Жамият | 18:52 / 23.05.2019
21249
4 дақиқада ўқилади

«Молочная кухня» текширувига «номи ошкор этилмаётган ташкилот» аралашган — Суд ишидан репортаж

22 май куни Чилонзор туман маъмурий суди биносида судья Абдулла Муҳиддинов раислигида Diyor Biznes компанияси раҳбари Шуҳрат Қаюмов даъвосини кўриб чиқиш иши давом этди.

«Молочная кухня» бренди остида сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолияти Республика ДСЭНМ раҳбарининг талаби билан апрелда тўхтатиб қўйилганди. Мутасадди орган ушбу қарорни турли важлар билан асослаган, хусусан корхона жойлашган ҳудудга яқин жойда ҳайвон жасади ташланган ўра ва хавфли микробиологик, бактериологик ва иммунобиологик дорилар қолдиғи топилгани ҳақида маълумот келтирилган. Шуҳрат Қаюмов ушбу важлар асоссизлигини айтди ва ДСЭНМ раҳбарининг қарорини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилди.

Бир ой давомида ишни кўриб чиқаётган судья 22 май куни Республика ДСЭНМнинг тадбиркорлик фаолиятини текширувига розилик берган Бизнес-омбудсман институти вакили ва Республика ДСЭНМ ўз қарорида асосланган хат муаллифи — хавф ҳақида маълумот берган ташкилот — Фармацевтикани ривожлантириш агентлигидан вакилнинг судда ҳозир бўлишини сўраганди.

Бизнес-омбудсман вакили Миршод Насруллаевнинг айтишича, текширув олиб бориш қоидалари бузилмаганди. Вакил «номи ошкор этилмаган ташкилот» томонидан Тошкент вакцина ва зардоблар ишлаб чиқариш илмий текшириш институтида («Молочная кухня» корхонасига яқин ҳудудда)  атроф-муҳит учун катта хавф мавжудлиги ҳақида маълумот олганини айтди. Аммо ахборот махфийлаштирилгани туфайли маълумот манбаси судда айтилмади.

«Молочная кухня» юристи Жалолиддин Исоқов «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, фуқаронинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборот давлат сирларига мансуб деб топилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, юрист Бизнес-омбудсман имзолашга ҳақли бўлган ҳужжатга унинг ўринбосари ноҳақ имзо қўйганини айтди. 

«Омбудсман жисмонан вазифасини бажариш имкониятида бўлмаганда, унинг ўринбосари ваколатларни ўз зиммасига олади. Айни ҳужжат имзоланган пайтда омбудсман Дилмурод Қосимов Фарғона вилоятида эди», — дейди вакил.

Шуҳрат Қаюмов суд мажлисида Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва кадастри бошқармаси томонидан берилган маълумотномани судьяга тақдим этди. Судья суд иштирокчилари ва кузатувчиларига маълумотномани ўқиб эшиттириди. 

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва кадастри бошқармаси Тошкент вакцина ва зардоблар ишлаб чиқариш илмий текшириш институти майдонида ҳайвонлар қабристони мавжудлиги ёхуд хавфли препаратлар сақланиш омбори ҳақида маълумот йўқлигини билдирган. Аммо судда кўрсатма берган Фармацевтикани ривожлантириш агентлиги Шерзод Алимқулов институтда хавф мавжудлигини эшитгани ҳақида гапириб, батафсил маълумотга эга эмаслигини билдирди.

«Билганим шуки, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан институт майдони ва бинолар оператив бошқариш ҳуқуқи билан агентликка берилган. Шунингдек, унинг хусусийлаштирилган бўлаги ҳисобланган «Молочная кухня» кадастри ҳам бекор қилинган. Улар ўз истаги билан кадастр ҳужжатларини топширишдан бош тортганди, шундай қилиб ҳужжатлар бир томонлама бекор қилинган», — дейди у.

Шуҳрат Қаюмов ер-жой масаласида Олий суд қарори мавжудлиги, ноқонуний имзоланган ҳужжатлар ўз кучида эмаслигини таъкидлади. Судья ҳар икки томондан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилишини сўради. Томонлар музокарага тайёргарлик кўргунга қадар, суд ишида танаффус эълон қилинди.

Мавзуга оид