Ўзбекистон | 10:30 / 08.09.2019
42185
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 38-сессиясида ташкилий масала кўрилди. 

Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими в.б. Рустам Холматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Шуҳрат Мирходиев иштирок этишди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилишича, Камолиддин Шерматов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Камолиддин Шерматов 1974 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

Фото: Telegram / @ToshkentViloyatiHokimligi

1996 йилда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти, 2002 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, 2006 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйча муҳандис-иқтисодчи, агроном, ҳуқуқшунос.

Камолиддин Шерматов меҳнат фаолиятини Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида «Камолот» жамғармаси раиси вазифасидан бошлаган. 

У ўз фаолияти давомида Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳудудий бошқармалари ва вазирлигида турли лавозимларда, Республика Ўсимликлар карантини бош давлат инспекциясида бошлиқ ўринбосари, Чиноз тумани ҳокими, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясида бошқарма бошлиғи сифатида ишлаган.

Мавзуга оид