Жаҳон | 23:04 / 08.07.2019
25089
2 дақиқада ўқилади

Атамбоев ички ишлар вазирлигига сўроққа бормаслигини маълум қилди 

Фото: Sputnik / Табылды Кадырбеков

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев журналистларга ички ишлар вазирлиги бош тергов бошқармасига сўроққа бормаслигини маълум қилди.

Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ президенти 9 июлга гувоҳ сифатида ички ишлар вазирлигига чақиртирилгани маълум қилинганди. Унинг Кой-Тошдаги уйига сўроққа келиш ҳақидаги чақириқ қоғози етказилган. Ҳозирча Атамбоев қайси иш бўйича сўроққа чақиртирилгани номаълум.

Атамбоев чақириқ қоғозини кўрмаганини ва барча ҳужжатларни ўзининг ҳуқуқий масалалар бўйича вакили Сергей Слесаревга беришини айтган.

“Ҳокимият ҳуқуқий майдон ташқарисига чиқиб, айбловлар билдириш билан ўйин уюштирган бир вақтда нима учун сўроққа боришим керак? Мен уларнинг қоғозларини қўлимга олмайман. Улар бу қоғозларни Слесаревга жўнатишлари мумкин. Улар уюштирган циркда ўйнаш ниятим йўқ”, деб айтган собиқ президент.

Маълумки, Қирғизистон ички ишлар вазирлиги жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича тергов олиб бормоқда. Бу Атамбоев алоқадор бўлиши мумкин бўлган 5 та жиноий эпизоддан бири ҳисобланади.

Қирғизистон Жогорку Кенеши 27 июнда Атамбоевни собиқ президент мақомидан маҳрум этиш ҳақидаги қарорни қабул қилди. Шу тариқа, собиқ президент дахлсизликдан ва бир қатор имтиёзлардан маҳрум бўлган.

Мавзуга оид