Light | 15:40 / 08.07.2019
16575
6 дақиқада ўқилади

Ёввойи билим: ҳеч ким ўргатмайдиган нарсани қандай ўрганиш мумкин?

Harvard Business Review университетда олаётган билимларимиз эндиликда етарли бўлмаса, нимани ўрганиш кераклигига ойдинлик киритди.

Ахборотга тўлиб-тошган оламда нима қилиш керак? Инновациялар қаердан пайдо бўлади? Университетда олаётган билимларимиз эндиликда етарли бўлмаса, нимани ўрганиш керак? Иқтисодчи ва “Фанк усулидаги бизнес” бестселлери муаллифи Кьелл Нордстрем ва швед маърузачиси ва собиқ сиёсатчи Пер Шлингман ўзларининг «Urban Express: асосий роллар шаҳар ва аёлларда бўлган янги дунёнинг 15 қоидаси» китобида ана шу ва бошқа саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.

Фото: Unsplash

Билим куч бўлса, у ҳозирда кўпчиликда мавжуд. Умуман олганда, ҳамма бир хил билимга эга. Бироқ аслида кучлар тақсимланган. Эндиликда у Кембриж ёки Бостоннинг тор кўчаларидаги чиройли ғиштли биноларда тўпланмаган.

Биз билимлар оламига бевосита назар солишимиз мумкин. У барча ерда мавжуд. Биз уни ёнимизда олиб юрамиз ва дунёни катта ва кичик экранлар орқали кузатамиз. Улар бизга янги ўйин майдонларини очишди, барча ана ўша ерда тўпланишади. Ёзиш мумкин бўлган жами нарсаларни рақамлаштириш мумкин. Ҳатто ўқув муассасаларининг ўзи ҳам тобора бир-бирига ўхшаб кетмоқда. Бутун дунё архитекторлари ахборотни умумий илм манбаидан олишмоқда. Агар шубҳаланаётган бўлсангиз, яқинингиздаги янги меҳмонхона ёки савдо марказини кўздан кечиринг. Уларда билимларнинг жами ҳажми коллективлаштирилмоқда. Бу албатта, ажойиб. Тобора кўпроқ одамлар инсоният томонидан тўпланган билимдан фойдаланмоқда. Бу ерда оддий “қанча кўп бўлса, шунча яхши” тамойили ишлайди. Бироқ илгари яхши ҳаётни таъминлаш учун етарли бўлган олий маълумот биз учун “гигиеник омил” – ўз-ўзидан керак бўлган нарса сифатида қабул қилинмоқда.Биз эса умримиз давомида ўқиб ўрганишимиз лозим. Ҳозирги кунда бу жараён ҳеч қачон тугамайди. Ўқув муассасасидами, унинг ташқарисидами, бу муҳим эмас. Билимларнинг умумий ҳажми кундан-кунга ўзгариб, ортиб бормоқда.

Мактаб ва университетларда олинаётган билимлар етарли эмас экан, биздан нима талаб этилади? Саволнинг жавоби оддий бу – ёввойи билимлар...

Юқорида номи келтирилган китобда ёввойи билимни қўлга киритиш учун асосий тўрт тамойил таклиф этилган.

1. Ишга киришинг ва олға интилинг

Ёввойи билимнинг энг муҳим ўзига хос жиҳати – унинг асосида тажриба ётади. Кийим-кечак дизайнери бўлишни истайсизми – кийим тикинг. Ёзувчи бўлишни истайсизми – ёзинг. Актёр бўлишни орзу қиласизми? Сизга таклиф этилаётган ролларни ижро этинг. Тасаввур қилинг, сиз устахонадасиз ва ҳунарни жараён давомида ўрганасиз. Тажриба тўплаш орқалигина ҳеч қаерда ёзилмаган билим ва кўникмаларни орттириш мумин. Бироз вақт ўтгач, бари қандай тузилганини тушунишни бошлайсиз ва воқеаларнинг кейинги ривожини айтиб бера оласиз. Олдиндан ҳис эта олиш шакллана бошлайди.

2. Ёввойи билим бор ерда бўлинг

Ёввойи билим юқумли. Шунинг учун кейинги қадам – унга эга инсонлар ёнида бўлинг. Иккита йўналишда ҳаракатланиш керак – одамлар ва жойларга. Ёввойи билимга эга инсонлар бўлади, бироқ шундай жойлар ҳам мавжудки, у ерда муайян соҳаларда ёввойи билимларга эга инсонлар тўпланади. Майкл Портер уларни «голливуд» ёки кластер деб атайди. У ерда дунё миқёсидаги компания ва мутахассислар тўпланади. Кўпинча улар муайян шаҳар ёки шаҳарнинг у ёки бу қисмида бўлади. Дунёда бу каби жойлар кўп. Оддий қоида жуда содда: керакли одамлар билан мулоқот қилинг ва керакли жойларда бўлинг.

3. Ёввойи билимларни рақсда ўрганамиз

Бир қарашда аввалги иккита асосий тамойил бунисига қараганда мантиқий бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ мусиқа ва рақс ўрганишга ҳисса қўшади. Ҳатто катталарда ҳам. Мавжуд фикрларга зид равишда, ҳозирда олимлар мусиқани ижро этиш ва тинглаш бизнинг ақлий қобилиятларимизга таъсир қилишини айтишмоқда. Кичик ёшиданоқ мусиқа тинглайдиган ва ўзлари ижро этадиган кишилар билимларни ўзлаштириш борасида энг яхши қобилиятларга эга бўлишади. Инсоннинг асаб тизими уни ўраб турган атроф-муҳитнинг таъсирини ҳис этади. Турли маданий фаолиятлар ижобий самара бериши замонавий тадқиқотларда исботланган.

4. Ўзингизда мавжуд нарсалар билан қўшишга ҳаракат қилинг

Ҳар бир одам ўзига хос ва бетакрор. Ҳозирги кунга қадар маслаҳатлар жуда оддий бўлган: иш жараёнида ўрганинг, бирор ёввойи билимни ўзлаштирган кишилар билан танишинг; тўғри жойларда бўлинг; рақсга тушинг.

Бир қарашда бу ҳаракатларнинг тушунарли, чизиқли кетма-кетлигига ўхшайди. Ўрганишнинг стандартлаштирилган усули. Универсал рецепт. Бироқ бундай эмас. Ёввойи билимни кўчириб олиш имконсиз. Унинг таркибий қисмлари жуда кўп. Унинг ички алоқаси жуда мураккаб. Шунинг учун шахсий ғаройиб ёндашувни излаб топиш керак. Сизнинг кичик оламингиз сизнинг шахсий хусусиятларингиз асосидаги билимлар асосида ташкил топади.

Бундай янги билим одатда турли билимлар туташган ерда ҳосил бўлади. Турли соҳалардаги қизиқарли ва фойдали маълумотларни бир-бири билан қўшган ҳолда ишлатиш жуда муҳим. Тадқиқотчилар буни соҳалараро билимлар деб аташади. Ўзингизни билимлар доираси ёки ташкилий тузум чизмалари билан чекламанг.

Дунёда  чекловлар талайгина. Макроэкономика ва микроэкономика. Поп ва рок. Бироқ раллидаги пойгачига айланишни истасангиз, балетнинг сеҳрли олами билан танишишга ҳаракат қилинг. Профессионал футболчи бўлмоқчимисиз, Қадимий Рим ҳақида ўрганинг. Олимпия ўйинлари ана ўша ерда ўйлаб топилган. Ғоянинг ўзи содда. Қандай икки  кўникма бирор янги нарсани дунёга келтириши мумкинлигини ҳеч қачон билмайсиз.

Мавзуга оид