Ўзбекистон | 18:48 / 06.08.2019
42732
5 дақиқада ўқилади

Элбек Шукуров «ССР мероси» ҳақидаги ўз сўзларига изоҳ берди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров Facebook’даги саҳифасида «ССРдан мерос – ким қаерга нима хоҳласа қуриб ташлайверган» номли ўз пости юзасидан изоҳ билан чиқди.

«Ҳурматли ватандошлар, уй-жойлар бузилиши мавзуси бугунги кунда бизнинг жамиятимиз учун шу қадар оғриқлики, кўпинча ҳис-туйғулар ортидан айтилган сўзлар маъносини англаб олишга улгурмаяпмиз. Айниқса, матн журналист томонидан «блокнотдан» ёзилган бўлса ва ундан икки хил маънони уқиш мумкин бўлса.

Бу менинг шаҳарни қайта қуриш ва уй-жойлар бузилиши мавзусидаги, депутатларга қаратилган: "Бу воқеаларда барчамиз ёрдам беришимиз керак!” деган мурожаатим бўлди.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, мен шаҳарсозликни режалаштириш ва қурилиш учун жавобгар инсонлар доим ҳам бу соҳада, доим ҳам барча қонунларни, қарорларни ва тартибларни, сиз депутатлар каби билмасликлари мумкинлиги тўғрисида айтган эдим. Бу ҳақиқат ва биз буни инкор этсак ғалати кўринган бўлар эди. Мен бу инсонларни оқламайман, аммо биз учун янги бўлган соҳада барча ҳам тез фурсатларда мутахассис бўлиб қолмаслигини тушунаман. Депутатнинг вазифаси кимнидир айблаш ва ҳужум қилиш эмас, балки ёрдам беришдир. Чунки биз ўзимиз бу қонунларни таклиф этамиз, ўрганиб чиқамиз, уларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритамиз. Барча маълумотларни, норматив ҳужжатларни, қонунларни ва қарорларни чоп этиб, уларни ҳокимиятнинг ҳар бир ишчисига маъносини тушунтириб беришга мажбур бўлган фуқароларга эмас, балки ҳокимиятдаги ходимларга етказиш - бу бизнинг жавобгарлик ҳудудимиздир.

Иккинчиси: «Ҳамма тўғри келгандай ва режасиз қуриши - бу Собиқ Иттифоқдан қолган мерос». Яхши ва «ҳайп» мавзудаги, аммо нотўғри сарлавҳа, ва гапимнинг асл мазмунини нотўғри тушунтириш.

Собиқ Иттифоқ меросининг доираси жуда кенг. Тошкентнинг зилзиладан сўнг қайта қурилиши, халқлар дўстлиги туфайли унинг дунёдаги энг яхши шаҳарларидан бирига айланишига сабаб бўлган. Бундан ташқари «Қайта қуриш» давридаги йилларда эса, йирик давлат парчаланиши гувоҳи бўлдик. Дастлабки ер эгалари ва ишбилармонлар пайдо бўлди. Бирдан барча режали қурилишлар йўққа чиқди, қурилиш нормалари бузила бошлади ва энг асосий роль «келиша олиш» маҳоратига эга бўлганларнинг ошиғи олчи бўлган давр келди.

Айнан шу вақтдан ерларни эгаллаб олиш, ўзбилармонча қуриш бошланди ва шаҳарнинг баъзи жойлари хунук кўриниш олди. Бу инерция бизнинг кунларимизгача етиб келди. Ҳозир биз, баъзи бинолар умуман ўз жойида қурилиши мумкин бўлмаган ушбу «мерос»ни нима қилиш устида бош қотиряпмиз. Матндан капитал уй ёки ёқилғи қуйиш шаҳобчаси кўпроқ бирламчи эканлигини тушуниш мантиқан, тўғрими? Сизларнинг ўзингиз нуқтали қурилишлардан, ҳовлиларда бўлиши мумкин бўлмаган объектлардан кўпроқ зарар кўрасиз. Айнан ҳозир ўзимиз тўғрилаётган хатоларга яна йўл қўймасликни таъминлашимиз лозим. Айнан шу нарса тўғрисида мен депутатларга, улар бир нарсани тушунишлари учун гапирдим: агар биз ваколатли парламент бўлишни истасак, четда қараб турмаслигимиз лозим.

Мен маълумотлар ўзгарган ҳолда етказилган инсонларнинг ҳис-туйғуларини жуда яхши тушунаман. Ўзим ҳам худди шундай муносабатда бўлган бўлар эдим. Журналист ўзи тушунгандай ёзишга ҳақли. Мен эса нима демоқчи бўлганимни тушунтириб беришга ҳақлиман. 

Бизнинг умумий мақсадимиз - гуллаб-яшнаган, гўзал, ўз қиёфасини сақлаб қолган, яшаш учун идеал бўлган, дўстона Тошкентдир. Биринчи ўринда бу, биз шаҳар фуқаролари учундир. Бунинг учун бизга энг асосийси, ҳамма ўз иши билан профессионал тарзда шуғулланишигина керак холос.

Ҳурмат билан, Элбек.

Мен ўз сўзларим билан, қайсидир жойда нотўғри изоҳлаб, кимнингдир кўнглига қаттиқ теккан бўлсам, барчадан узр сўрайман. Мен ватанимиз ва шаҳримиз учун биринчи ўринда давлат хизматчиси эмас, шаҳар ва давлат фуқароси сифатида қайғураман», - деб ёзади Шукуров.

Мавзуга оид