Жаҳон | 22:34 / 22.07.2019
15182
2 дақиқада ўқилади

Украина кемаси Мавритания яқинида чўкиб кетди

Украинага тегишли “Иван Голубец” океан траулери бортида узоқ давом этган ёнғиндан кейин Мавритания соҳиллари яқинида чўкиб кетди. Бу ҳақда 22 июлда Facebook’да Украина президентининг Қримдаги собиқ вакили Борис Бабин маълум қилди. 

Бабиннинг маълум қилишича, балиқ овловчи кема 21 июлда океанда чўкиб кетган. Кема бортида 90 киши бўлган, улардан икки нафари ҳалок бўлган. 

“Кеманинг воқеа олдидан тушунарсиз хатти-ҳаракатлари, автоматик идентификация тизими ўчирилиши ва жамоанинг кемани қутқариш вақтидаги ғалати ҳаракатлари мутахассисларга кема трюмларида балиқдан ташқари, яна қизиқроқ нимадир бўлганини тахмин қилишга имкон бермоқда. Бировга яхшиси кўрсатмаган маъқул бўлган нимадир”, деб қўшимча қилган Бабин. 

Кема Украина давлат компаниясига тегишли бўлиб, латвиялик тадбиркор томонидан бошқарилган. Бу кема Украинага тегишли 4 та океан кемасидан бири бўлган. Бу кемаларда тарихан Янги Зеландия ҳудудида балиқ овланган. 3 йил аввал “Иван Голубец”нинг жойи ўзгартирилиб, у Мавритания ҳудудига ўтказилган. 

Мавзуга оид