана шу икки юлдузнинг хусусиятларини осонлик билан пайқаш мумкин. Киннинг оёқлари нисбатан анча узун ва улар ёрдамида улкан қадамлар ва юқори тезлик ёш футболчига жуда қўл келади. Худди Мартинс каби, сўнгги ҳимоячилар билан яқин ўйнайди ва бўш зоналарни тезлик билан эгаллаб олади. Худди Супер Марио каби, аксарият яккакурашларда ғолиб чиқади ва тўпни гавдаси билан яшира олади. Ва айтиш мумкинки, вазиятлардан фойдаланиш бўйича иккала кумирини ҳам ортда қолдиради. 

“Кин доимо очиқ зоналарга ҳужум қилади, унинг ўзига хос ва ғалати услуби бор” – дейди Кьеллини. - “Эмполи” дарвозасига урилган гол Трезегени ёдга солади. Мойзе Балотеллидан ҳам кучлироқ, узоқ масофалардан берадиган зарбалари ҳам яхшироқ”.

Марио Балотелли Киннинг ёшида А Серияда 11 гол уришга улгурганди. Ҳар бир гол учун 185 дақиқа сарфланган. Ўшандан буён Марио учта чемпионатда ўйнади, олти марта клуб алмаштирди, Италия терма жамоасини Евро-2012 финалига олиб чиқди ва ўзига яраша яхши кўрсаткичларга қарамасдан, ўз клубларида ҳамманинг жонига тегиб улгурарди. Обафеми 23 ёшидан кейин 7 мамлакатда ўйнади, йилдан йилга ўйин савияси ва ўйнаётган клублари пасайиб борди ва оғир жароҳатдан сўнг, футболни тарк этди. Айтиш мумкинки, иккови ҳам кутилган ўйиннинг ярмини ҳам намойиш қила олмадилар якунда.

Мойзенинг футболга кириб келишини портлашга ўхшатиш қийин. У 2016 йилда дебют қилди, 19 ёшида А Серияда 9 гол муаллифи бўлди. Ушбу мавсумдаги кўрсаткичи – ҳар 52 дақиқада бир гол: Мойзе қаердандир пайдо бўлиб қолмади, олдиндан режалаштирилган ҳолда таркибга кириб келмоқда. Энг муҳими, характер жиҳатидан ҳам у Мартинс ва Балотеллидан фарқ қилади.

У Дон Боскода шуғулланиб юрган пайтларда, тунлари Библия ва авлиёлар ҳақидаги бошқа китобларни ўқирди, ичкилик ҳақида эса биринчи марта ўша Балотелли ҳақидаги хабарлардан билган бўлса керак. У мунтазам ибодат қилади, ҳар бир голидан сўнг, худога миннатдорчилик билдиради, қўлига эса, меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини англатувчи рамзни чиздириб олган.

Шунинг учун ҳам Кин ҳар доим бошқалардан ажраб турган, муваффақият қозонган. Дон Боскодаги турнирларда ҳар якшанба ғолиб бўларди, етти ёшида “Асти”даги кўрикда илк учрашувдаёқ покер қилганди. У етти ёш бўлса-да, ҳатто ўн бир ёшлилар ўртасида ҳам ўзини кўрсатар, доим ҳам уни тўхтатиб қола олишмасди. Икки ҳафта ўтиб, Ренато Бьязи – собиқ дарвозабон ва Мойзенинг мураббийи, эски танишларини ишга солади ва “Торино”да Мойзе учун кўрик ташкил қилади. Туринликларга ёқиб қолиш учун Мойзега бир неча дақиқа кифоя қилди.

Бир неча йил ўтиб, “Ювентус” Кинни ўзига оғдириб олиш учун айёрлик қилади. Мойзе “Торино”даги машғулотларга “Асти”дан келган икки дўсти билан биргаликда қатнар ва ҳеч қаерга кетишни истамасди. “Ювентус” унга клуб базаси бўйлаб экскурсияга таклиф қилади ва у ерда сайр қилиб юрган Недвед ва Дель Пьеро билан “тасодифан” рўпара келиб қоладилар. Улар билан танишган Кин эрта-ю кеч “бьянконери”ни ўйлай бошлаганди. 

“Ювентус” Мойзени болакайлигида олиб кетди ва ҳақиқий эркакка айлантирди, майдонда ҳам, ҳаётда ҳам тарбиялади. Клуб унинг учун оталик вазифасини бажарди”, дейди Изабель хоним. 

Киннинг “Ювентус”даги мурабийи Коррадо Грабби эди. “Ювентус”да омади чопмаган собиқ футболчи Мойзе кабилар учун идеал мос келарди. Грабби 19 ёшида “Юве”даги дебют ўйинида гол муаллифи бўлган, 1994/95 мавсумда жамоа билан бирга чемпионликни ютган, аммо доимий жароҳатлар туфайли кўринмай кетганди. Фаолиятидаги муваффақиятсизликлардан сўнг Коррадо ўз хулосасини чиқарган: “18-20 яшар йигитчани аввало, ҳаётга ўргатиш керак. Агар ҳеч ким ўргатмаса ва доим жазоланаверсанг, ўсмайсан. Мураббийлар шу учун керак”.

Икки мавсумда Мойзе 50 ўйинда 59 та гол урди. Бу натижа U-16 жамоасида 14 ёшли бола томонидан кўрсатилганди. 15 ёшида ўсмирлар ўртасидаги Чемпионлар лигасида майдонга тушди. 16 ёшида “Ювентус”нинг асосий жамоасига ўтказилди, Буффоннинг ёқимтойига айланди, охирги уч йилда бир қатор рекордлар соҳиби бўлди.

Мойзе 2000 йилда ва ундан кейин туғилган футболчилар ичида топ-4 чемпионатларида майдонга тушган, Чемпионлар Лигасида ўйнаган, топ-5 лигаларида гол урган, Италия терма жамоаси сафида гол урган илк футболчидир. Хуллас, ҳамма жабҳада у тенгдошларини ортда қолдириб кетди. У янги даврда туғилганлар ичида биринчи бўлиб катта футбол оламида номини танитди ва энди, табиийки, бу даврнинг рамзи сифатида тилга олинаверади.

Балки шунинг учун ҳам, Аллегри уни ҳадеб майдонга ташлагани шошилмаяпти, ҳатто Манжукич яхши формада бўлмаган пайтларда ҳам Мойзега имконият кам бериляпти. Мураббийга Мойзенинг атрофидаги гап-сўзлар, унинг яқинлари билан тинимсиз интервьюлар ва турли рекордлар ҳақидаги хабарлар ёқмаяпти. Энди мана шундай шов-шув авж олиши билан Аллегри ҳужумчини захирага қайтармоқда.

Аллегри Мойзенинг улкан салоҳиятини билади ва шунинг учун эҳтиёткорлик билан ёндашаётгани таҳсинга сазовор. Италияга биринчи Кин керак, иккинчи Балотелли эмас.

Мавзуга оид