Ўзбекистонда ишсизлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда – 9,1 фоиз
Тадбиркорлик субъектлари учун ягона ижтимоий тўлов 25% дан 12% фоизгача ва жисмоний шахслар учун даромад солиғи 12 фоизгача туширилгани расмий ишлаётганлар сони ошишига ва аксинча, норасмий ишлаётганлар сони қисқаришига сабаб бўлган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов «Ўзбекистонда миллий бандлик стратегияси сари йўл» мавзусида ташкил этилган форум доирасида шу ҳақда маълум қилди.
«Шунга қарамай, ишсизлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Бу рақам бугунги кунда 9,1 фоизни ташкил этади. Аҳолининг банд бўлмаган ва ишга жойлашишни кутаётганлар сони 1 млн 342,6 минг кишидан иборат. Бу қиёслаш учун Жиззах вилояти аҳолиси сонига тенг рақамдир», - дея маълум қилди Муҳиддинов.
Унинг айтишича, хавотир уйғотадиган жиҳати шундаки, 20-30 ёшли ёшлар ўртасида ишсизлар даражаси 15,1 фоизни ташкил этмоқда. 15-25 ёшлиларнинг 16,8 фоизи, аёлларнинг 12,7 фоизи ишсиздир.
Бугунги кунда меҳнат захираси 18 млн 954 минг кишини ташкил этади. Бу 2018 йил январь-июнь кўрсаткичига нисбатан 1 фоизга кўп демакдир. Иқтисодий фаол аҳоли сони эса, 2018 йил кўрсаткичига нисбатан 1,2 фоизга ошиб, 181,5 минг кишига кўпайган. Бандлик тузилмасида иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони ортиб, норасмий секторда пасайиш кузатилмоқда. Иқтисодиёт соҳаларида бандлар сони 13,408 минг кишига етиб, 2018 йил январь-июнь ҳолатидан 1,4 фоизга кўп демакдир.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг норасмий секторида банд бўлганлар камайиши кузатилаётган бўлса-да, ҳамон юқорилигича қолмоқда. Мамлакат тарихида илк маротаба расман ишлаётганлар сони 6 фоиздан кўпроққа ошган.
«Ўзбекистон тарихида илк маротаба иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони 326,3 минг кишига ёки 6,2 фоизга ошиб, 5 млн 593,6 минг кишини ташкил этмоқда. Норасмий секторда банд бўлганлар сони эса, аксинча, 137,7 минг кишига ёки 1,7 фоизга камайиб, 7 млн 814,8 минг кишини ташкил этмоқда. Бу яширин тадбиркорлик фаолиятини ва ишчи ўринларини қонунийлаштириш бўйича чоралар натижасидир», - деди Эркин Муҳиддинов.
Мавзуга оид
08:18 / 03.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Эркин Муҳиддинов янги лавозимга тайинланди
17:23 / 15.10.2024
Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди
13:12 / 20.05.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги биринчи ўринбосар тайинланди
11:34 / 12.08.2023