Жамият | 02:39 / 11.07.2019
10849
3 дақиқада ўқилади

Экспортга тўғаноқ бўлаётган ҳашаротлар

Фото: Pixabay

2019 йил бошидан 19 февралгача (бир ярим ой давомида) Ўзбекистондан Қозоғистонга 700 тоннадан зиёд анор экспорт қилинган ҳамда 1 млн АҚШ доллари миқдорида даромад олинган. Аслида экспорт ҳажми ва ундан келадиган даромад бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди. Аммо маҳсулотдан «комсток қурти» чиққани боис анорнинг бир қисми экспортдан қайтган. Бу ҳақида Hurriyat нашри хабар бермоқда.

Қурт чиққанидан кейин қўшни давлат Ўзбекистондан анор олиб киришга тақиқ кўринишидаги вақтинчалик карантин фитосанитар чекловлари қўйилган. Кейинчалик бу тақиқ олиб ташланди, лекин ҳашарот ҳужумига учраган анор истеъмолга яроқсизлиги боис экспортдан қайтгани маълум қилинди.
Ҳашаротлар ҳужумининг экспортга таъсири илгари ҳам қайд этилган: 2016 йилда экспортга мўлжалланган қовун таркибида қовун пашшаси аниқлангани боис Корея Республикаси ҳам айни чорани қўллаган.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларнинг 50 фоизи зарарли организмлар таъсирида нобуд бўлади.

«Комсток қурти тут, шафтоли, анор, маккажўхори, картошка, сабзи, лавлаги, карам, помидор, қовоқ, қовун, тарвуз каби 300га яқин ўсимликнинг душмани ҳисобланади. Қовун пашшаси эса полиз экинлари вегетацияси даврида қовуннинг 90-100 фоиз, тарвузнинг 20-25 фоиз, қовоқнинг 5-10 фоизини исроф қилади» , ─ дейилади мақолада.

Баён қилинишича, «Ўздавкарантин»  ташаббуси билан ўсимликларни турли зарарли организмлардан ҳимоя қилишда муайян ҳашарот ва зараркунандага қарши курашнинг долзарб 15 кунлигини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Республиканинг барча туман ва шаҳарларида 200дан зиёд «Ўсимликлар клиникаси»  ташкил этилган. 

«Аммо ҳар бир фермер ва деҳқон фитосанитар маданиятга якка тартибда риоя қилиши, «Ўсимликлар клиникаси»  билан ҳамкорликда иш олиб бориши лозим. Акс ҳолда, зараркунандалар кўпайиб, эпидемия тарқалиши мумкин, бу эса ҳосилга ва экспорт ҳажмига таъсир қилмай қўймайди» , ─ дейилади мақолада.

Мавзуга оид