Ўзбекистон | 09:52 / 26.09.2019
5484
6 дақиқада ўқилади

«Навоий» ЭИЗ иштирокчиларини танлаб олиш тартиби маълум бўлди

Фото: fiez.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларини танлаб олиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

“Навоий” ЭИЗда амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Дирекцияга ва Маъмурий кенгашнинг ишчи органига юкланади.

“Навоий” ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришда қуйидагилар мажбурий мезонлар ҳисобланади:

биринчи навбатда, вилоятнинг мавжуд минерал хом ашё базасидан фойдаланган ҳолда импорт ўрнини босадиган, инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортбоп, рақобатбардош юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

ишлаб чиқариш фаолиятининг иккинчи йили камида 20 фоиз, учинчи ва кейинги йилларда 30 фоиздан кам бўлмаган даражада экспорт қилиш;

янги иш ўринлари ташкил қилиш;

ташкил этиладиган ташкилотнинг штатдаги ходимларини жалб этилган ходимлар умумий сонининг камида 95 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тўлдириш уларга тажриба орттиришдан ва малака оширишдан ўтиш имкониятини бериш.

Инвестор Дирекцияга “Навоий” ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун тўлдирилган инвестиция буюртманомасини тақдим этади.

Инвестиция буюртманомасига қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахснинг (инвесторнинг) рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ёки ушбу инвесторнинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

тавсия этилаётган лойиҳанинг бизнес-режаси ёки техник иқтисодий асосномаси (ТИА).

Барча ҳужжатлар инвестор томонидан Дирекцияга ўзбек, рус ёки инглиз тилларининг бирида тақдим этилади.

Инвестор тақдим этилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавоб беради.

Дирекцияга тақдим этилаётган бизнес-режа ёки ТИАда қуйидаги асосий ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак:

ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотга амалда ёки келажакда (лойиҳада белгиланган давр мобайнида) эҳтиёж мавжудлигини асослантирилганлиги;

ходимларни ишга қабул қилиш манбаси (маҳаллий — коллеж битирувчилари, меҳнат биржаси томонидан йўналтирилган шахслар, бошқа ташкилотлар ишчилари ва чет элдан мутахассис жалб этиш) кўрсатилган, ташкил этилаётган иш ўринлари;

ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотнинг номи, ҳажмлари ва ўзига хослиги;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг мўлжалланаётган нархлари ва сотиш бозорлари, маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиш ҳажмларини кўрсатган ҳолда;

ишлаб чиқариладиган маҳсулот республика ҳудудидаги минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида импорт ўрнини босишга йўналтирилганлиги;

Инновационлиги ёки юқори технологияларга асосланганлиги:
 
лойиҳа долзарблиги — замонавий муаммолар ва масалаларга ечим топа олиши;

лойиҳада янги, сайқаллаштирилган, олдин республикада қўлланилмаган технологиялар ва (ёки) ташкилий принциплардан фойдаланилган бўлиши;

лойиҳанинг салоҳиятли рақобат устунлиги — истеъмолчи учун маҳсулот/технологиянинг унинг амалдаги аналогига нисбатан устунлиги мавжудлиги;

ички ва ташқи бозорда маҳсулотга талабнинг мавжудлиги;

интеллектуал мулк объектига ҳимояловчи ҳужжатнинг (патент) мавжудлиги;

экспортга йўналтирилганлиги - ишлаб чиқариладиган товарга ташқи бозорларда, маркетинг тадқиқотлар ёки потенциал харидорлар билан тузилган шартнома (дастлабки келишув)ларга кўра эҳтиёж мавжудлиги;

импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқариш эканлиги - ўхшаш маҳсулотлар импорт қилиниши (янги турдаги маҳсулотнинг ишлаб чиқиши бундан мустасно), ишлаб чиқариладиган товарга ички бозорда, маркетинг тадқиқотлар ёки потенциал харидорлар билан тузилган шартномалар (дастлабки келишув)ларга асосланган эҳтиёж мавжудлиги;

алоҳида маҳаллий ва импорт қилинадиган хом-ашё ва бутловчи қисмлари кўрсатилган ҳолда хом-ашё базасининг мавжудлиги ҳамда лойиҳани амалга ошириш даврида хом-ашё ва материаллар билан таъминлашнинг кафолатланган имконияти;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси ва дастлабки 4 та белгилардан бири даражасида бошланғич хом-ашёга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди (ТИФ ТН коди — 2017 йил таҳрири) бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг ўзгариши;

ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг инвестиция лойиҳасининг мўлжалланаётган кўрсатгичларига ва замонавий технологик талабларга мувофиқлиги;

инвесторнинг ўхшаш ёки бошқа лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси ёки менежмент таркиби (жалб қилинадиган мутахассислар билан бирга) мавжудлиги;

ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурсларни ҳамда тайёр маҳсулотни ташиш ва логистикаси;

инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг иқтисодий самарадорлиги ва экологик хавфсизлиги;

киритилаётган инвестициялар ҳажми, товар айланмаси ва экспорт суммаси, яратилаётган доимий иш ўринлари сони, ишлаб чиқаришнинг валютада қопланиши ва бошқалар ҳисобга олинган ҳолда имтиёзлар қўлланилишини назарда тутиш;

ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш учун “Навоий” ЭИЗ ҳудудидаги участканинг мўлжалланаётган ўлчамлари;

асосий ишлаб чиқариш цехи, ускуна ва технологик линиялар, маъмурий-маиший, омбор ва бошқа ёрдамчи биноларнинг жойлашиши кўрсатилган ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг дастлабки чизмаси.

Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни талабларга мувофиқлигини 5 календарь куни мобайнида кўриб чиқади.

Талаблар бузилган ҳолда тақдим этилган инвестиция буюртманомаси, камчиликлари кўрсатилган асосланган ҳолда инвесторга қайтарилади.

Мавзуга оид