Жамият | 01:24 / 05.10.2019
62706
6 дақиқада ўқилади

Когондаги пахта пайкалида юрган мактаб болалари: уларни ким мажбурлаб теримга олиб чиққан?

Бухоро вилоятининг Когон туманидаги «Туни Ироқ» маҳалласида жойлашган 15-ўрта мактабнинг 5-синф ва ундан юқори синф ўқувчилари 29 сентябрь, якшанба дам олиш куни пахтага чиқарилгани ҳақида Repost.uz хабар берди.

Фото: Repost.uz

Нашр хабарида 15-мактабнинг камида 13 нафар ўқувчилари Тайтал қишлоғи яқинидаги «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги далаларида пахтага олиб чиқилгани, бу ишнинг барчасининг бошида туман ҳокими Йўлдош Жумаев тургани таъкидланган.

Кейинроқ, Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур воқеага ўз расмий муносабатини билдирди.

Унга кўра, Repost.uz хабарида келтирилган ҳолатлар махсус ишчи гуруҳи томонидан дастлабки ўрганилган ва хабарда тилга олинган жиҳатлар уйдирмадан бошқа нарса эмаслиги маълум қилинган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг расмий баёнотида Когон туман ҳокимлиги, Когон туманидаги 15-мактаб директори Жамол Саидов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Амирилло Сафаров ва Когон туман халқ таълими бўлими мудири Баҳрон Қурбонов масала юзасидан ўз фикрларини баён этиб, хабар уйдирма эканлигини таъкидлаб ўтишган.

Kun.uz мухбирлари Когон туманидаги «Туни Ироқ» МФЙда жойлашган 15-мактабда бўлиб масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилишди. Биз борганимизда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби О.Жўраев ва бир неча журналистлар ва масъул раҳбарлар мактаб ҳудудида экан.

15-ўрта мактаб директори Ж.Саидов 2011 йилда қурилган янги мактабда 670 нафар бола икки сменада ўқишини таъкидлаб, 5-11 синф ўқувчилари сони 400 нафарлигини айтиб ўтди. «Агар мактаб томонидан ёппа пахтага чиққанида суратларда 4-5 та болакай эмас, камида юзлаб бола пахта даласида бўларди», деди директор. Шунингдек, директорга кўра, Repost.uz хабарида суратлари эълон қилинган болаларнинг ҳаммаси ҳам ушбу мактабда ўқимаслигини айтди.

Директор мактабда 60 дан зиёд педагог ҳамда техник ходимлар меҳнат қилаётгани, мактаб жамоаси ва ўқувчилар ҳеч қачон пахта теришга мажбурий тарзда жалб қилинмагани, бу ҳақда буйруқ берилмаганини таъкидлаб ўтди.

Когон туман халқ таълими бўлими мудири Баҳрон Қурбонов тумандаги 22 мактабдаги ўқувчилар у ёқда турсин, ўқитувчилар жамоаси ҳам пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинмаётганини бизга ҳам таъкидлади.

Мактабда бўлиб турган туман ҳокимлиги вакилларининг айтишича, маҳаллий фермерлардан бири шу йил бошида Ҳукумат қарорига кўра ўтказилган мақбуллаштиришдан сўнг ер майдонларидан ажралгач, туман ҳокимидан ўч олиш мақсадида ушбу фитнани уюштирган. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу версия бўйича ҳам суриштирув ишларини олиб боришмоқда экан.

Вилоят прокуратураси вакили А.Эшмуродов барча суриштирув ишлари якунлангач, матбуот учун расмий маълумот берилишини айтиб ўтди.

Биз танаффусга чиққан ва иккинчи сменага ўқишга келаётган мактаб ўқувчиларини ҳам суҳбатга тортдик. Хусусан, 10-синф ўқувчилари ўқийдиган синфхонага кириб, болалар билан суҳбатлаша бошлаганимизда, директор Ж.Саидовдан синфни тарк этишни илтимос қилдик. Шундан сўнг синфхонага туман халқ таълими бўлими мудири ҳам кириб келди ва мавжуд тартибга кўра вояга етмаган болалар билан суҳбат фақат психолог иштирокида ўтказилиши кераклигини таъкидлаб, психологни бизга қўшиб қўйди.

Психолог иштирокидаги савол жавоблар чоғида синфхонадаги ўғил-қизлар бир овоздан пахтага чиқишмаганини, ҳеч ким бу ишга мажбурламаганини бир овоздан айтишди. Дарсдан кейин улар қўшимча дарс ва тўгаракларга қатнашишини билдиришди.

Биз ишонч ҳосил қилиш учун болалардан кафтларини кўрсатишни сўрадик. Ўғил болаларнинг айримларининг бармоқлари чаноқдан шилингани кўриниб турарди. Лекин улар пахтага чиққанини тан олишмади.

Мактабни тарк эта туриб, иккинчи сменага келаётган 6-синф ўқувчиларини ҳам саволга тутдик ва бармоқларига эътибор бердик.

Гарчи ёш болалар сира бунга иқрор бўлишмаган бўлса ҳам, улардан ҳам айримлари пахтага чиққани аён эди — ўзимиз ҳам ёшликда пахтага чиққанмиз, бармоқларда айнан пахта чаноғи шундай из қолдиради.

Биз мактаб жойлашган маҳалладаги оддий инсонларни ҳам гапга тутдик. Улар дарсдан бўш вақтда болалар компьютер ўйнаб вақтни беҳудага совурмасдан, онасига ёрдам сифатида ҳарна 5-10 кило пахта териш учун бирга чиқишаётганини айтиб ўтишди. Лекин мактаб томонидан болалар буйруқ билан ёппасига чиқарилмаганини айтишди.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи яна бир кишининг айтишича, қишлоқда кўпчилик мактаб ўқувчиларининг оталари Россияда меҳнат миграциясида. Пахта мавсумида уларнинг оналари пахта теримга чиқишади. Болалар даладаги яқинларига чой ёки овқат ташишади. Ўзлари ҳам оналарига, опаларига пахта теришда кўмаклашишади. Қайтишда фартукда мол-қўйларига ўт юлиб қайтишади. Бу — йиллар давомида шаклланган анъана.

Энди ўйлаб кўринг: мактаб якшанба ва байрам кунлари ишламаса, ўқитувчилар дам олса, ўқувчилар ота-оналарининг ихтиёрида бўлса, болаларни пахтага чиқиш-чиқмаслигини ота-онасидан бўлак ким назорат қила олади? Ота-онаси пахтага чиқишга мажбурлаган тақдирда ҳам, балога қолган мактаб жамоаси бўлиши керак эмас-ку? Умуман, муаммо мана шундай кўринишда бўй кўрсатса уни қандай қабул қилиш ва ечиш керак? Пахта теришни ташкил қилиш зиммасига тушган маҳалла сира ҳам бунга қарши курашмаса керак. Ҳарна-да, ҳарна…

Пахта йиғим-теримида болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланмаслик борасида сўнгги йилларда катта ишлар амалга оширилди. Жаҳон ҳамжамияти олдида ниҳоят бу иллатдан қутулиб, юзимиз ёруғ бўлди, деб турганимизда бундай хабарлар кишини албатта сескантиради.

Фикримизча, Когон воқеасидан барча ўзига тегишли хулосалар чиқариб олади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири.

Фахриддин ҲОТАМОВ суратлари.

Мавзуга оид