Ўзбекистон | 11:35 / 22.08.2019
4268
3 дақиқада ўқилади

ЛБМА инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш тизимини жорий этмоқда

Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ЛБМА томонидан лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланган «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат қилиш ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Президент ҳузуридаги ЛБМА ахборот хизмати хабарига кўра, ишлаб чиқилган тизим қўйидаги имконларни беради:

лойиҳаларни ҳисобга олиш, уларнинг амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш жараёнларини автоматлаштириш;
          
лойиҳаларнинг муддатлари, бюджети, мақсадлари ва кўрсаткичлари устидан назоратни амалга ошириш;
    
инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб этилган ва ўзлаштирилган ҳажмлари бўйича ишончли маълумотларни шакллантириш;
          
лойиҳаларни амалга оширишда қувватларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича хавф-хатарларни аниқлаш;
          
инвестициядан кейинги даврда, лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни кузатиб бориш.

Тизимни ишлаб чиқишда инвестиция дастурлари амалга оширилишининг истиқболдаги талаблари ва тенденциялари инобатга олинган. Тизимнинг функционал имкониятлари максимал даражада «эгилувчан» форматда яратилган бўлиб, қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, тизим фойдаланувчилари ва администраторлари учун тизимли занжирларни созлаш имкониятини беради. Киритиладиган ва тизимдан олинадиган лойиҳалар амалга оширилишини кўрсатувчи маълумотлар, шакллар, жадваллар ва инфографикаларни созлаш параметрлари деярли чегараланмаган имкониятларга эга.

Тизим икки тилда: ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган. Айни пайтда тизим тест режимида ишламоқда, лойиҳалар ташаббуси билан чиқиш, уларни амалга ошириш, назорат ва мониторинг қилиш жараёнига жалб этилган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларини тизимга улаш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Ахборот тизимини жорий этиш реал вақт режимида самарали мониторинг олиб бориш, лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини, инвестициялар жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштириш шаффофлигини таъминлаш, лойиҳаларни амалга оширишда хавфларни прогнозлаш ва олдини олиш, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ва бу орқали лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини беради.

2019 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5717-сонли фармони қабул қилинди, унга асосан «Ўзинфоком давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ тизим оператори этиб белгиланди.

Мавзуга оид