Ўзбекистон | 09:36 / 21.04.2019
29131
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентига ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Қордай туманидаги «Тошкент—Олма-ота» трассасининг 181-километрида 20 апрель шанба куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 05:09 да 49 нафар йўловчини олиб кетаётган Van Hool русумли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Бу фожиа оқибатида 11 киши ҳалок бўлди. Улардан 8 нафари Қозоғистон, 3 нафари Ўзбекистон фуқароси эди.

32 нафар киши турли даражадаги тан жароҳати олган, уларнинг 13 нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Барча жабрланганлар Қордай туман касалхонасига етказилган.

«Жароҳатланганларнинг уч нафари оғир аҳволда», — дейилади Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотида.

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра фавқулодда вазиятлар, ташқи ишлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар вакилларидан иборат ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия аъзолари жабрланганларга ёрдам кўрсатилишини ташкил қилиш ва ЙТҲ сабабларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб келди. Ҳукумат комиссиясига Қозоғистон томони билан келишилган ҳолда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни Ватанга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатишни ташкил этиш вазифаси топширилди», — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ахборотида.

Мавзуга оид