Жамият | 18:10 / 05.08.2019
10469
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёш олим онкологик касалликларга қарши селен нанозаррали препарат устида ишламоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Беларусь Республикасига қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилган ёш олимлардан бири – Ўзбекистон Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтининг етакчи илмий ходими Ҳайдар Юнусов Беларусь Миллий фанлар академияси Янги материаллар кимёси институтининг “Микро ва нанотузилишли препаратлар” лабораториясида илмий-амалий малака оширмоқда.

Ёш тадқиқотчининг таъкидлашича, “Нанотехнология” термини фанга кириб келганидан сўнг охирги йилларда инсон организмининг антиоксидантлик ҳимоя тизимининг таркибига кирувчи селен микроэлементига қизиқиш ортиб бормоқда. Ион шаклидан фарқли равишда, селен нанозарралари кам токсиклик ва юқори биологик фаолликка эга бўлиб, нафақат хавфли ўсимта келиб чиқишининг олдини олади, балки ўсимта ҳужайрасининг ўсишини блоклайди.

Бугунги кунда турли шаклдаги онкологик касалликларнинг мавжуд препаратларга барқарорлигининг ортиши сабабли маҳаллий хомашёлар асосида зарарсиз, самарали, арзон, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи препаратларнинг янги авлодини синтез қилиш истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Юқорида қайд этилган муаммоларни нанотехнология усулларини қўллаш орқали, яъни селен нанозарраларини Na-КМЦ матрицасида шакллантириш ва улар асосида биологик фаол эритма, гель, кукун, плёнкалар олиш, ҳамда уларнинг тиббий-биологик хоссаларини ўрганиш орқали бартараф этиш мумкин.

Бундан ташқари, ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси ва Беларусь давлат университети қошидаги “Унитехпром” УК билан тузилган шартномага биноан Ўзбекистон–Беларусь MRB-AN-2019-16 “Биопарчаланувчан табиий полимер матрицаларда барқарорлаштирилган селен нанозарралари асосида онкологик касалликларни даволашга йўналтирилган полимер шаклли дори воситаларини янги авлодини яратиш” халқаро лойиҳаси доирасида биргаликда кенг кўламда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

– Мазкур институтларда халқаро талабларга жавоб бера оладиган илмий лабораториялар мавжуд бўлиб, наноструктураларни аниқловчи замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бундан ташқари “Унитехпром” УК корхонаси онкологик касалликларни даволовчи субстанция ва дори воситаларини ишлаб чиқариш учун GMP халқаро сертификатига эга. Стажировка давомида “Цисплацел”, “Темозоломид”, “Темодекс”, “Проспиделонг” каби бир қатор ўсимта касалликларини даволашга йўналтирилган субстанциялар ва дори воситаларини ишлаб чиқариш жараёнларига гувоҳ бўлдик,- дейди Ҳ. Юнусов.

Мазкур йўналишда тадқиқотлар Ўзбекистонда таркибида селен нанозарралари тутган полимер таркибли, импорт ўрнини босувчи дори воситаларнинг янги оригинал авлодларини ишлаб чиқаришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид