Жамият | 11:44 / 13.10.2019
77620
3 дақиқада ўқилади

Аёлларда учрайдиган онкологик касалликлар. Уларни қандай аниқлаш ва даволаш мумкин?

Kun.uz соғлом ҳаёт лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учраётган ва олдини олиш долзарб бўлган касалликлар ҳақида маълумот беришда давом этади. Биз бу сафар аёлларда учрайдиган онкологик касалликлар ҳақида маълумот беришни мақсад қилганмиз. Аёлларда учрайдиган онкологик касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, даволаш ва олдини олиш йўллари тўғрисида олий тоифали шифокор Насиба Нигмаджанова тавсияларига қулоқ тутамиз.

“Аёлларда учрайдиган онкологик касалликлар жуда жиддий муаммо ҳисобланади. Бу касалликларнинг олдини олиш учун аёлларимизга бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтиш тавсия қилинади.

Барчамизга маълумки онкологик касалликлар ҳеч қандай сипмтомпларсиз, бирорта белгиларсиз вужудга келади. Оқибатда уларни аниқлаш имкони жудаям қийинлашади. Касаллик қанча кеч аниқланса, касаллик даражаларига қараб уларни даволаш имконияти ҳам анча пасаяди. Онкологик касалликлар қанча тез ташхис қўйилиб, эрта аниқланса уларга қарши курашиш шунча осонлашади.

Бугунги кунда дунёда кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда бачадон бўйни ва бачадон танаси раки жудаям кўп учрайди. Кўп ҳолларда аёллар кечикиб мурожаат қилишади. Бунинг сабаби ҳам бор. Касаллик белгиларсиз ривожланади.

Бир йилда бир марта марта аёлларни гинеколог кўрикдан, текширишдан ўтиш касалликни эрта аниқлашда ёрдам беради. Бу текширувларнинг самарали жиҳати шундаки, ҳужайралардаги энг кичик ўзгаришларгача олдиндан аниқлаб, вақтлироқ муолажаларни олиб бориш орқали аёлларда ҳеч қандай асоратлар қолдирмасдан, бу касалликни қайталанишининг олдини олиш имконини беради.

Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш

Касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича назариялар жудаям кенг қамровли бўлиб, аниқ бир сабабни келтириш қийин. Гормонал статуснинг ўзгариши, стресс ҳолати, ортиқча вазн ва моддалар алмашинуви бузилишлари онкологик касалликларнинг вужудга келишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари наслий омиллар, ташқи муҳитнинг ўзгариши, экологик ҳолат ҳамда кўпгина юқумли касалликлар ҳам касаллик ривожланишига таъсири бор деган назариялар мавжуд.

Бугунги кунда Ўзбекситонда онкологик касалликларни олдини олиш бўйича катта дастурлар амалга оширилмоқда. Касалликни эрта аниқлаш учун аёллардан бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтиб, ўзларининг соғлиқларига бефарқ бўлмасликларини илтимос қилардик. Чунки онкологик касалликларни даволаш жудаям қийин ҳамда катта маблағ талаб қилинади. Шунингдек, самара олиш узоққа чўзилиб, оқибатда аянчли ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Асосийси онкологик касалликларни олдини олишда биринчи қилинадиган иш бу профилактик кўрикларни амалга оширишдир. Сабаби онкологик касалликлар бугунги кунда ёшариб бормоқда. Шу сабабли аёлларимизга соғлиқларига беэътибор бўлмасликларини сўраб қолардик” дейди шифокор Насиба Нигмаджанова.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеолавҳа орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид