Ўзбекистон | 18:37 / 25.05.2019
108674
4 дақиқада ўқилади

Депутат кундузи чироқ ёқиб юриш ва жарималар бўйича қонунчиликдаги «ўйин» ҳақида гапирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров «Муносабат» кўрсатуви давомида кундузги вақтда автомобилларнинг яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриши бўйича ўз фикрини билдириб ўтди.

«Вазирлар Маҳкамаси йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилди, бироқ ҳужжат тегишли талабларга жавоб бермайди. Биринчидан, ҳужжатда аниқ сана кўрсатилмаган. Ўзгаришлар қачондан бошлаб кучга кириши керак эди? Ҳужжат матнининг ўзи ҳам таҳрир қилиниши керак. Аввал чироқларни сутканинг ёруғ вақтида ёқиб юриш керак дейилган. Бу ҳужжатда айтилишича, чироқларни куннинг ёруғ вақтида. Кун шундоқ ҳам ёруғ-ку. Иккинчидан, жарима ва унинг миқдорлари одатда қонунчилик ҳокимияти билан мувофиқлаштирилади. 2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритдик, лекин ўшанда гап мотоцикллар, колонналар ва автобуслар ҳақида борганди», - деди депутат.

Депутатнинг фикрига кўра, ИИВ жаримани 2016 йилда жорий қилган, қоидалар эса 2019 йилда кескин ўзгартирилди.

«Улар жаримани 2016 йилда жорий қилишган. Ўшанда депутатлар бу ғояни қўллаб-қувватлашди, сабаби йирик габаритли ва кам габаритли транспорт воситалари ҳақиқатдан ҳам ёқилган чироқ билан ҳаракатланиши керак эди. Жорий йилда улар матнни ўзгартиришди ва барча ҳайдовчиларни ёппасига жаримага тортишни бошлашди», - дея таъкидлаб ўтди халқ вакили.

Шунингдек, депутат Адлия вазирлигини ҳужжатнинг ҳуқуқий экспертизасидаги пассив роли учун койиди. Унинг айтишича, жаримани киритаётган пайт депутатларнинг розилигини олиш учун бошқа сабаб баҳона қилиб кўрсатилиб, кўпчилик овоз олинган.

«Мен яқинда сайлов округига бордим ва таксига ўтирдим. Ҳайдовчи менга чироқларни кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам фаралар ва симлар куйиб кетган. Лупа эриган. Бу факт. Демак, ҳеч нарсани ўрганиб чиқишмаган. Энди ҳайдовчи барибир зарарга тушмоқда. Биз, депутатлар, чироқларни фақат автобуслар ва мотоцикллар кундуз куни ёқиб юриши ғоясини қўллаб-қувватладик», - деди у.

Бундан ташқари, халқ вакилининг маълум қилишича, депутатлар қонун лойиҳасини тайёрлаш ва бу масалани қайта кўриб чиқишни мўлжалламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 10 майдан кундузги вақтда яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юрмаганлик учун ҳайдовчилар жаримага тортила бошлади. Жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 50%ини ташкил этади. Такрор содир этиш санкция миқдорига таъсир кўрсатади – ўта «ашаддий» қоидабузарларга ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида жарима солинади ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан ярим йилга маҳрум этилади.

Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш мажбурийлиги борасида сўров ўтказди

1 891 киши қатнашган сўровда 40% респондент “аввал ҳайдовчиларнинг фикрини ўрганиш керак эди” деб жавоб берди. Худди шунча респондент бу нотўғри қарор бўлганлигини айтди. Бу қарорни 15% киши қўллаб-қувватлаган бўлса, 5% респондент жавоб беришга қийналаётганини билдирган.

Мавзуга оид