Ўзбекистон | 16:33 / 13.05.2022
15235
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева ота-бола Бердимуҳаммедовлар билан учрашди

Ўзбекистон делегацияси бошчиси сифатида Ашхободга ташриф буюрган Танзила Норбоева Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси – Орқадоғ Гурбангули Бердимуҳамедовлар билан учрашув ўтказди. Шунингдек, Норбоева Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия аёллари мулоқотида ҳам иштирок этмоқда.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Бугун, 13 май куни Ашхобод шаҳрида бўлиб турган Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Олий Мажлис делегацияси Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашди.

Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда томонлар Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг ижобий динамикасини қайд этган. Шунингдек, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолияти муҳимлиги таъкидланган.

«Томонлар икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш зарурлигига келишиб олди», - дейилади хабарда.

Норбоева, шунингдек, ташрифи доирасида Туркманистон Миллий Генгеши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳаммедов (Орқадоғ) билан ҳам учрашди.

Орқадоғ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббусини юқори баҳолаган.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Томонлар, шунингдек олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан самарали парламент назорати муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, қонун чиқарувчи органлар имзоланган шартномаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш, шунингдек, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш бўйича саъй-ҳаракатларини амалга оширади.

Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация, шунингдек Туркманистон пойтахтида бошланган Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия аёллари мулоқотида ҳам қатнашмоқда

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Мавзуга оид