Фан-техника | 10:06 / 28.07.2019
20976
2 дақиқада ўқилади

Sony чўнтак ҳаво кондиционерини тақдим этди

Sony ўзининг Reon Pocket деб номланган портатив кондиционери учун тўловларни қабул қилмоқда. Бу танани совутиш ёки иситишда қўл келадиган кичик қурилмадир.

Reon Pocket кичикроқ смартфон ҳажмидаги Bluetooth-қурилмаси бўлиб, махсус кўйлакнинг бўйин қисмидаги чўнтакда жойлашади. Сўнгра, шунчаки дастурга уланиб, тугмани босишингиз билан митти қурилма иссиқликни юта бошлайди ёки тарқатади.

Жазирама кунларда мини-кондиционер ҳароратни цельсий шкаласи бўйича 13 даражага пасайтира олади. Қиш фаслида эса, қурилма саккиз даражагача илиқликни таъминлаши мумкин.

Гаджет iOS ва Android тизимларида ишлайди, унинг тўлиқ қуввати 24 соатга етиши кўзда тутилган. Аккумулятор USB-C орқали икки соатда тўлади. Ускунанинг оғирлиги атиги 85 грамм.

Reon Pocket'нинг 2 хил варианти ишлаб чиқилган. Стандарт ечимда созламалар кўпроқ ва автоматик тарзда ишлай олади. Осонлаштирилган муқобилини фақатгина қўлда бошқариш керак, шунга яраша унинг нархи пастроқ.

Кондиционернинг версияси ва у билан бирга сотиб олинадиган кўйлакнинг сонига қараб умумий нарх 117–175 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Гаджетни фақатгина Японияда буюртма қилиш мумкин.

Мавзуга оид