Ўзбекистон | 10:52 / 20.09.2019
10414
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккосмос»нинг асосий вазифалари белгиланди

Фото: REUTERS

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг (“Ўзбеккосмос” агентлиги) бош директорига:

зарур бўлганда, “Ўзбеккосмос” агентлигининг тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

“Ўзбеккосмос” агентлигига юкланган вазифаларни бажариш доирасида юқори малакали хорижий мутахассисларни шартнома асосида раҳбарлик лавозимларига ва маслаҳатчилар сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилди.

Белгиланишича:

“Ўзбеккосмос” агентлиги ўз фаолиятини бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан мустақил равишда амалга оширади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади;

“Ўзбеккосмос” агентлигининг ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 3-иловада кўрсатилган вазирликлар ва идоралар марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг юридик шахсни ташкил этмасдан бюджетдан ташқари Космик тармоқни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди ва қуйидагилар уни молиялаштириш манбалари сифатида назарда тутилмоқда:

халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, шу жумладан хорижий ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича, Жамғарма маблағларидан қуйидаги чора-тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

“Ўзбеккосмос” агентлигига космик тармоқ объектларини, шу жумладан ташқи инфратузилма объектлари ва турар жойлар қуришни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлаш бўйича ташкилий-амалий тадбирларни амалга ошириш юзасидан юкланган вазифалар самарали ҳал этилишини таъминлаш;

“Ўзбеккосмос” агентлиги ходимларини моддий рағбатлантириш, хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни жалб этиш, шунингдек, Агентлик раҳбарияти ва ходимларини хорижга хизмат сафарларига юбориш харажатларини қоплаш;

“Ўзбеккосмос” агентлиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

замонавий ахборот ва инновация технологияларини жорий этиш, “Ўзбеккосмос” агентлигининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ “Ўзбеккосмос” агентлигига юкланган вазифаларни ҳал этиш ва унинг фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, “Ўзбеккосмос” агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қуйидагилар “Ўзбеккосмос” агентлиги фаолиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолият, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

космик фаолиятнинг зарур даражада ривожланишини таъминлаш, соҳага тегишли ва у билан боғлиқ ишлар бажарилишини, хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида космик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ва инновация ишларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича кадрларни, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

стратосфера ва учувчисиз бошқа учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаш орқали давлат органларига вазифаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва молия ресурсларининг кенг жалб этилишини таъминлаш;

космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилишини рағбатлантириш.

Мавзуга оид