Жаҳон | 20:32 / 22.09.2019
23344
1 дақиқада ўқилади

Хитойдаги сунъий орол 565 млн долларга сотилмоқда

Хитойнинг Хайнань ороли яқинида жойлашган Феникс сунъий ороли эгалари орол ва ундаги объектларни назорат қилувчи компания акцияларини сотувга қўйди. Бу ҳақда Netease портали хабар берди. Орол нархи 4 млрд юандан (565,7 млн доллар) кўпроқни ташкил қилади.

Акцияларни сотиб олган харидор оролга эгалик қилиш ҳуқуқини олади. Шунингдек, у оролга келувчи туристик лайнерлар инфратузилмасига хизмат кўрсатувчи компаниянинг 45 фоиз акциясига автоматик равишда эга бўлади. Оролдаги асосий бинолар орасида катта кема елканлари кўринишида қурилган 5 та замонавий меҳмонхона бор.

Ҳудудга сайёҳларни жалб қилиш мақсадида архитектура, қурилиш ва дизайн соҳасидаги охирги ютуқларга биноан яратилган Феникс ороли “шарқий Дубай” деб ҳам аталади. Сунъий оролнинг узунлиги 1,25 кмни, эни эса 350 метрни ташкил қилади. Ундаги биноларнинг умумий майдони эса 480 минг квадрат метрдан ошади. 

Мавзуга оид