Видео: Намангандаги «Чорсу» бозорида йирик ёнғин содир бўлди
21 июлга ўтар кечаси Наманган шаҳри марказидаги «Чорсу» бозорида йирик ёнғин содир бўлди.
«Наманган шаҳрида шу йил 21 июль куни соат 01:38ларда Уйчи кўчасида жойлашган «Чорсу» деҳқон бозорида ёнғин содир бўлган. Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган. Ёнғин оқибатида деҳқон бозорида ёнма-ён жойлашган дорихона, сартарошхона ва парфюмерия маҳсулотлари савдо дўконларининг 200 кв.м. майдони ҳамда нон растасининг 600 кв.м. майдони ёниб зарар кўрган. Жароҳат олганлар йўқ.
Ёнғин электр симларини қисқа туташувидан келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабарида.
Наманган вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мутасаддиларига кўра, бозорнинг нон растаси аланга олган. Растанинг шифт ҳамда том қисмидан 600 квадрат метр жойи ва жиҳозлар, бозор ҳудудига туташ «Зулайҳо саноат савдо» МЧЖга қарашли дорихона ва учта савдо дўконининг шифт, том қисмидан 200 квадрат метр жойи жиҳозлари билан, жами 800 квадрат метр майдон ёнган.
Ушбу дўконлар атрофида бўлган «Москвич-412» русумли автомобил ҳам ёниб кетган.
Ёнғин тунги соат 02:00 атрофида қуршаб олинган ва 45 дақиқада ўчирилган. Бўлинмалар томонидан 1600 квадрат метр майдон офатдан сақлаб қолинган. Ёнғинни бартараф этишда 12 та экипаж иштирок этган.
Интернетда ёнғин видеолари ва унинг оқибатлари акс этган суратлар тарқалган.