Иқтисодиёт | 11:40 / 14.10.2019
28232
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ: энди санъаткорлардан бошқача тартибда солиқ ундириш режалаштирилмоқда

Бугун, 14 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир давомида санъаткорларнинг солиққа тортилиши тартиби, бу борада режалаштирилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўралди.

Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Исмоилов бу борада изоҳ берди.

«Санъаткорлар ва хонандалар шу пайтга қадар ҳам маълум тўловлар тўлашган ва тўлаб келишмоқда. Улар «Ўзбекконцерт» бирлашмаси томонидан лицензия олишади. Бу лицензиялар санъаткорлар рейтингига қараб турли тоифада берилади. Ўша лицензия муддатига кўра (3, 6, 9 ой ёки 1 йил) махсус йиғим ундирилади ва унинг маълум бир қисми бюджетга тушади. Ундан ташқари лицензиясининг амал қилиш муддатида ҳар ойда ЭКИҲ базавий миқдори даражасида ягона ижтимоий тўлов ҳам тўлашади.

Лекин 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб санъаткорлардан янгича тартибда солиқ ундириш режалаштирилмоқда. Унга кўра хонандалар топган даромадлари бўйича декларация тўлдириб, даромад солиғи тўлаши кутилмоқда. Йил якунига кўра эса апрель ойида йиллик декларация тўлдирилади ва умумий ҳисоб-китоб қилинади.

Энди «Уларнинг даромадларини қаердан биламиз?», деган савол туғилиши табиий. Янги талабларга кўра, тўйхоналар (тўй эгаси эмас) ташриф буюрувчи хонандалар билан расмий шартнома тузади ва унда кўрсатиладиган хизмат ҳақи ҳам кўрсатилади. Солиқ органлари эса бу шартномалар ҳақида маълумот тўплаб боришади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид