Light | 00:49 / 16.05.2019
21016
7 дақиқада ўқилади

50 нафардан ортиқ кишига инфекция юқтириб, ўзи соғлом бўлган ошпаз тарихи

«Терламали Мэри» - эллик нафардан ортиқ кишига ич терламасини юқтирган, ўзи эса соғлом ҳолда қолган аёлни айнан шундай аташган. У билан юз берган вазият бирор кимса сезиларли белгиларсиз ҳам хавфли инфекция тарқатувчиси бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Инглиз тилидаги “Терламали Мэри” (Typhoid Mary) – турдош отга айланди. Касалликларни қасддан ёки ўзи билмаган ҳолда тарқатган кишиларни шундай аташади.

Ўзининг гуноҳсизлигига кучли ишонган, бироқ мажбуран оролга сургунга юборилган ва у ерда умрининг жами 26 йилини ўтказган аёл тарихи қуйидагича.

Ҳаёт учун хавфли инфекцияга эга ошпаз

Фото: © Lupo / Wikimedia

Мэри Мэллон 1869 йилда Шимолий Ирландиянинг энг қашшоқ туманларидан бирида туғилди. Тахминан 14-15 ёшларида у Америка Қўшма Штатларига кўчиб кетди. Бироз вақт ўтгач бадавлат хонадонларда ошпаз бўлиб ишлай бошлади. У таомни яхши пиширар, уй эгаларида шикоят учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди.

1900 йилдан 1907 йилга қадар у 7 та турли оилаларда ишлаб улгурди. Кичик Мамаронек шаҳридаги икки ҳафталик фаолиятидан кейин у ерда ич терламаси билан касалланган илк беморлар пайдо бўлди. Мэри Манхэттенга кўчиб ўтди, бироқ у ишга жойлашган оила аъзоларида безгак ва қорин оғриғи бошланди, кир ювувчи аёл эса вафот этди. Кейинчалик касаллик унинг изидан юра бошлади: адвокат оиласидаги 8 кишидан 7 таси ич терлама касаллигига чалинди, кейинги уйда эса 11 кишидан 10 таси касалланди. Мэри узоқ вақт давомида беморларга ғамхўрлик қилишда ёрдам берди, бироқ унинг ўзи кўпроқ зарар келтираётгани етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. У яна 3 та оилани алмаштирди, уларнинг барида вазият такрорланди.

Нью-йорклик банк ходими Чарльз Уорреннинг уйига келганида Мэри ҳаётида муаммолар пайдо бўлди. Уоррен Теодор Рузвельтнинг ёзги Оқ уйига яқин бўлган Лонг-Айлендда уйни ижарага олади. У Мэрини ошпаз сифатида ўзи билан олиб кетди.

Фото: © GK tramrunner229 / Wikimedia

Лонг-Айленд. Теодор Рузвель уй музейи. Чарльз Уоррен унинг ёнидаги қасрни ижарага олган.

Олти нафар киши ич терламага чалиниб ётиб қолганидан кейин жамият ҳайратга тушди. Бу касаллик харобалар, қашшоқлик касаллиги ҳисобланган ва жамиятнинг юқори қатламига тегишли эмас деб саналарди. Уй эгаси ич терлама ҳақидаги хабарлар уйни яна ижарага беришига халақит қилиши мумкинлиги борасида хавотирга тушади ва касаллик сабабини аниқлаш учун санитария инспектори Жорж Соперни ёллайди.

Шафтоли солинган музқаймоқ

Фото: © Depositphotos

Сопер водопроводни текширади, кейин эса столга тортилган моллюскаларни ўрганди – улар касаллик чақириши мумкин эмаслиги аниқланди. Шубҳаларнинг бари Мэрига бориб тақалди, чунки у тайёрлаган таомлар термик қайта ишланар ва терлама бактериясига эга бўлиши мумкин эмасди. Столга шафтоли солинган музқаймоқ тортилганини билиб, Сопер айнан ошпаз касаллик тарқатувчиси эканига ишонч ҳосил қилди.

Ўша вақтда бу ақл бовар қилмас кашфиёт эди, чунки ҳеч ким соғлом одам касалланиш манбаи бўлишига шубҳа қилмасди. Ўз назариясини тасдиқлаш ва инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида инспектор ирланд аёлни излашга тушди.

Мэри доимий равишда оилаларни ўзгартиргани учун уни топиш осон бўлмади. Мэрини ич терламадан иккинчи ўлим ҳолати юз берганидан кейин топишга муваффақ бўлди. Бу сафар ошпаз бадавлат оила ёш қизининг умрига зомин бўлганди.

Фото: © Bettmann / Contributor / Getty Images

Сопер Мэри ишлайдиган ошхонага келди ва уни таҳлиллар топшириш зарурияти ҳақида ишонтиришга ҳаракат қилди. Бироқ аёл унга ошхона санчқиси билан ҳужум қилди. Сопер эса қочишга мажбур бўлди ва бироз вақтдан кейин шифокор билан бирга келди.

Беш нафар полициячи ёрдамида ошпазни олиб кетишди. Мэри айбдор бўлмаса ҳам уни ноқонуний таъқиб қилишаётганига ишонарди. Аёлни тутишда иштирок этган шифокор у билан битта тез ёрдам машинасининг ичида ўтириш ғазабга тўла шер билан бир қафасда бўлишдек эканини айтади.

Мэри топширган таҳлил натижалари унинг ўт пуфагида терлама бактерияси мавжудлигини тасдиқлади. Сўров натижаларида аёл овқат тайёрлашдан аввал қўлини камдан-кам ювгани аниқланган.

Оролда илк қамоқ муддати

Фото: © Bettmann / Contributor / Getty Images
Норози Мэри Мэлон 1907 йили касалхонада

Аёлни Норт-Бротер оролига 3 йилга изоляцияга юборишди. У билан бирга яшаган тирик мавжудот фақат ит эди. Мэри 2 йилдан кейин судга берди, бироқ қарор унинг фойдасига ҳал бўлмади. Аёл норозилигининг ўз сабаблари бор эди: у ўз қўллари билан топширган таҳлиллар касалликнинг ҳеч қандай белгисини кўрсатмади (эҳтимол, ўша вақтда унда ремиссия бўлган). Ўз-ўзидан у ноқонуний тарзда ушлаб турилганди.

Уч йил ўтгач, Мэри ошпаз бўлиб ишламаслик шарти билан қўйиб юборилди. Озодликка чиқиш илинжида аёл розилик берди.

Дастлаб ҳақиқатан ҳам кир ювувчи бўлиб ишга жойлашди. Бироқ бу иш учун кам тўланар ва у оғир эди. Узоқ ўйлаб ўтирмай Мэри ўз исмини ўзгартирди ва яна ошхонага ишга кирди. Беш йил давомида озодликда юришга муваффақ бўлди. Туғруқхонага ишга жойлашгунига қадар касаллик ва ўлимни тарқатиб юрди. Браун хоним номли касалхонада 25 киши терлама билан касалланиб, икки нафар киши вафот этгач, ёлғон фош бўлди. Мэллон яна қўлга олинди.

Иккинчи ва сўнгги қамоқ

Фото: © reivax / Riverside Hospital / Wikimedia

Норт-Бротер оролидаги ташландиқ «Риверсайд» касалхонаси. Бу ерда Мэри Мэллон 1932 йилда апоплексия хуружигача сўнгги 6 йил вақтини ўтказди.

Сўнгги қамоқ муддати

Норт-Бротердаги сўнгги қамоқ муддати умрининг охирига қадар – 23 йил давом этди. Бироз вақт ўтгач, аёлга ҳамшира бўлиб ишлашга рухсат берилди. У сил касаллиги билан оғриган беморлар касалхонасида пробиркаларни юварди. У машҳур кишига айланди ва унинг олдига журналистлар тез-тез келиб туришарди. Мэрининг қўлидан бир стакан сув олиш ҳам ман этилганди.

Мэри 1938 йилда зотилжамдан вафот этди.

Фото: © Wikimedia Commons

Аёл уйларни тез-тез алмаштиргани ва турли исмлар остида ишга жойлашгани учун ҳозирга қадар «Терламали Мэри» қурбонларининг аниқ сони маълум эмас. Кўпчилик манбаларда у 50 нафарга яқин кишини зарарлагани ҳақида айтилган. Сопернинг қайдларига кўра, бу рақам 122 тага етган, улардан 5 нафари вафот этган.

Мавзуга оид