Жаҳон | 20:44 / 22.07.2019
107344
6 дақиқада ўқилади

Бердимуҳаммедов биринчиси эмас: ўлганга чиқарилган давлат раҳбарлари

Фото: Capress

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўлими тўғрисидаги тасдиқланмаган хабар яшин тезлигидан дунёни айланиб чиқди. Кейинчалик бир неча расмий туркман манбалари томонидан хабар рад этилди. Ҳозирча Бердимуҳаммедовнинг ўзи оммага кўриниши бериш орқали бу миш-мишларни рад этишни лозим топгани йўқ.

Тарихга назар ташласак, қатор давлатлар раҳбарлари тириклик чоғларида ўлдига чиқарилганига гувоҳ бўлиш мумкин. ОАВ, хусусан телевидение ривожланмаган пайтларда, ҳатто газеталар ҳам бўлмаган даврларда бундай миш-мишлар кўп тарқалган ва уларни рад этиш осон бўлмаган. Сабаби, аксарият одамлар шоҳни ёки қиролнинг тиригини ёки суратини кўрмаган, қиёфаси ҳақида тасаввурга эга бўлмаган. Давлат раҳбари ўз тириклигини исботлаши ҳам осон бўлмаган, сабаби ўша – жонли кўрсатишнинг иложи йўқ, одамлар эса кўпроқ салбий овозаларга кўпроқ ишонади.

Бобур Мирзонинг набираси Жалолиддин Акбар ҳам суиқасд қурбони бўлиб, маълум пайт оғир аҳволда ётганида унинг ўлгани ҳақида миш-мишлар болалайди ва душманлари ғимирлаб қолишади. Аммо тез орада оёққа турган ҳукмдор шаҳарларни айланиб аҳолини тинчлантириб чиқади.

Ўтмиш-ку тушунарли, лекин замонамиз президентларининг ўлими ҳақидаги хабарлар ҳам вақти-вақти билан тарқалиб туради.

Борис Ельцин

1996 йилнинг ноябрь ойида Россия президенти Борис Ельцин ўз ваколатини бош вазир Виктор Черномирдинга топширди ва юрагидаги дардини операция қилдириш учун даволанишга кетди. Тарқалган иттифоқнинг талотўплари босилмаган, Россия иқтисоди ва сиёсати чуқур таназзулда бўлган, камига Чеченистон ва Афғонистонда Россияга душман кайфиятида бўлган кучлар бош кўтара бошлаган пайтлар эди. Бундай вазиятда президентнинг ўлими ҳақида хабарлар ҳақиқий шов-шувларни келтириб чиқарди.

Лекин Борис Ельцин операциядан эсон-омон чиқади ва яна 4 йил президентлик қилади. Аммо 1998 йилда ҳам унинг ўлими ҳақида хабарлар тарқалган.

Уго Чавес

Венесуэланинг собиқ президенти, АҚШга қарши жарангдор хитоблари билан танилган Уго Чавес охир-оқибат чиндан ҳам ракдан ўлди. Аммо унга қадар бир неча марта унинг жони узилгани тўғрисида хабарлар тарқалган ва шунча марта Чавеснинг ўзи ёки сафдошлари бу хабарларни рад этишганди. Бундай хабарлар бежиз тарқалмасди. Чавес ўзини АҚШга қарши муқаддас урушга бел боғлаган қаҳрамон сифатида тақдим қилар, имкон туғилганда «катта оға»нинг жиғига тегишини қўймас, ўзига нисбатан суиқасдлар мунтазам тайёрланиб келишини таъкидларди. Унинг айрим фикрлари чиндан ҳам ўйга толдирарди. Лотин Америкасининг қатор президентларида саратоннинг оғир турлари бирин-кетин аниқланар ва улар навбати билан жон берарди. Чавес эса АҚШ рак касаллигини юқтириш йўлини топганини таъкидларди.

Жумладан Чавеснинг дўсти, Аргентина президенти Нестор Киршнер 2012 йилда, 60 ёшида ичак саратонидан ўлди. Унинг ўрнини эгаллаган беваси Кристина Фернандес де Киршнерда эса қалқонсимон без раки аниқланди. 2013 йилда Чавеснинг ўзи вафот этган бўлса, кейинчалик ҳам бу жараён давом этди.

Бразилия президенти Лула да Сильва 66 ёшида томоқ, унинг ўрнига келган Дилма Руссефда сут бези раки аниқланди. Бундай диагноз Парагвай президенти Фернандо Луго, Боливия президенти Эво Моралес, Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантос Кальдеронда ҳам борлиги ташхислар орқали ўз тасдиғини топган.

Фидель Кастро

Кубанинг ярим асрлик раҳбари ўз ҳаёти давомида 100дан 200тагача суиқасдга учрагани ҳақида унинг тансоқчиларидан бири ўз китобида ёзган. Аммо айрим маълумотларга кўра, Кастрога 600дан ортиқ суиқасд уюштирилган, лекин шунга қарамай бу уринишлар бирор марта муваффақиятли якунланмаган. Юқоридаги рақамларга кўпчилик шубҳа билан қараса-да, Фидель Кастро энг кўп суиқасдга учраган давлат раҳбари экани ўз исботини топган. Шу боис, Куба раҳбарининг ўлими тўғрисидаги хабарлар ҳам жуда кўп янграб турган ва шунча марта рад этилган.

Шунга қарамай, Фидель Кастро 2016 йилда, 90 ёшида ажали етиб вафот этди.

Михаил Горбачёв

СССРнинг биринчи ва охирги президентининг ўлими тўғрисидаги хабар 2015 йилда тарқалганди. Аммо тез орада «Горбачев жамғармаси» вакиллари томонидан рад этилди. Ғалати ислоҳотлари билан миллионлаб инсонларнинг ғазабига дучор бўлган Михаил Горбачев ҳамон тирик ва турли тадбирларда мунтазам қатнашиб туради, сиёсий фикрлар билдиради.

Нурсултон Назарбоев

Назарбоевнинг президентликдан кетиши катта шов-шувларга сабаб бўлган бўлса, унинг ўлими ҳақидаги ёлғон хабар ҳам яшин тезлигида ижтимоий тармоқларни айланиб чиқди ва ҳатто айрим расмий ахборот дастурлари ҳам бу янгилик билан бўлишдилар. Аммо қардош қозоқлар йўлбошиси соғ-саломат ва ўз вазифаларини бажармоқда. Бу ҳақда бир неча расмий манба маълумот берган.

Мақола тайёрланаётган бир пайтда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалди ва Исроилнинг бир неча сайтлари бу маълумотни расман тарқатишга ҳам улгурди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид