Жамият | 22:55 / 27.05.2019
26532
2 дақиқада ўқилади

“Ҳисобни ноль-ноль қилувчи” фирибгарлар қўлга олинди 

Фарғона шаҳрида яшовчи Ш. Юсупова 24 май куни номаълум кишилар пул эвазига Мажбурий ижро бюросида ишловчи танишлари орқали унинг табиий газдан бўлган қарзини ёпиш ва ҳисоблагич кўрсаткичини орқага қайтариб беришларини айтаётганликлари ҳақида ариза билан мурожаат қилди, деб хабар беради МИБ матбуот хизмати. 

Хабарда айтилишича, Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ташкил этилган тадбирда Ш.Юсупованинг хонадонига муқаддам “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Фарғона шаҳар филиалида назоратчи бўлиб ишлаган А.Аҳмедов ва чилангар бўлиб ишлаган Ш.Ахуновлар келишади. Улар 200 АҚШ доллари ва 650 минг сўм эвазига табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги сабабли ҳисобланган 3 млн сўм моддий зарарни йўқ қилиб бериш ҳамда газни ҳисобга олиш ускунасидаги 10647 куб метр кўрсаткични “ноль-ноль” қилиб бериш учун ечиб олиб кетишади.

Сўнгра улар газни ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичини 00008 куб метр қилиб ўзгартириб Ш.Юсупованинг хонадонига ўрнатишади ва ундан кимёвий ишлов берилган 200 доллар ва 650 минг сўм пулни олаётган вақтларида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат бўйича А.Аҳмедов ва Ш.Ахуновларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид