Жамият | 14:50 / 09.07.2019
5785
4 дақиқада ўқилади

Судочьедаги ёнғин оқибатида ҳайвонот дунёсига зарар етмаган — Экология қўмитаси

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳудудидаги Судочье кўллар тизимида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.

«4 июль куни интернетда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Судочье кўллар тизимида содир бўлган ёнғин тасвирлари тарқалди.

5 июль куни мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасида ушбу кўллар тизимида содир этилган ёнғинни баратараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, табиатга етказилган зарарни аниқлаш мақсадида тезкор гуруҳ тузилиб воқеа жойига юборилди.

Тезкор гуруҳ таркиби Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Мўйноқ тумани ер ресурслари ва кадастр бошлиғи ва Мўйноқ тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи ҳамда «Мўйноқ аква саноат» ДУК масъул ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Экология ва Орол бўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича котибияти, Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари Экология ва Орол бўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарларидан шакллантирилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Судочье кўллар тизимидаги ёнғин 4 июль куни соат 15:30 атрофида Судочье кўллар тизимининг шарқий-жануб қисмидаги Қоратеренг бўлимида чақмоқ натижасида оролчалардан бошланиб шамол натижасида атрофдаги қамишзорларга ва шимолий-жануб ҳамда қирғоқ бўйи минтақасига тарқалган. Ёнғин кўл ўртасидаги оролчаларда юз бергани ва ёнғинга яқин бориш имкони мавжуд эмаслиги сабабли ёнғинни ўчиришнинг иложи бўлмаган. Чунки ёнғин бошланган майдонларда моторли қайиқ ёки оролчалар усти қамиш бўлиб таг қисми сувли ботқоқ бўлиб одам кириб бориши мумкин бўлмаган.

Ёнғин туфайли жами ёнган майдон 278 гектарни ташкил этиб, шундан, «Мўйноқ аквасаноат» ДУКга қарашли майдони 111,2 гектар, «Судочье» орнитологик буюртмахонасига қарашли майдони 166,8 гектарни ташкил этади.

«Судочье» орнитологик буюртмахонаси ҳудуди ёввойи ҳолда яшовчи ондатра, ўрдак (бир неча турлари), ғоз, оққуш, бирқозон, қоравой, фламинго ва бошқа ҳайвонот дунёсига зарар етказилган ҳолат учрамади. Чунки сувда сузувчи қушлар ва бошқа ҳайвонот турлари яшаш макони ва улар баҳор ойларида тухум қўйиб кўпаядиган ҳудуд ҳисобланади. Лекин ўрганиш давомида ҳайвонот дунёси нобуд бўлган ҳолат қайд этилмади. Чунки ҳозирги кунга келиб полапонлар катта бўлиб бемалол сувда сузиб юрадиган даражада ўсиб улғайган.

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Судочье кўллар тизимидаги қамишзорларга ёнғин туфайли етказилган зарар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарорининг 14-иловаси асосида ҳисобланиб, табиатга етказилган зарар жами 225 435 760 сўмни ташкил қилди.

Ўрганиш давомида ёнғин келиб чиқишининг сабаблари юзасидан суриштирув олиб борилганда Мўйноқ тумани ёнғин ҳавфсизлиги бўлимининг ҳамда Мўйноқ туман «Метеостанция» бўлимининг хулосасига кўра, 2019 йил 4 июль санасида содир бўлган табиий чақмоқ натижасида юзага келган деган хулоса берилди.

Ёнғин 2019 йил 6 июль куни соат 23:00лар атрофида ўчган», дейилади қўмита хабарида.

Мавзуга оид