Жаҳон | 20:04 / 11.09.2019
4862
2 дақиқада ўқилади

Филиппин БМТнинг инсон ҳуқуқлари экспертларини мамлакатга киритмоқчи эмас

Филиппин ташқи ишлар вазири Теодоро Локсин ҳукумат БМТнинг Филиппинда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши бўйича доклад тайёрлаш устида ишлаётган экспертларини мамлакатга киритмоқчи эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда ABS-CBN телеканали маълум қилди.

Июлда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Филиппинда инсон ҳуқуқларининг ҳимояланиши билан боғлиқ вазият, жумладан гиёҳванфурушликка қарши кураш доирасида судламасдан қатл этишлар ҳақида доклад тузилишини кўзда тутувчи резолюцияни қабул қилганди. Манила бу резолюцияни рад этган. 

“Мен улар бу ерга келиб, чинлигини тасдиқлай олмайдиган барча нарса ҳақида гапиришларини истамайман. Мен уларга бундай имкониятни бермайман”, деб айтган Локсин.

Rappler порталининг таъкидлашича, вазир БМТ экспертларини “нохолисликда” айблаган ва уларни “разиллар” деб атаган. Шу билан бирга Локсин Филиппин БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан алоқаларни узиш ниятидамаслигини таъкидлаб ўтган. 

2016 йил майида сайланган Филиппин президенти Родриго Дутерте гиёҳвандлар ва гиёҳвандфурушларга қарши катта кўламли кураш олиб бормоқда. Жаҳон ҳамжамияти мамлакатда гиёҳвандфурушликка қарши курашишнинг кескин усулларини қоралаб келади. БМТ экспертлари мамлакат раҳбариятини тартибсиз қотилликларга қарши туришга ва тўлақонли суд тафтиши ўтказилмаган гумонланувчиларни қатл этишдан воз кечишга чақириб келишади.

Мавзуга оид