Light | 10:40 / 01.09.2019
308984
9 дақиқада ўқилади

Жигар нега оғрийди ва нима қилиш керак?

Баъзида белда пайдо бўлувчи кичик қичима ҳам жиддий касаллик аломати бўла олади. Текширувдан ўтишга эринманг.

Баъзида белда пайдо бўлувчи кичик қичима ҳам жиддий касаллик аломати бўла олади. Текширувдан ўтишга эринманг.

Жигар — танамиздаги энг катта аҳамиятга эга бўлган органлардан биридир. У овқатни ҳазм қилишга ёрдам беради, ҳаёт учун зарур бўлган моддаларни синтезлайди, организмдан токсинларни сиқиб чиқаради.

Мабодо жигар ишлашдан тўхтаса, бу бутун организм учун жиддий муаммоларни чақириши мумкин — ўлимга олиб борувчи оқибатларгача.

Жигар фаолиятида нуқсонлар юзага келиши — кенг тарқалган муаммо. Фақатгина АҚШнинг ўзида бундан камида 30 миллиондан ортиқ киши азият чекади.

Лайфхакер хавфли симптомларни қандай қилиб кўздан қочирмаслик ва улар билан нима қилиш кераклиги ҳақида ўртоқлашди.

Нима учун жигар оғриғига бефарқ бўлиш ярамайди?

Дарҳол муҳимидан бошлаймиз. Агар сиз мунтазам равишда ёқимсиз — зирқираб турувчи, спазматик, оғриқ берувчи — нохуш туйғуни ҳис қилсангиз, буни зудлик билан гепатолог, гастроэнтеролог ёки ҳеч бўлмаганда терапевт кўригига боришга туртки деб билинг. Сабабларини тушунтирамиз.

Қуйидаги суратда жигар тасвирланган. Қўлингизни ўнг биқинингизга қўйинг, бу ҳолатда кафтингиз қовурғани ёпиб, бармоқлар киндик томон йўналган ҳолатда қовурға остида тутинг — сиз уни топдингиз.

Жигар жуда ёмон ҳолатда бўлса ҳам ўз-ўзидан оғриши мумкин эмас: унда оғриқ берувчи рецепторлар йўқ. Одатда кўнгилсиз ҳолатлар фақатгина у ёки бу касаллик етарлича авж олганда пайдо бўла бошлайди. Жигар шишади, катталашади ва ўзини ўраб турувчи қобиқ (капсула) деворларига босим ўтказа бошлайди. Капсулада асабий хотима вужудга келади — шундай қилиб оғирлик ёки оғриқлар бошланади.

Яна бир бор эслатамиз: ўнг биқинда ноқулайлик пайдо бўлса ва бир неча кун ичида қайтарилса ёки бир неча соатдан ортиқ давом этса, тезда шифокорга мурожаат қилинг.

Балки, сизда ҳеч қандай жиддий ҳолат аниқланмас. Нохуш оғриқлар жигарга алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин: масалан, ўт қопидаги тошлар оғриқ берган (бу ҳам хавфли). Аммо аввалдан ойдинлик киритган яхшироқ.

Жигар касалланишиининг яна қандай аломатлари бор?

Жигар соҳасидаги оғриқлар — яққол далил. Бироқ ҳар доим ҳам эмас. Баъзида ушбу органнинг авж олувчи касалликлар ўзини умуман бошқа жойлардаги ёқимсиз ҳислар билан сездиришга уринади: масалан, қориннинг олд қисми, бел ва ҳаттоки ўнг елкада.

Баъзи ҳолатларда эса оғриқ умуман кузатилмайди.  Инсон циррознинг тиббиёт даволашга ожиз бўлган босқичига яқинлаша туриб ҳам касалликдан бехабар бўлиши мумкин.

Жигар фаолиятидаги камчиликлар қанча эрта аниқланса, тиклаш жараёни ҳам шунча осон кечади. Шунинг учун бошқа — бевосита ва билвосита — аломатларни билиш муҳим. Бир вақтда бир нечтаси пайдо бўлиши эса иложи борича тиббий соҳа вакилларига мурожаат қилиш кераклигидан огоҳлантиради.

  • Тез ҳолдан тойиш, узоқ вақт — кунлаб ёки ҳафта давомида бесабаб чарчаш;
  • Парҳезда ва ҳаёт тарзида ўзгаришларсиз тана вазни камайиши;
  • Доимий кўнгил айниши, бош айланиши;
  • Иштаҳа йўқолиши, оғизда аччиқ маза сақланиши;
  • Тўпиқ қисмида мунтазам пайдо бўлувчи шишлар;
  • Қорин шишиши ҳолати кўпайиши;
  • Номаълум сабаб билан бошланган қичишишнинг кучайиши — тананинг ҳар қандай қисмида кузатилиши мумкин: елка-бел соҳасида, кўкрак қафаси атрофида, қўлда, оёқда.

Агар юқоридаги аломатлари сийдик ранги тўқ, ахлат ранги оч тусга кириши, тери ва кўз олмаси сарғайиши, қорин соҳасида бирдан таъсирчанлик кучайиши (оғриқ зўрайиши) ва юмшаши содир бўлганда шифокорга зудлик билан мурожаат қилиш керак.

Кўз олдингиз қоронғилашиб, зирқираш бошланса ёки ўз ҳолатингизда жуда ёмон деб баҳоласангиз — тез ёрдамни чақиришга эҳтиёж бор.

Гап организмнинг кучли заҳарланиши ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Жигар нега оғрийди?

Ушбу органни мутлақо сездирмасдан зарарлаш имконига эга бўлган ўнлаб касалликлар мавжуд. Қуйида энг кўп тарқалганлари келтирилган.

Вирусли гепатит
Гап А, В, С ёки D гепатовирусларидан бири чақирган жигар яллиғланиши ҳақида кетмоқда. Улар орасида энг кам зарарлиси (шартли равишда, у ҳам баъзи ҳолатларда ўлимга етаклаши мумкин) — А туридаги вирус бўлиб, халқ орасида сариқ ёки Боткин касаллиги деб юритилади. У «кир қўллар» классик касаллигидир: бошқа ичак инфекциялари каби, ифлосланган озиқ-овқат орқали юқади — масалан, ювилмаган мевалар ёки сув. Боткин касаллигининг асосий афзаллиги шундаки, у яққол сезилади, олдини олишнинг иложи бор (А вирусли гепатитдан эмлашлар мавжуд) ва кўп ҳолатларда даволанишдан сўнг жигарда асорат қолмайди.

В, С ёки нисбатан кам учровчи D вируслари жиддий ҳисобланади. Биологик суюқлик орқали юқади. Эмлаш мавжуд эмас, аломатлар, қоидага мувофиқ, ўзини кўп сездирмайди ва уларни одатий дармонсизланиш билан адаштириш мумкин. Вақт ўтиши билан эса ушбу гепатоинфекциялар кўп ҳолларда сурункалига айланади. Оқибатда гепатитнинг ҳар қайсиси цирроз, жигар етишмовчилиги ёки ҳаттоки жигар раки даражасигача ўсиши мумкин.

Алкоголли гепатит
Жигар яллиғланишининг яна бир тури бўлиб, уни вирус эмас, алкогол уйғотади. Мунтазам ва ҳаддан ташқари кўп спирт истеъмол қилиш жигарга оғирлик туғдиради, уни ички тарафдан емириб натижада циррозга (соғлом жигар тўқималари ўрнини чандиқлар эгаллаб ўз вазифасини бажаришдан тўхташи) сабаб бўлади.

Гепатитнинг бошқа турлари
Алкоголдан ташқари, дори воситалари қабули ҳаддан ошиши ёки оғир металлар билан заҳарланиш ҳам жигарни яксон қилувчи ҳаракатлар ҳисобланади. Бу ҳолатлар медакаментозли ёки токсик гепатит деб номланади. Шунингдек у аутоиммун турида бўлиши ҳам мумкин: иммун тизими ишдан чиқса ва жигар ҳужайраларига ҳужум қилса.

Жигарнинг ёғ хасталиги 
Организмдаги ортиқча ёғлар нафақат бел ва сонда, балки ички органлар атрофида ҳам йиғилиши кузатилади. Хусусан, улар жигар ҳужайларида тўпланиб, унинг ҳажми ошишига ва ўз фаолиятини давом эттиришида муаммолар юзага келишига сабаб бўлади.

Жигар абсцесси (йиринг, чипқон)
Абсцесс (ёки киста)  — жигарда шаклланувчи инфекцияланган суюқлик ёки йирингли «чўнтак». Уларга бактериал, замбуруғли ёки паразит инфекциялар киради. Бу каби касалликлар одатдагидек ҳарорат кўтарилиши ва жигар соҳасида сезиларли даражада ёқимсиз ҳолат пайдо бўлиши билан кечади шу сабабли уни пайқамай қолиш қийин.

Жигар раки
Энг алдамчи касалликлардан бири. Рак кечки босқичга ўтмагунга қадар ўсиб бораётган шиш ўзи ҳақида билдирмайди. Сурункали гепатит ва цирроздан ўзини сездирмай онкология «ўсиши» ҳолатлари, афсуски, ноёб ҳолат эмас. Айнан шунинг учун жигар ҳолатини назорат қилиб туриш заруратдир.

Жигар оғриганда нима қилиш керак?

Такрорлаймиз: иложи борича тезроқ докторга кўрининг. Тиббиёт ходими шикоятларингизни тинглайди, кўрик ўтказади, қорин соҳасини пайпаслаб кўради ва катта эҳтимол билан қон таҳлилини маслаҳат беради — жигар тажрибаси ва вирусли гепатит учун тест. Улар сизнинг жигарингиз қанчалик соғломлигини умумий жиҳатдан аниқлашга ёрдам беради.

Балки, бошқа таҳлиллар ҳам керак бўлар, масалан:

  • жигар ва ўт ҳайдаш йўлларида УТТ — орган ва тахминий зарарланиш ҳажмини аниқлаш учун;
  • МРТ;
  • биопсия — жигарнинг кичик парчаси лаборатория текширилиши.
  • Кейинги даволаш курслари таҳлиллар жавобига қараб белгиланади. Жигарни ўз ҳолатига қайтариш учун баъзида ҳаёт тарзига ўзгартириш киритишнинг ўзи ҳам етарли бўлади:
  • ортиқча вазндан халос бўлиш;
  • алкоголдан воз кечиш;
  • ёғли овқатларни камайтирган ҳолатда соғлом парҳезга амал қилиш.

Аммо жигарнинг барча касалликлари ҳам бунчалик осон ечимга эга эмас. Дорилар ва операцияга мурожаат қилиниши мумкин. Зарарланган органни айнан қай йўл билан тиклаш хулосасини фақатгина тиббиёт ходими қўйиши керак. Ўзбошимчалик билан даволашга киришманг — бу сизга қимматга тушиши мумкин.

Мавзуга оид