Иқтисодиёт | 21:14 / 24.06.2019
6999
2 дақиқада ўқилади

ФАОга Хитойдан янги раҳбар сайланди

23 июнь куни Хитой вакили Цюй Дунъюй БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори лавозимига сайланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Сайлов ташкилотнинг Римдаги бош қароргоҳида ФАОнинг 41-сессияси доирасида бўлиб ўтди, унда қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Хитой вакили учун 191 аъзо давлатнинг 108 таси овоз берди. Бош директор лавозими учун Катрин Жеслен-Ланеель (Франция) ва Давид Кирвалидзе (Грузия) номзодлари ҳам илгари сурилди.

Ҳисоб бўйича саккизинчи ФАО бош директори 1 август куни лавозимига киришади. Унинг ваколати 2023 йил 31 июлда тугайди. ФАОнинг ҳозирги раҳбари бразилиялик Грациано да Силва ташкилотни 2011 йилдан буён бошқариб келмоқда.

ФАО 1945 йилда ташкил этилган, бўлиб, унинг стратегик мақсадлари очликка қарши кураш, қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчиликнинг ҳосилдорлик ва барқарорлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларида қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Ўзбекистон ФАОга 2001 йилда аъзо бўлган. 2014 йилда Тошкентда ташкилот ваколатхонаси очилган. Келгуси йилнинг май ойида Ўзбекистонда илк бор БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилотининг Европа учун ҳудудий конференцияси ўтказилади.

Мавзуга оид