Жамият | 21:28 / 05.10.2019
19738
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура журналист Давлатназар Рўзметов ҳибсга олинмаганлигини билдирди

5 октябрь куни хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов туш вақтида ўз иши билан «Ипотека банк» АТБ Урганч шаҳар филиалига келганида банк олдида таниши Камолат Умарова билан учрашиб қолади. Улар бундан бир йил олдинги ўзаро пул олди-бердиси масаласида жанжаллашиб кетишади.

Хабарга асосан шу ҳудудда фаолият юритувчи профилактика инспектори Н.Матякубов воқеа жойига етиб келади ҳамда ўзаро келишмовчиликни бартараф қилиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида, улар Урганч шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБга қарашли 16-сонли таянч пунктига олиб келинади. 

К.Умарова Д.Рўзметов уни ҳақорат қилганлигини, унга нисбатан қонун доирасида чора кўриб беришни сўраб ариза ёзиб берган ва аризага асосан Д.Рўзметов, К.Умарова ва ҳолатга гувоҳ бўлган бошқа шахслардан тушунтириш хатлари олинган ва Д.Рўзметов соат 15.30ларда ИИБ таянч пунктидан чиқиб кетган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Хива тумани, Оқёп қишлоғи, Оқёп маҳалласида яшовчи фуқаролар Б.Ваисов, С.Вапаев ва Д.Отаназаровалардан тушунтириш хати олинган ва улар ўз тушунтириш хатида Д.Рўзметов ва К.Умароваларнинг ўзаро жанжаллашганлигини кўрганлигини билдиришган.

Ҳозирги вақтда К.Умарованинг аризаси бўйича Урганч шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Д.Рўзметов ушлаб турилмаган ва унга нисбатан қамоққа олиш ёки бошқа жазо чоралари қўлланилмаган.

Аввалроқ хорижий ОАВда журналист Д.Рўзметов ҳибсга олинганлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Мавзуга оид