Жамият | 20:42 / 12.10.2019
207064
9 дақиқада ўқилади

«Ҳокимиятнинг ички сири» – ҳокимлар кимнинг ҳисобидан машина совға қилмоқда?

Ўзбекистонда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми аввалги йилларга нисбатан ўзига хос қизиқарли ва унутилмас воқеаларга бой тарзда кечмоқда. Бир томонда ҳукумат мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши қаттиқ курашаётган бўлса, иккинчи тарафда «ҳоким бува»лар пахтазорлар оралаб, теримчилар даврасида юришни одатга айлантиришди. Ҳатто фаол пахтакорлар ва фермер хўжалиги раҳбарларини қимматбаҳо буюмлар-у замонавий автомашиналар билан рағбатлантиришмоқда.

Интернетда ҳокимлар автомобиллар калитини топширгани ҳақидаги хабарлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида «Теримчи ва деҳқонларга берилаётган машиналар қайси пул эвазига олиняпти?», «Наҳотки, бу йил давлат бюджетидан пахта мавсумидаги фаолларга автомобиль совға қилишга маблағ ажратилган бўлса?!», «Ҳокимият тасарруфида шунақа вазиятлар учун махсус фонд бўладими ёки вилоятдаги бой ташкилотларга «солиқ» солинадими?» сингари қатор саволлар ҳам туғилмоқда.

Kun.uz мухбири ҳокимлик вакиллари билан суҳбатлашиб, шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

«Совға беришда қатнашяпман холос»

Пахтакорларга автомашина туҳфа этишни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошлаб берганди. Республикада пахта мавсумига старт берилгач, ҳеч қанча вақт ўтмай, вилоят раҳбари фаол теримчиларга автомобиль тақдим қилгани акс этган суратлар интернетда кенг баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Бу каби муҳокамалар ҳокимга шижоат бағишлаган чоғи, у илғор теримчи-ю фермерларга автомашина топширишда ҳамон фаолликни қўлдан бой бермаяпти. Ижтимоий тармоқларда кинояли ва ўринли саволларни ўртага ташлаётган, аммо жавоб ололмаётганлар етарлича топилади.

Вилоят раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов билан телефон орқали суҳбатлашиб, ушбу ҳолат юзасидан жавоб олдик.

«Қишлоқ хўжалиги соҳасида янги тизим жорий қилинди, яъни ҳудудларда кластер корхоналари ташкил этилди. Текстиль корхоналари мавжуд бўлган катта тадбиркорларга туманларни берганмиз. Улар ўзига бириктирилган фермер хўжаликлари билан бирга пахтани етиштириб, йиғиб-териб ва қабул қилиб, калава-ип ҳолатига келтириб, тайёр маҳсулотга айлантиришади. Жорий йилдан вилоятнинг 9та туманида мана шундай корхоналар ўз фаолиятини бошлади. Яна 4та ҳудудда йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Кластер корхона раҳбарлари пахтани етиштиришга миллиардлаб маблағ сарфлашган. Уларга ташкилотчилик бўлмаса, пахтани қисқа вақтда йиғиб-теролмай, сарфлаган пулига куйиб қолиши мумкин. Шунинг учун мавсум олдидан уларни йиғиб, бу йил пахта теримига ўқитувчилар, шифокорлар, умуман, бюджет ташкилотлари ходимларини чиқармасликни, мажбурий меҳнатга жалб қилмасликни таъкидладим. Уларнинг ўрнига уйда ўтирган оддий халқни олиб чиқиш кераклигини ва албатта рағбатлантириш зарурлигини айтдим.

Биринчи теримда 1 килограмм пахта учун давлат томонидан 800 сўм белгиланган бўлса, кластер корхона раҳбарлари ўз ёнидан 200 сўм қўшиб, теримчиларга 1000 сўмдан беришяпти. Бундан асосий мақсад аҳолини руҳлантириб, ҳосилни эрта, ёғингарчиликка қолдирмай, йиғиб-териш ва одамлар Қирғизистонга пахта теришга кетиб қолишининг олдини олишдир.

Мавсум давомида беш кунлик, ўн кунликда энг кўп пахта терган оилалар, теримчиларга телевизор, музлаткич каби совғалардан ташқари автомобиллар ҳам совға қилиш фикри кластер корхона раҳбарларининг ўзидан чиқди. Менга улар «Шу совғаларни ўз қўлларингиз билан топшириб берсангиз, пахтакорлар янада хурсанд бўлишади», дейишди. Машиналарни оддий оилалар, далада меҳнат қилиш билан умри ўтаётган инсонларга тақдим қилишда қатнашяпман, холос. Ҳамма совғалар кластер корхона директорлари ҳисобидан олиняпти. Уларнинг барчаси пулдор, ўзига тўқ одамлар. Бу ерда ҳеч қандай давлат бюджети ҳисобидан маблағ сарфлангани йўқ. Теримчиларни вақтида рағбатлантираётганимиз туфайли ҳозирда вилоят пахтакорлари режани 90 фоизга бажарди. Маррага оз қолди!», дейди ҳоким.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотномада қайд этилишича, шу кунга қадар 10 нафар андижонлик меҳнаткашга автомобиль берилган. Мукофотланганларнинг 4 нафари теримчи, 1 нафари сувчи, 4 нафари фермер хўжалиги раҳбари ва 1 нафари туман ҳокимлиги ходими бўлиб, улар учун 2та «Спарк», 3та «Нексия-3», 3та «Ласетти» ҳамда 2та «Кобалт» автомобиллари туҳфа этилган.

«Спарк»лар маҳаллий бюджет ҳисобидан берилгани маълум бўлди

Сўнгги кунларда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам илғор пахтакорларга музлаткич, газ плитаси, телевизор сингари уй-рўзғор буюмлари қаторида «Спарк» автомашинаси ҳам тантанали равишда топширилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг пахта терими ҳисоб-китоби информацион маркази томонидан ҳавола қилинган маълумотга кўра, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда фаол теримчиларни рағбатлантириш мақсадида шу йилнинг 27 сентябридан 7 октябригача 3та ҳудуд бўйича «Ўн кунда энг кўп пахта терган оила» танлови ўтказилди. Мазкур тадбирда ғолибликни қўлга киритган Беруний туманидаги Гулхумор Рўзимова, Қонликўл туманида яшовчи Жийенгул Ешанова ҳамда Нукус туманидан бўлган Икрамбай Аташов оиласига «Спарк» автомашинаси тақдим этилган. Ушбу автомашиналар ҳам, бошқа совғалар ҳам Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети ҳисобидан сотиб олинган.

Энг илғор фермер сифатида «Кобалт» автомашинаси билан мукофотланган Амударё тумани Куюк кўпир овулидаги «Сардор сувчи» фермер хўжалиги раиси Ўринбой Матякубовга автомобиль «Амударё текст» МЧЖ кластер корхонаси ҳисобидан берилгани маълум бўлди.

«Уч йилдан бери фермерлик фаолиятини юритаман. 90 гектар ер майдонининг 50 гектарига пахтанинг «Султон» навини экиб, 20 нафарга яқин ишчиларим кўмагида парваришладим. Биринчи теримнинг ўзидаёқ 90 тонна ҳосил топшириб, режани ортиғи билан бажардик. Кластер корхонаси раҳбари томонидан автомашина калити топширилди. Бундан жуда хурсандман», - деди Ўринбой Матякубов.

«Ҳокимиятнинг ички сири»

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев кластер усулида пахта етиштиришга кўмаклашган тадбиркорнинг онасига «Малибу» совға қилгани фейсбук ижтимоий тармоғида кун мавзусига айланиб, фойдаланувчиларда турли саволларни уйғотди. 200 миллион сўмдан зиёд нархда турувчи қимматбаҳо «тойчоқ»ни ҳоким қайси маблағга харид қилгани албатта, кўпчилик учун қизиқ.

Дастлаб, Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов билан боғландик.

«Бу вилоят ҳокимлигининг ички сири, мен ошкор этолмайман. Лекин «Малибу» харидида давлат бюджетидаги маблағларнинг дахли йўқ. Шунингдек, бирор тадбиркорнинг ҳам ҳомийлик иштироки йўқ», дея жавоб берди у.

Ўзбекистонда очиқлик сиёсати кетаётган даврда ҳокимлик вакилининг бундай жавоби ажабланарли.

Шундан сўнг, автомашина соҳибаси бўлган Ҳовахон Мадаминованинг ўғли - Қўштепа туманидаги «FERGANA GLOBAL TEXTILE» МЧЖ раҳбари Мўминжон Раззоқовга сим қоқдик. Ундан автомашина кимнинг маблағига олинганини сўрадик. «Автомашина вилоят ҳокимининг шахсий маблағига сотиб олинганми ёки фарзандлар ўртада пул йиғиб волидангизга совға қилдингизми?», деган саволдан кейин тадбиркор телефонда суҳбатлаша олмаслиги, Қўштепага борсак, кўришиши мумкинлигини айтиб, гўшакни қўйиб қўйди.

Молия вазирлиги нима дейди?

Ҳолат юзасидан фикр олиш учун Молия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилдора Жўраевага ҳам мурожаат қилдик. Унинг айтишича, давлат бюджетидан ушбу мақсадларга, яъни ҳокимиятлар томонидан бериладиган қимматбаҳо совғалар ва машиналар учун ҳеч қандай маблағ ажратилмайди.

«Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бюджетдан ташқари жамғарма (фонд) мавжуд. Бундан ташқари, ҳар кварталда прогноздан ортиқ тушган маблағ бўлса, ҳокимликлар мазкур тушумларни ўзлари зарур мақсадларга йўналтириш имкониятига эга. Лекин шундай бўлса-да, ҳар бир сарф-харажат учун Ҳисоб палатаси олдида албатта, ҳисобот беришади. Агарда бу каби харажатлар ҳомийлар ихтиёри билан қилинса, бунга ҳокимлик органларининг ўзи масъул ҳисобланади.

Туманлар бюджетида шаклланган қўшимча маблағларнинг 10 фоизини аҳолининг ўзи ҳам қаерга йўналтириш борасида овоз бериб, бу жараёнда иштирок этишлари мумкин», - дейди Дилдора Жўраева.

P/S: Кўпчиликни қизиқтирган саволларга ҳокимлик вакиллари берган юқоридаги жавоблар қанчалик рост ёхуд тўқима экани бизга қоронғи. Агар чиндан ҳам совғалар ва автомобиллар кластер корхона раҳбарлари маблағи эвазига ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан олинаётган бўлса, бу каби хабарларни оммага овоза қилаётган ҳокимликларнинг матбуот хизмати масъуллари янада синчков бўлишлари зарур. Чунки ОАВда тарқалаётган ахборотларда кластер корхоналари ва уларнинг саховатпеша раҳбарлари номи ёзилмай, аксинча, «ҳокимнинг совғаси» сифатида талқин қилиниб, ҳокимлар «сахий қаҳрамон» сифатида кўрсатилмоқда. Бу эса кенг жамоатчиликда турли шубҳа ва саволларни туғдиряпти.

Миролим ИСАЖОНОВ,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид