Фан-техника | 08:50 / 26.06.2019
37730
2 дақиқада ўқилади

Смартфонларнинг янги хавфи аниқланди 

Фото: iStock

Смартфонлар мия касалликларига олиб келиши-келмаслиги ҳали охиригача номаълум. Бироқ шуниси маълумки, мобил қурилмалар бактериялар, вируслар, замбуруғ ва бошқа зарарли микроорганизмлар ўчоғи ҳисобланади.

Смартфонлар унитаз ўриндиғидан ҳам ифлосроқ бўлиши ҳақида микробиологлар бир неча йил аввалоқ огоҳлантиришган. Энди эса смартфонларнинг ўзида инфекцияларни йиғиши билан боғлиқ янги хавф аниқланди.

Гап шундаки, шифокорлар томонидан тиббиёт муассасаларида қўлланувчи смартфонлар ўзида касаллик қўзғатувчи патоген микрофлорани тўплайди. Сан-Паулу Ғарбий университетида (Бразилия) ўтказилган тадқиқот мобил қурилмаларда аниқланган бактерияларнинг 85 фоизи пенициллин антибиотикига чидамли эканини, 50 фоизи эса юқори адгезия, яъни юзаларга ёпишиб олиш қобилиятини намойиш қилган.

Тадқиқот давомида тиббиёт курслари – стоматология, биомедицина, ҳамширалик иши талабалари смартфонларининг патоген флораси ўрганилган. Улардан ҳамшираларнинг смартфонларида энг кўп бактериялар аниқланган.

“Уяли телефонларнинг шифохоналар ва тиббиёт муассасаларида кенг қўлланиши шифохона ичидаги инфекцияларнинг айниқса юқори гигиена стандартлари амал қилиниши керак бўлган жойларда, масалан, операция хоналарида тарқалиши билан боғлиқ жиддий хавотир уйғотади”, деб айтган университет профессори Лиззиан Кретли.

Унинг айтишича, тиббий ходимларга алоқада қолиш ва маълумот излашда ёрдам берувчи смартфонлар шу билан бирга беморларга юқиши мумкин бўлган бактериялар учун резервуар бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид